Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:45

Ислом Каримов Брюсселга кетди


Бугун Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Брюссел ташрифи бошланди. Сафар чоғида ЕИ ва НАТО расмийлари билан музокаралар ўтказадиган президент Каримовнинг журналистлар билан учрашмаслиги айтилмоқда.

Якшанбада Белгияга учиб кетган Ислом Каримовнинг 24 январ куни қирол Алберт II қабулида бўлиши, Еврокомиссия раҳбари Жозе Мануэл Баррозо ва ЕИнинг энергетика бўйича комиссари Гюнтер Эттингер билан музокара ўтказиши ҳамда НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссен учрашиши кутилмоқда.

Таҳлилчилар Каримов Баррозо билан асосан Европадаги энергетика хавфсизлиги, Рамуссен билан эса Афғонистондаги НАТО қўшинлари таъминоти йўналишлари ҳақида музокара ўтказади, деган фикрдалар.

Ўзбекистон расмий нашрлари президент Ислом Каримовнинг Белгияга Еврокомиссия раҳбари Жозе Мануэл Баррозо таклифи билан кетганини ёзсалар, Баррозонинг матбуот котиби Майкл Карнитшниг Ислом Каримовни Брюсселга таклиф қилиш Европа Иттифоқининг эмас, балки НАТО ташаббуси эканини айтмоқда.

Каримовнинг Еврокомиссиядаги учрашуви тушки соат 13.00 га, НАТО штаб-квартирасига ташрифи эса тушдан кейинга белгиланган, бироқ бу маросимда журналистлар иштирок этиши кўзда тутилмаган.

Афтидан, Каримовнинг Брюссел ташрифи кун тартибини тузганлар уни журналистларнинг 2005 йилги Андижон воқеалари борасидаги ноқулай саволларидан иҳоталашни мақсад қилганга ўхшайдилар. Айни пайтда Ислом Каримов ҳам Белгия сафари олдидан бу каби саволларга ўзида жавоб тайёр эканини намойиш қилиб қўйди. Хусусан, 21 январ куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида сўзлаган президент Каримов Андижон воқеаларини тилга олди ва унинг айбдорлари сифатида маҳаллий раҳбарларни қоралади.

Ислом Каримовнинг жума кунги: “Андижон раҳбарлари қандайдир бемаза ишларга берилиб, ўзини йўқотиб, бепарво бўлиб, ҳаром ишларга берилиб кетганлари шунча одамларни хароб қилди”, деган сўзлари кузатувчилар томонидан бу борадаги муҳтамал саволларга жавоб ўлароқ қабул қилинмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон раҳбарининг Брюсселга ташрифи халқаро ҳамжамиятни бефарқ қолдиргани йўқ. Каримовнинг Белгия сафари арафасида қатор халқаро ташкилотлар Европа Иттифоқи комиссияси президенти Жозе Мануэл Баррозога танқидий фикрлар битилган махсус мактублари билан мурожаат қилдилар. Халқаро Амнистия, Ҳюман Райтс Уотч, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Чегарасиз мухбирлар, Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи, европалик қатор депутатлар, энг аввало, Европа парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзолари шулар жумласидандир.

Аснода Европа Иттифоқи расмийлари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ўнгланишига эришиш мақсадида президент Каримовга босим ўтказишни режалаётганлари ҳақида баёнот тарқатдилар. ЕИ вакили Оливье Байи инсон ҳақларига риоя қилиниши масаласи Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Еврокомиссия раҳбари Жозе Мануэл Баррозо музокараларининг асосий банди бўлиши ҳақида маълум қилди.

Европа Комиссияси раҳбари матбуот хизматининг маълум қилишича, Каримовнинг Брюссел сафари доирасида бирор-бир соҳада конкрет битим имзоланиши кўзда тутилмаган.
XS
SM
MD
LG