Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:49

Ариқ ҳатлаган келинлар ёхуд мардикор авлод қизлари


Ўзбек жамиятида¸ оддий аëлларнинг айтишича¸ қизларнинг бокира бўлиб турмушга чиқаëтганига нисбатан шубҳалар кучайиб бормоқда.
Ўзбек жамиятида¸ оддий аëлларнинг айтишича¸ қизларнинг бокира бўлиб турмушга чиқаëтганига нисбатан шубҳалар кучайиб бормоқда.

Озодликка сим қоққан андижонликлардан бири “Кейинги пайтда иффатига ишончсизлик боис келинчакларни тўй куни ариқдан ҳатлатишаётгани дилимни оғритяпти”, деди. Бу ҳақда сўзлаган андижонлик аёллар қизларнинг мажбурлаб турмушга берилаётгани ва бу мусулмонликка тақалаётгани ҳақида сўзладилар.


Милиция сержанти: Ҳар 100 хонадондан 10 тасида фаҳш бор

Ўзбекистонлик оддий аҳоли вакилларининг шу каби мулоҳазалари ортидан “Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг бугунги сонида Ўзбекистонда ёш қизларнинг иффати теграсидаги баҳслар ва никоҳдаги мажбурлаш билан боғлиқ ҳолатларни ёритишга уриндик.

Дастлаб, янги келинчаклар ариқдан ҳатлатилганидан дили оғриганини айтган андижонлик суҳбатдошга қулоқ тутсак.

У киши милиционер – шу кунларда Андижон вилоятида ишлаётган милиция сержанти. Шу боис шахсига оид маълумотларни ошкор қилмаслигимизни сўраган.

- Яқинда битта нарсани эшитдимки, келин эрга тегади-а? Эрга теккандан кейин келинга ишонмаганлар қизни каттароқ ариқдан сакратиб кўриб, қандайдир машқлар қилдириб кўриб, келиннинг бокиралигини аниқлашмоқчи бўлишаяпти экан. Мен шу нарсани эшитиб жуда виждоним қийналди. Шу даражада бўлиб қолдида аëллар. Медицина аралашди бу нарсага. Резки движение қилса, билиниб қоларканда. Тушунаяпсизми менинг гапимни? Шу нарсани эшитиб ҳайрон қолдим. Бизнинг қизларга, бизнинг аëлларга умуман ишонч қолмабди. Бу кетишда биз қаерга борамиз, дейди Андижон вилоятида ишлаётган милиция сержанти.

Бу кишининг айтишича, кейинги йилларда хато йўлга кирган қизлар сони ортмоқда ва бунга эркаклари худди урушга кетгандек, ёппасига мардикорликка кетган ва фақат кексалар ҳамда ёш болалари бор аёллар қолган маҳаллаларда фаҳшнинг кўпаяётгани сабаб бўлмоқда.

- Жуда ҳам кўпайиб кетдида. Ўзбекистонда кўпайиб кетди. 100та хонадон деб билсак, шундан менинг тахминим, менинг билишимча, ошкора фоҳишалигини бўйнига олиб ошкора иш қилаëтганлар 10-15тага тўғри келаяпти. Ошкораси шу. 15 фоиз деган гапда энди бу. Масалан бир ойча олдин, Черëмушка деган жой бор бизда, домлар жойлашган жой бор, ўша ерда аëллар кўп. Биттаси ҳаттоки уйида очиб олибди. Аëл киши экан. Олтитамикан қиз бор экан у ерда. Фоҳиша қизларни тўплабди. Ëш қизлар, студент қизлар. Бизга кўпроқ қўнғироқ бўлади ўша одамлар тўпланаëтган пайтда. Жиноят устида ушлашимиз керакда биз. Ўша пайтда ушладик уларни. Давлатнинг қўлига бердик, судга бердик.

Озодлик: Мижозлар ҳам бормиди ўша пайтда?

- Ҳа, мижозлар ҳам бор эди. Учта эркак, учта аëл иш пайтида ушланди. Олиб келамиз, тилхатини оламиз, судга чиқарамиз. Судда нима дейилаяпти? Судда тўртта гувоҳ қатнашаяпти. “Ҳақиқатан ҳам уйидан Фалончиев Пистончижон хотинини ушлаб олди. 18 яшар боласи гувоҳлик берди, уйимизда онамизни ушлаб олдик", деса ҳам, тўртта боласи бор эди, катта ўғил отада қолди, учта ўғил онада қолди. Уй-жой ҳаммаси, тўртдан уч қисми онага ўтиб кетди. У хотин у эрдан чиқиб бошқага эрга тегаяпти ва яна ўша ишини давом эттиряпти. Мен айтаяпман уларга қонунга жиддий жазо қўллайдиган модда киритиш керак, дейди Марҳаматда милиция сержанти бўлиб ишлаётган ва Озодликка ўзи боғланиб, ўз туманидаги ёш қизларнинг иффатига ишончсизлик кучаётгани ҳақида сўзлаган тингловчи.

Милиция сержанти ота-онаси мардикорликка кетган ва қаровсиз қолган ўсмир қизларнинг йўлдан чиқишига сабаб, деб бугунги кунда кенгайиб кетаётган фаҳшни тилга олмоқда ва бу иш билан шуғулланган, айниқса, бу ишга ўсмир қизларни жалб қилаётган шахсларга маъмурий эмас, жиноий жавобгарлик белгиланиши тарафдори эканини сўзлайди.

Шу ўринда кичик эслатма: Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 131 моддасида милиция сержанти тилга олган фаолият “Фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш” сарлавҳаси остида умумлаштирилган ва бу ерда фоҳишахона очиш ёки сақлаш ҳамда бу ишга вояга етмаган шахсларни жалб қилишга жазо белгиланган.

Бу энг кам иш ҳақининг 25 баробаридан олти ойгача қамоқ ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосидир.

Марҳаматлик милиция сержанти аксар ҳолларда бундай фаолият билан шуғулланган ёки қўшмачилик қилган шахслар қўлга олинганида такрор ва такрор жарима солиниши ҳамда аксарият ҳолларда пора билан иш ёпилишини тан олди.

Бу мавзу юзасидан кичик эслатма эди. Яна асосий мавзуга қайтамиз.


Ҳамшира: Бокиралик масаласи қизларнинг шахсий иши

Биз андижонлик милиционер мулоҳазалари ортидан андижонлик тиббиёт ходими бўлган икки аёл билан суҳбатлашдик.

Ҳар икки суҳбатдошимиз марҳаматлик милиционер сўзларида асос бор, деган фикрни билдирди.

Аммо улар, бундан хавотирланиш ва бу борада кишиларнинг шахсий ҳаётига аралашишга асос йўқ, деб ҳисобламоқда.

Жумладан, андижонлик ҳамшира Саодат, дастлаб, келинларни ариқдан ҳатлатиш тажрибасига тўхталар экан, буни маҳаллий аёлларнинг омилиги, деб изоҳлади.

Саодат кайвони аёллар қўллаётган йўл билан келинчакнинг бокиралиги амалиёт натижасида тикланган ёҳуд тикланмаганини аниқлаб бўлмайди, деб ҳисоблайди.

- Менинг билишимча, бу билан билиш мумкин эмас. Келинни ариқдан сакратадими-сакратмайдими бу нарса иш бермайдиган ҳолат. Кейин нима дейди, оми аëлларнинг қилаëтган ҳаракатида бу. Агар ариқдан сакратиб бир нарсани биламан деса, бу аëллар адашади. Ҳеч нарсани билишолмайди. Улар ўйлашим бўйича ҳомиладорликни биламиз деб қилишади. Агар ҳомиласи бўлса, ариқдан сакратганда тушиб кетармикан йўқмикан, қон кетармикан деган хулосани ўйлашаëтган бўлса керак холос.

Озодлик: Тўғри бу бир тарафдан кулгили ҳолат. Мен бошқа нарса сўрамоқчи эдим. Бу хавотирларга шунчалик асос борми?

- Йўқ эмас, бор. Лекин бу дегани жамиятда аëлларга, қизларга ишонч бутунлай йўқолиб бораяпти дегани эмас, дейди Саодат.

Саодат қизларнинг бокиралигини тиклаш бўйича тиббий амалиётга талабалик кезларида тасодифан гувоҳ бўлгани ва тиббиёт ходими сифатида қизларнинг бундай қарори ўзбек жамиятида қораланишига қарши эканини айтади.

- Аслида бу ҳолат, нима дейди, медицинский сир ҳисобланади. Гиппократ қасамини ичган ҳар бир гинеколог, хотин-қизлар врачи бу нарсани айтишга ҳаққи йўқ. Лекин бу нарса бор. Масалан кўрганмиз бу нарсаларни, устида турганмиз шу нарсаларнинг. Аборт деб айтишган ўша пайтда, лекин аборт бўлмаган. Фарғоналик битта қизни тўйи куни олиб келишган, тикишган. Лекин икки-уч йилдан бери бу ҳақдаги кураш ниҳоятда чуқур олиб борилаяпти.

Озодлик: Менимча, ҳозир кураш абортга қарши кетаяпти асосан.

- Йўқ, абортга ҳам, унга ҳам. Лекин бунақа амалиётлар йўқ эмас, бор, дейди Саодат.

Саодат ўзбек жамиятидаги миллий-исломий менталитет ва тобора бугунги замонга мослашиб бораётган янги қадриятлар ўртасида оғир зиддият борлигини ҳамда мусулмон бўлгани боис бу зиддият қаршисида ўзи ҳам ожизлигини айтади.

Аммо, у ҳам охир-оқибат қизлардан то турмушга қадар бокиралигини сақлаш талаб қилиниши ва бу масалага атрофдаги жамоатчиликнинг аралашуви пировардида ўзини оқлайди, деб ҳисоблашини айтади.

“Аммо, бу аралашув ёш қизларнинг шахсий ҳаётига зўрлик билан аралашиш бўлиши керакмас, балки ижтимоий ҳимоя ва маҳалла-куй назорати билан бўлиши керак", дейди хулоса ўрнида Саодат.


Насиба Ҳакимова: Мардикор ота-она фарзанддаги ҳаққини йўқотмоқда

Андижонлик ҳамшира Саодат каби фикрлайдиган аёлларнинг фикрлари кўп ҳолларида ўз ҳамфирклари доирасидан четга чиқмайди.

Уйидаги бўз йигитни уйлантиришни истаган оилалар азалий-абадий одатлар ва мусулмончилик қоидалари, дея талқин қилинадиган тушунчалар доирасида ҳаракатланаверади.

Андижонлик навбатдаги суҳбатдошимиз Насиба Ҳакимова яқинда ўз қариндошларидан бирининг оиласига тушган ёшгина келинчак теграсидаги можарога гувоҳ бўлганини сўзлайди.

Тўй икки томоннинг бир-биридан кўнглини совутадиган иш билан бошланди, дейди Насиба опа.

- Шунақа гап чиққандан кейин, фалончанинг қизи эди, деб айтилгандан кейин ...

Озодлик: Фалончининг қизини номусига тегиб қўйибди, деган гап чиқдими?

- Ҳа. Шунда уйланишга энди мажбур бўладида. У қизни ташлаб кета олмайдию. Ташлаб кетган ҳоллар ҳам бўлаëтгандир. Билмадим. Эшитганим йўқ. Лекин бу қизни олиб берди нималар. У қиз энди 16га кираяпти экан. Бола ҳали 20га ҳам киргани йўқ. Мажбурий турмуш бўлиб қолдида.

Озодлик: Демак, шунақа ҳолатларда икки ëшни мажбурлаб оила қурдираяпти.

- Ҳа. Бўлмаса судга бераман, менинг боламни нима қилибсан дейди. Лекин менинг фикримча, битта ëки иккита фарзандли бўлгандан кейин, ҳалиги бола ҳам ëш, у ҳам ëш, вақт ўтиб ақли, фаросати озгина ўсгандае кейин характери бир-бирига тўғри келмай қолиб, ажрашиб, етим болалар кўпаяяпти, дейди Насиба Ҳакимова.

Насиба Ҳакимова ўзи яшайдиган, тахминан 10 минг аҳолиси бўлган кичиккина қишлоқ мисолида икки ой муқаддам эшитгани бир ҳолатни тилга олди.

Қишлоқда 12 нафар номусини йўқотган қиз борлиги аниқланган ва бу масала бу қизлар таҳсил оладиган коллеж йиғилишида муҳокама этилган.

- Ëш қизлар, коллежда ўқийдиган қизлар бузилиб қолиб, шунга чора кўришаяпти экан. Маҳалла комитетларидан, у ëқдан, бу ëқдан одоб доирасида шунақа нарсалар бўлаяптида.

Озодлик: Муҳокама қилинаяптими?

- Муҳокама қилинадида.

Озодлик: Энди бу ëш бўлса ҳам ўзининг шахсий ҳаëти-ку.

- Дейлик, шу бола ҳам шунақа қилиб қўйиб олмай қўйдиа? Қолиб кетди ҳалиги қиз-а? Бир умрга қолиб кетади ўша бўйича. Кейин бунақа ёмон ишлар кўпайиб кетиши мумкин. Ота-она узкий кругда аралашиб шуни нима қилгани яхши, дейди Насиба Ҳакимова.

Насиба Ҳакимова – қизларнинг номуси масаласи уларнинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ бўлган хос масала, деган фикрни мутлақо қувватламаслигини айтади.

Аёл кишининг номуси ва иффатининг сақланиши Ислом динига эътиқод қилиб яшайдиган жамиятларда ижтимоий ахлоқ ва тартиб нормаларини сақлаб турувчи муҳим омиллардан бири эканига бу оддийгина уй бекасининг ишончи комил.

Аммо, бугунги ўзбек жамияти ёш-ёш қизлар ва йигитлардан бу қадар оғир вазифа – яъни, миллатнинг ор-номуси, қадр-қимматини сақлашни талаб қилишга тобора ҳақсиз бўлиб бораётганини айтади бу сўзларини давом эттириб.

- Дадалари энди Россияга кетади ишлагани. Пул топиш учун эркакларимиз мажбур чиқиб кетаяпти. Шунақа қилиб тирикчилик қилишаяптида. Бу ерда оилада фарзандларга эътибор камда. Фақат бизда қорнини тўйғизишу устини бут қилишдан бошқа ташвиш қолгани йўқ, дейди Насиба Ҳакимова.

Андижонлик суҳбатдошимиз Насиба Ҳакимова ўзининг кўпчилик эркак қариндошлари меҳнат мардикори бўлиб Россияга кетганини айтар экан, ҳар йили куз-қиш ойларида ишдан қайтган қариндошлари шошилинч равишда тўй қилганига кўп бор гувоҳ бўлган.

Андижонлик уй бекаси шу кунларда ота-оналарининг қайғуси ўғил-қизларни тезроқ уйлантириш ва узатиш бўлиб қолгани, чунки, худди шу номус масаласидан хавотир тирикчилик учун бўй етган болаларини ташлаб кетишга мажбур оилаларнинг асосий хавотирига айланиб қолганини айтади.

- Бундан бошқача бўлиши мумкинмас, чунки, битта болага етти маҳалла ота-она, деган гап бор. Битта қизни номуси, хоҳласазам-хоҳламасезам унинг маҳалласини номусида. Тўғри, ҳозир маҳалла-кўйниям унча иши бўлмай қолди-ю, лекин бу яхшимас. Ота-бобомиз ушлаб келган тутумни ушлаб туришимиз керак, бўлмаса, ҳаёт остин-устун бўлиб кетади, дейди Насиба Ҳакимова.


Обид қори Назаров: Никоҳда мажбурлаш йўқ

Ота, баъзи оилаларда эса ҳам ота, ҳам она сўнгги 5-6 йилдан буён Россия ёҳуд бошқа давлатларда мардикор.

Буви-бобо ёки қўни-қўшнига омонат қолдирилган йигит-қизларни 18-20 ёш, ҳатто, 15 ёшидан оилали қилиб қўйишга мажбурлаётган омилни суҳбатдошларимиз қиз бола номусининг омонат бўлиб қолгани билан боғламоқдалар.

Қиз боланинг номусига қўйилган қўриқни эса йиллар давомида эътиқод қилиб келинган мусулмончилик билан боғлайдилар.

Насиба опа Ҳакимова тилга олган мажбурий никоҳлар ва марҳаматлик милиция сержанти сўзлаган ариқ ҳатлаган келинлар ҳақида эшитганларимиздан сўнг – аслида бундай ҳолатда Исломнинг ҳукми қандай, деган одатий савол билан яна уламога юзланиш зарурати туғилди.

Обид қори Назаров саволларимизга жавоб берди.

Қуйида ана шу суҳбатни тинглашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG