Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:53

Ўзбекистон матбуоти Миср исëни ҳақида сукут сақлаëтир


Ҳусни Муборакка отилаëтган пойабзал¸ ўзбек оммавий ахборот воситалари учун номақбул деб топилмоқда.
Ҳусни Муборакка отилаëтган пойабзал¸ ўзбек оммавий ахборот воситалари учун номақбул деб топилмоқда.

"Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ва интернетда "Миср" сўзи тақиқлаб қўйилди. "Египет" сўзига излов берилганида интернет сервислар "Жорий қонун, қоида ва сиёсатга биноан излов натижалари кўрсатилмайди" деган хабар чиқаяпти". Бу - сайтимизга 29 январ куни келган рус тилидаги бир шарҳнинг таржимаси.


Аввало, шуни айтиш керакки, аноним муштарий қолдирган шарҳда фавқулодда янгилик йўқ.

Мустақил Ўзбекистонда совет давридаги каби халқнинг асабларини фавқулодда эҳтиётлайдилар: бошқа юртлардаги ғалаёнлар тўғрисида гапирмайдилар.

Лекин Ўзбекистон маъмурлари Миср масаласида интернетни "жиловлаган"га ўхшамайди.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Сид Янишев Тошкентда яшайди. Боғланганимизда, у интернетда ўтирган экан.

- "Чет элдаги бир дўстим бугун эрталаб Сизларга келган шарҳдагига ўхшаш гапни ёзиб, мендан "шу тўғрими", деб сўрабди. Мен дарҳол "Египет" сўзини Яндекс, Рамблер, Googleда териб кўрдим ва ўша заҳотиёқ Мисрга оид барча янгиликларни ўқий олдим, деб хабар қилди Сид.

Абдусалом Эргашев Фарғонада яшайди. Унинг ҳам интернетдан фойдаланиш имкони бор. Абдусалом ака ҳам Мисрга оид янгиликларни тармоқдан ўқий билган. Ҳар ҳолда бу кечаги гап.

Озодлик: Мисрдаги вазият тўғрисидаги хабарларни охирги марта қачон ўқидингиз интернетда?

- Охирги марта кеча кечқурун ўқидим. Чунки бугун ўқишга имкон бўлмади. Миср, Тунис, Ямандаги халқ қўзғолонлари ҳақида ҳамма ахборотларни бемалол кириб ўқияпман. Ҳеч қанақа тўсиққа дуч келганим йўқ.

Озодлик: Демак, Миср ҳақида хабар бераëтган сайтлар Ўзбекистонда блок қилинмаган.

- Мен блок қилинганини учратмадим. Мен ўқийдиган сайтларда ўша ахборотлар бемалол очилаяпти, дейди фарғоналик Абдусалом Эргашев.

Сайтимизда шарҳ қолдирган муштарий ёки Сид Янишевнинг дўсти "Миср мавзуидаги интернетдаги хабарлар Ўзбекистонда блок қилинмоқда", дер эканлар бу гапни айтишга уларнинг "тарихий" асоси бор.

Абдусалом Эргашев айтган мана бу гапни ўзбекистонликлар бир неча йилдан бери билади.

- Кўп мақолаларга шунақа блок қўйилади. Ўша мақолани чақирсангиз, унинг ўрнига бошқа нималар чиқиш ҳолатлари бор, дейди Абдусалом Эргашев.

Демак, мисрликлар ёки тунисликлар исёни тўғрисидаги хабарларни ўзбекистонликлар интернетда ўқиши мумкин. Ҳар ҳолда ҳозирча шундай.

Лекин ўзбекистонликларнинг информацияни маҳаллий ТВ ва газеталардан оладиганлари дунёда нима бўлаётганидан бехабар.

Сид Янишевнинг хабар қилишича,

- "Вечерний Ташкент" газетасининг бугунги (31 январ) сонида Мисрдаги воқеалар битта жумладагина – "Мисрда фалон нарса бўлди", деган мазмунда берилган, холос. Ҳеч қанақа тафсилот йўқ. Мустақил, деб аталадиган "Новости Узбекистана" газетасида чоғроқ информация берилди. "Халқ сўзи", "Народное слово" каби бошқа ҳукумат газеталари Миср тўғрисида лом-мим демаяпти, деб хабар қилди тошкентлик журналист Сид Янишев.

Ўзбекистонда кўпчилик интернетдан фойдалана олмайди. Маҳаллий газеталар дунёда нима бўлаётганини (ҳар ҳолда Мисрдагига ўхшаш воқеаларни) ёзмайди. Маҳаллий телевидениелар ер юзида Ўзбекистондан бошқа юртлар ҳам борлигини ўша бошқа юртларда сув тошиб кетса, ер қимирлаб кетса эслайди. Лекин шунга қарамай, ўзбекистонликлар дунёдан хабардор. Чунки, дейди Абдусалом Эргашев.

- НТВ+, Европа+, Ямал ТВ, ундан кейин кўпроқ бизнинг уйдагилар ТуркСАТни нима қилишади. Асосан туркча нима қилинади. Кўп ахборотларни биз Туркия орқали оламиз.

Озодлик: Хабарларни бошқа алтернатив манбадан оладиган сизникига ўхшаган оилалар кўпми?

- Кўп ҳозир. Жуда кўпайиб кетган. Тарелкаси йўқ томлар камайиб кетди Ўзбекистонда. Ҳамманинг томида тарелка бор. Айниқса¸ Озодликни сунъий йўлдош орқали эшитиш мумкин бўлгандан бери жуда кўпчилик ўрнатиб юборган. Мен билган одамлар кўпроқ ТуркСАТ тарелкасини қўяди, дейди
Фарғонадан Абдусалом Эргашев.

Шу ўринда тарихий факт сифатида айтиладиган бир гап эсимга тушиб кетди.

Биринчи жаҳон уруши бошлангани тўғрисидаги хабар Туркистонга 6 ойда етиб келган эди.

Ўзбекистоннинг информацион сиёсатини белгилайдиганлар мамлакат ичкарисида ҳамда чет элларда кечаётган воқеа-ҳодисалар тўғрисида ўз вақтида хабар бериш, ўша хабарлар ортидаги моҳиятни таҳлил қилиш ўрнига ўзларини ҳануз 11 йилдамиз, деб ўйлашади шекилли. 1911 йилда.
XS
SM
MD
LG