Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:35

Юзлаб қорасувлик расмийлар ваъдаси билан тарқалди


18 январ куни ҳибсга олинган Рашод қори Камолов ва шу кунларда ҳибсга олинаётган бошқа ўзбекларнинг озод этилишини талаб қилиб Қирғизистон жанубидаги Қорасув шаҳри марказида йиғилган 600га яқин одам ҳибсдагилардан бири озод этилгани ва қолганлари ҳам озод этилиши ваъда қилинганидан сўнг тарқалди.


23 январ куни тонгда Озодликка боғланган бир неча қорасувликлардан бири Яҳёбек Умурзоқов пешин намозидан сўнг бир соат ичида 400 га яқин одам Рашод қори Камолов имомлик қилиб келган Ас-Сарахсий жомеъ масжиди ёнига йиғилганини хабар қилди.

Унинг сўзларига кўра, бундан мақсад шу кеча-кундузларда Ўш вилояти хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қорасувлик ўзбекларнинг ҳибс этилаётганига чек қўйиш ва ҳамда беш кундан буён ҳибсда қолаётган Рашод қори Камоловнинг озодлигини талаб қилиш бўлган.

Яҳёбек Умурзоқов ва яна икки қорасувлик суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, сўнгги бир неча кун ичида қорасувлик тўрт ўзбек ҳибсга олинган ва уларни ҳибсга олиш чоғида хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан уларнинг уйларига махсус равишда ўқ, варақа ташлаш ҳоллари кузатилган.

- Бугун саҳарда олиб кетилган биродарнинг уйига 23 та ўқ қўйишаётган пайтда биродарнинг аёли кўриб қолиб, қаршилик қилган. Аммо, шунда ҳам буни нима қилмасдан, қўрқитиб, ҳатто, оқсоқолларни турткилаб ота-болани олиб кетишди.

Озодлик: Ўқ ташлаб қўйилганига ишончингиз комилми? Балки ростдан ўқ топилгандир?

- Ишончим комил, юз фоиз комил, мен Қорасув фуқаросиман, вазиятни биламан. Мана ён қўшнилари ҳам гувоҳлик беряпти. Шавкатжон ака, деган биродаримиз эди. Фамилиясини билмайман. Уч-тўрт кун олдин яна иккита биродарни олиб кетишган ва уларга зулм қилишган.

Озодлик:
Қанақа зулм?

- Мен биламан қанақа зулмлигини, кириб чиққанман у ерга. Бу уриш, калтаклаш, шунақа ишлар қилишади. Бу ерга йиғилишликдан мақсад, мана Муҳаммадрафиқ қори аканинг ўғли Рашодхон қори ҳам ҳам 5 кундан бери дом-дараксиз йўқ. Бу ерга йиғилган мусулмонлар ўз биродарларининг озод қилиниши ва бунақа зулмларнинг қайтарилмаслигини талаб қилиш мақсадида йиғилди. То булар озод этилмагунча йиғилишни давом эттираверамиз, деган эди қорасувлик Яҳёбек Умурзоқов куннинг биринчи ярмидаги суҳбатимиз чоғида.

Шу ўринда қўшимча қилиш жоиз, қирғиз матбуотида ҳам Қорасув шаҳрида бир неча киши ҳибсга олингани ҳақида хабарлар берилди.

Хабарларга кўра, 3 киши хавфсизлик кучлари махсус амалиёти чоғида “Ҳизбут Таҳрир” партиясига алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган. Қидирув чоғида уларнинг уйларидан дисклар, китоблар ва варақалар топилган.

Озодлик мана шу хабарлар ортидан куннинг иккинчи ярмида Яҳёбек Умурзоқов билан яна боғланганида у пешин ва аср намозлари оралиғида Рашод қори Камолов имомлик қилиб келган жомеъ масжиди ёнига 600 га яқин одам йиғилганини айтди.

- Асрга яқин йиғилганлар ёнига Қорасув шаҳар Ички ишлар бўлими раҳбари ўринбосари, участка нозири ва маҳалла депутатлари келган. Қўлга олинган ота-болалар ҳақида гапирди. Депутатлардан бири қўлга олинган ўғил чиқарилганини айтди. Отасини эртага чиқаришини айтди.

Озодлик: Яъни, 24 январ куни чиқаришини айтди?

- Ҳа, шунақа дейишди.

Озодлик: Рашод қори Камоловни қачон озод қилишар экан? Бу ҳақда гап бўлдими?

-Йўқ, бу ҳақда гапиришмади. Ариза ёзиб, Қорасув шаҳар ҳокимиятига боринглар, деди. Энди биз биродарларни озод қилиш бўйича уларни кутамиз. Агар икки–уч ичида озод қилишмаса, Рашод қори аканиям чиқаришмаса, кейин шаҳар ҳокимиятига борамиз. Ҳамма қорасувликлар ўша ерда йиғиламиз, дейди қорасувлик суҳбатдош Яҳёбек Умурзоқов.

Эслатиб ўтамиз, Қорасувдаги жомеъ масжиди имом-хатиби Рашод қори Камолов 18 январ куни ҳибсга олинган эди. Унга Қирғизистон Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-банди (фирибгарлик) бўйича жиноят иши очилгани маълум қилинган.

Қорасув шаҳридаги марказий Ас-Сарахсий жоме масжидининг ёши 35 га кетаётган имом-хатиби Рашод қори Камолов 2010 йилнинг 12 июлида ҳам қўлга олинган, Қорасув шаҳар ички ишлар бўлимида бир неча соат ушлаб турилган ва уни озод қилишни талаб қилган қорасувликларнинг стихияли митингига бир неча минг киши йиғилгач, қўйиб юборилган эди.

Ўшанда Рашод қори Камолов ўзи ва Фарғона водийсида танилган яна бир имом Алоуддин Мансур ўз масжидларида қурол тарқатганлик ҳамда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, Исломий Жиҳод Иттиҳоди каби ҳаракатларга алоқадорликда айблангани ҳақида Озодликка интервью берган эди.
XS
SM
MD
LG