Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:29

Минтақа мироблари ўзаро келишишди, аммо...


Ўтган ҳафтада Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон расмийлари сув заҳираларини бошқариш ва фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид ҳужжатни имзоладилар.

Қозоғистонда бўлиб ўтган Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссиясининг 56-йиғилишида Сирдарё сувидан фойдаланиш борасида 12 январ куни қабул қилинмиш мазкур ҳужжатга мувофиқ, Қирғизистондаги Тўқтоғул сув омбори қиш мавсумида оқизиладиган сув миқдори секундига 650 куб метрдан, Тожикистондаги Қайроққум ГЭСидан эса 1200 куб метрдан ошмаслиги лозим. Акс ҳолда, суғориш мавсумида дарё қуйисида жойлашган давлатларда сув танқислиги сезилади.

Сўғд вилояти раиси Қоҳир Расулзода ҳам бу мавзуда тўхталиб, бугунги кунда Қайроққум сув омборида йиғилган сув заҳиралари суғориш мавсумида Ўзбекистон ва Қозоғистон республикаларини керакли миқдорда сув билан таъминлашга тайёр эканлигини таъкидлади.

- Айни пайтда Қайроққум сув омборида мўлжалдаги сув заҳиралари тўпланди. Қўшниларни сув билан таъминлаш учун заҳиралар етарли эканлигини тўла ишонч билан айтишим мумкин. Қайроққум сув омборида 3,5 млрд. куб метр сув заҳиралари тўпланган, - деди вилоят раиси Расулзода.

Қайроққум ГЭСи директори Файзулло Авезов сув омборида йиғилган сув заҳиралари суғориш мавсумида Ўзбекистоннинг 300 минг гектар пахтазору экинзорлари ҳамда Қозоғистоннинг 80 минг гектар ердаги шолизорларини суғориш имконига эга эканлигини айтди ҳамда бу давлатлар Тожикистон олдидаги ўз мажбуриятларини бажаришига умид билдирди.

- Ўзбекистон томони экинларни суғориш мавсумида етарлича сув билан таъминланиши эвазига Қайроққум сув омбори ва Сирдарё қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларига маблағ ўтказиши лозим эди. Ўзбекистон эса ягона электр тизимидан чиқди, Тожикистонга электр энергияси узатишни бутунлай тўхтатди. Газ эса фақат республика жанубига ва 20-30 фоизгача берилаяпти. Сув омборини таъмирлаш ва Сирдарё қирғоқларини мустаҳкамлаш учун эса Ўзбекистон умуман маблағ ўтказмаган. Мана шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, бу сафар имзоланган ҳужжатлар ҳам илгаригилариденк қоғозда қолиб кетиши эҳтимолдан ҳоли эмас, - дейди Файзулло Авезов.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон томони ҳам фақат 2009 йилда қирғоқларни мустаҳкамлаш учун белгиланган 600 минг доллар ўрнига 250 минг доллар маблағ ўтказган, холос. Ҳолбуки, бу борада имзоланган давлатлараро ҳужжат мавжуд. 2008 йил октябр ойида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Қирғизистон пойтахти Бишкекда сув заҳираларини бошқариш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида имзоланган ҳужжат шулар жумласидандир.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Тожикистон ва Қирғизистон томони бундан буён Ўзбекистон ва Қозоғистон мамлакатлари сув заҳираларини бошқаришга ҳисса қўшган тақдирдагина сув омборларидаги заҳираларни келажак суғориш ишлари учун тўплашлари керак эди. Лекин, тожикистонлик гидроэнергетиклар сўзларига кўра, малда ҳеч нима бўлмади.

Сўғд вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси сув заҳираларидан фойдаланиш бўлими раҳбари, профессор Ғафур Каримовнинг айтишича, авваллари қўшни республикалар тўғон ва қирғоқларни таъмирлаш ишларида Тожикистонга кўмаклашар эди.

- Эллик йилдан ортиқ вақт давомида Қайроққум сув омбори қирғоқларига ўрнатилган тўсиқлар аллақачонлар таъмирталаб бўлиб қолган. Авваллари қўшни республикалар тўғон ва қирғоқларни таъмирлаш ишларига кўмаклашарди. Бунинг эвазига Тожикистон сув омборларидаги заҳираларни тўплар эди. Бироқ сўнгги йилларда Ўзбекистон томони бу ишларда умуман қатнашмай қўйди, - дейди Ғафур Каримов.

Айрим маҳаллий таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, бу ўринда “фақат Ўзбекистон айбдор” деган позицияда туриш ҳам инсофдан эмас.

- Мен бир нарсага ҳайронман, Тожикистон ҳукумати неча йиллардан буён Ўзбекистон томонини электр энергияси ва газ билан таъминламаётганликда айблаб келмоқда. Бу муаммо ҳаммага кундек равшан-ку. Тожикистон Ўзбекистондан олган газ ва электр энергияси учун минглаб доллар қарздор бўлиб қолган, - дейди тожикистонлик таҳлилчи Дилором Мамадова.

“Қарс икки қўлдан чиқади” маталини эслатиб ўтган Дилором Мамадова фикрича, Тожикистон томони Ўзбекистонни ҳадеб айблайвермай, қўшни мамлакат билан конструктив мулоқот йўлларини излаши лозим. Айни пайтда Ўзбекистон ҳам ё газ ва электр қарзларининг маълум қисмидан кечиш ёки сув омборларини таъмирлаш ишлари учун маблағ ўтказиш йўли билан Тожикистонга имкон қадар ёрдам бериши керак.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, трансчегаравий сув заҳираларидан фойдаланишда юзага келаётган қарама-қарши фикрлар минтақа хавфсизлигига салбий таъсир этиши мумкин.

Сўнгги йилларда Марказий Осиё дарёлари сув заҳираларининг 30 фоизгача камайгани ортидан минтақада жиддий иқтисодий, сув ва экологик муаммолар вужудга келиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG