Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:22

Рашод қори Камолов ҳибсга олинди


Рашод қори икки йил аввал берилган ариза бўйича ҳибсга олиниб, тергов қилинаётгани маълум бўлди.
Рашод қори икки йил аввал берилган ариза бўйича ҳибсга олиниб, тергов қилинаётгани маълум бўлди.

Ўш вилоятидаги Қорасув шаҳри имом хатиби Рашод қори Камолов 18 январ куни эрталаб Бишкек шаҳри аэропортида қўлга олингани тўғрисидаги хабар расман тасдиқланди. Лекин имомнинг қаерда эканлиги номаълум қолмоқда. Рашод қори 2006 йилнинг августида ўлдирилган Рафиқ қори Камоловнинг ўғлидир.



Рашод қори Камоловнинг 18 январ куни қўлга олинганини Манас аэропортидаги милиция бўлими ходими расман тасдиқлади. Ундан олинган маълумотни эшиттиришга қўйиш олдидан кечадан бери бўлаётган гапларни айтиб қўйиш зарурати бор.

Рашод қорининг қўлга олингани тўғрисида 18 январ куни иккита манбадан олинган маълумотга таяниб хабар бердик.

Биринчи манба - қорининг укаси Рашидхон Камолов 18 январ куни мана бундай хабар қилган эди.

- Соат саккиздаги биринчи рейсда Ўшга учмоқчи бўлиб Бишкек аэропортига борганида, биз бу ëқда кутиб олмоқчи эдик, эшитишимизча, у ëқда биринчи рейсда учирмасдан олишибди, деган эди Рашидхон Камолов.

Бу маълумотни 18 январ куни қорасувлик бошқа бир мустақил манба ҳам тасдиқлаганди-ки, воқеа тўғрисида Сиз тингловчига хабар етказдик.

Бироқ орадан кўп ўтмай, 18 январ куни кечқурун Рашидхон Камоловдан мана бу электрон мактуб келди.

Рашод қори Камоловнинг укаси бўламан, акам Бишкекда ошнасининг уйида ўтирибди экан, бизга нотўғри информация келган экан.

Бу хатни олгач, мухбиримиз Рашидхон билан боғланди. У мактубдаги гапни тасдиқлади. Лекин "чайналди" бироқ акасининг иккита телефонини берди. Биринчи телефонга ҳеч ким жавоб бермади.

Иккинчи телефонни очган ва ўзини Муҳиддин, деб таништирган йигит "Рашод қори ГОВДда", деди. (Барча мулоқотларнинг аудиоёзувлари бор)

Лекин, мухбимиримиз "укаси "қўлга олинмаган" деяпти-ку", деганидан кейин, Муҳиддин ҳам "чайналиш"ни бошлади.

Хуллас, Рашод қорининг қўлга олингани тўғрисидаги дастлабки аниқ хабар кечқурунга бориб ўта мужмал бир миш-мишга айланиб кетди.

Бишкек маъмурларидан маълумот олишнинг 18 январ куни иложи бўлмади ва мухбиримиз бу ишни 19 январ куни эрталаб уддалади.

Эътиборингизга Манас аэропортидаги милиция бўлими ходими Алтин Ишенбеков билан рус тилида бўлиб ўтган мулоқотни ҳавола қиламиз.

- Как говорите фамилия?

Озодлик: Камолов, Рашод Камолов.

- Камолов Рашод Мухамадрафикович, да?

Озодлик: Да.

- Ошская область, город Карасу, улица Нурахунов 415, да?

Озодлик: Да.

- Он оказывается был в розыске по стате 166, часть вторая. Обратитесь в Свердловский РОВД, пожалуйста. Здесь у нас, он вчера получается, 7.40 утра он должен оказывается был вилетить.

Озодлик: Он один был задержан или несколько человек?

- Вот здесь наши задержали, передали в Свердловский РОВД. Суваналиеву Султану.

Манас аэропортидаги милиция бўлими ходими Алтин Ишенбеков билан суҳбат эди.

Демак, Алтин Ишенбековга кўра, Камолов Рашод Муҳаммадрафиқович 18 январ куни эрталаб қўлга олинган ва Бишкек шаҳар Свердлов туман ички ишлар бўлими ходими Султан Суваналиевнинг қўлига топширилган.

Биз тилга олинган бўлимга қўнғироқ қилдик. Биров жавоб бермагач, ички ишлар бўлимига мухбиримиз Элмурод борди.

Мана унинг айтганлари:

- Мен Свердлов РОВДсига келдим ва у ерда Сувоналиев деган зобит тезкор қидирув бўлимида ишлар экан. Мен киришимдан 10-15 дақиқа олдин Сувоналиев ўзининг гуруҳи билан тезкор бир чақирувга кетган экан. Шунинг учун уни ўз ўрнида топа олмадик. Айни пайтда Свердлов туман ички ишлар бўлимининг бошлиғи қандайдир бир йиғилишга кетган экан. Унинг ўринбосари ҳам йўқ. Навбатчи қисмда бўлса Рашод қори Камоловнинг қаерда сақланаëтгани бўйича маълумот беришдан қатъиян бош тортишди. Буни фақат Ўш билан шуғулланган Сувоналиев айта олади деган жавобни беришди, деди мухбиримиз Элмурод.

Демак, олинган жавоб мазмунига қараганда, Рашод қори Камолов Бишкек шаҳар Свердлов туман ички ишлар бўлимида сақланмоқда.

Биз Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати масъул ходими Раҳматулла Аҳмедов билан ҳам боғландик. "Хабарим йўқ, ўрганаман, кейин айтаман", деди. Ўрганиши осон бўлсин учун Манас аэропорти ходими телефонини бердик.

Бироқ жаноб Аҳмедов ваъда қилинган вақтда телефонини кўтармади. Унинг ўрнига жавоб берган ходима эса, мана бундай деди.

- Мен бирон нима дея олмайман. Фақат у (Раҳматулла Аҳмедов- таҳр.) маълумот бера олиши мумкин, деди ходима.

Қўлга олинган ҳар бир фуқаро тўғрисида вазирлик матбуот хизматида маълумот бўлавермаслиги, балки табиий кўринар.

Лекин Рашод қори Камоловнинг ҳар куни қўлга олинадиган ўнлаб оддий фуқаронинг бири эмаслиги, унинг биринчи марта қўлга олинмаётганлиги, 2010 йилнинг ёзида Қорасувда қўлга олинганида бир неча соат ичида бир неча минг киши норозилик билдириб йиғилгани ва ниҳоят унинг махсус хизматлар ходимлари томонидан ўлдирилгани айтиладиган Рафиқ қорининг ўғли эканлиги ҳисобга олинса, Свердлов туман ички ишлар бўлимининг ҳам, вазирлик матбуот хизматининг ҳам маълумот беришдан бош тортиши шубҳа уйғотади.

Айниқса, укаси Рашидхоннинг бергани рост маълумотни бир неча соат ичида ўзи инкор қилиб юборгани, 19 январ куни қўнғироқларимизга мутлақо жавоб бермагани шубҳаларимизни янада кучайтиради.

Хўш, нималар бўлаяпти Рашод қори атрофида?

Бу саволни қорининг ҳамшаҳри, таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Равшан Гапировга бердик. Унинг фикрича, саволимизга жавоб топиш учун Рашод қорининг отаси Рафиқ қори билан боғлиқ воқеаларни эслашга тўғри келади.

- Мен Рафиқ қори билан жуда қадрдон эдим. Рафиқ қори акага бўлган тазйиқ шундай бошланган. Олдин огоҳлантиришлардан, кейин туҳмат қилишлардан, унуи милицияхонага чақириб бир неча соат ушлаб туриб кейин қўйиб юбориб, ундан кейин ҳар хил гап-сўзлар юргизилган ўқ-дори чиқди бундан деб. Шунақа қилиб охири бориши отишган буни. Ўқ-дори чиқди деб эълон қилишган.

Озодлик: Ким отган?

- СНБ отган. СНБ ҳеч ким йўқ ерда, ўзи кетаëтган ерда, Ўш шаҳрининг ташқарисида отган. Унинг ичидан ўзи билан ўлган иккита нотанишлар. Қурол-яроғлар чиқди деб эълон қилишган.

Озодлик: СНБ отган деган гапингизни мен эфирга бераман.

- Рафиқ қори акани СНБ отган. Энди худди шу ҳолат ҳозир Рашодхонга бошланган. Анча бўлиб қолди бунга. Ҳозир ойлари эсимда йўқ. “Рашод қори бировлардан пул олиб ҳажга документ қилиб берди. Бошқа одамларга шерик бўлган, улар мошенниклик қилди” деган айбловлар билан тортиб кўришган чақириб. Кейин бу нарса озгина вақт ўтиб яна ўз ҳолига тинчиб кетишган, дейди Равшан Гапиров.

Манас аэропортидаги милиция бўлими ходими Алтин Ишенбековнинг айтишича, Рашод қори Камолов ҚР ЖК 166-моддаси бўйича, фирибгарликда гумон қилиниб қўлга олинган.

Рашод қори Камолов 2010 йилнинг 12 июлида ҳам қўлга олинган, Қорасув шаҳар ички ишлар бўлимида бир неча соат ушлаб турилган ва уни озод қилишни талаб қилган қорасувликларнинг стихияли митингига бир неча минг киши йиғилгач, қўйиб юборилган эди.

19 январ куни Қорасувда вазият тинч бўлди. Бироқ ўша ерлик Дилёр деган йигитнинг айтишича, “халқ жуда норози бўлиб турибди ҳозир”.

Мақоламизга сўнгги нуқтани қўямиз, деб турганимизда Қирғизистондаги норасмий манбадан яна бир маълумот олдик. Айтилишича, Рашод қори Камолов 19 январ куни кечга яқин Свердлов туман ички ишлар бўлимидан судга олиб борилган. Манбага кўра, суд уни ҳибсда сақлаб туриш ёки гаров эвазига чиқариш масаласи юзасидан қарор чиқариши керак.

Лекин бу хабар юзасидан расмий маълумот олишнинг бугунча иложи бўлмади.
XS
SM
MD
LG