Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:41

Тожикистонда қизини ёш турмушга узатганлар жазоланади


Шу йил январ ойидан кучга кирган “Оила кодекси”га киритилмиш ўзгартишларга мувофиқ, тожикистонлик қизлар бундан буён фақат 18 ёшга тўлганидан сўнггина никоҳдан ўтиш ҳуқуқига эга бўлади. Қонунга хилоф иш тутган ота-оналар эса жиноий жавобгарликка тортилади.

Турсунзода туманида яшовчи 17 ёшли Собира Асадуллоева ҳали оқни қорадан фарқлай олмаган кезларида, яъни 16 ёшида “ота-она орзу-ҳаваси” билан турмуш қурганини айтади.

Турмушнинг аччиқ-чучугидан хабарсиз қиз ўзига мутлақо бегона бўлган оилада сўнгги бир йил давомида турли босимларга дуч келаётганидан шикоят қилади.

- 16 ёшда эрга беришди. Қайнонам ёмон. Уйга кирсам ҳам, чиқсам ҳам сўрайман. Дарвозадан ташқарига чиқаришмайди. Эрим яхши бўлгани билан қайнотам, қайнисинглим ёмон, кўп ғам беради, - дейди турмуш ташвишлари жуда эрта бошига тушган келинчак Собирахон.

Суҳбатдошимиз ҳали ҳомиладор бўлмаганини, баъзида босимлардан безиб кетганидан шу фарзандсизлиги чоғида эридан ажраб кетишни ўйлаб юрганини ҳам яширмайди.

Собирахон қизларга эрга тегишга шошмасликларини маслаҳат беради.

- Умуман қизлар 20 ёшда эрга тегса ҳам бўлади. “Мен эрга тегаман” деб шошилишади қизларимиз. Қизларимиз ҳеч бўлмаганда нон ёпишни ўрганса, чеварчилик ҳунарини ўрганса, кейин эрга тегса бўлади. Буни ота- оналар ҳам ўйлаши керак, - дейди нон ёпишни қайнонасидан ўрганган суҳбатдошимиз.

Собирахон келин бўлиб тушган хонадонга қўшни уй бекаси Зера опа ҳам қизларнинг ёш оила қуришига қарши эканини ва бугун Тожикистонда қизларнинг кечроқ турмушга чиқиши қонун доирасида белгилаб қўйилганидан хурсандлигини айтади.

- 18-20 ёшда эрга тегиш жуда тўғри. Лекин 16-17 ёшда бўлмайди-да, ҳали кўп нарсага ақллари етмайди. Кўп нарсани тушунмайди. Бошқа жиҳатдан, уларнинг организми ҳали тайёр эмас она бўлишга. Ҳомиладорлик, бошқоронғилик даври булар учун жуда қийин кечади, - дейди кўпни кўрган Зера опа.

Аёл биргина ўзи яшаб турган қишлоқда ўтган йили келин бўлган тўққиз нафар қиздан икки нафари оиласи билан бир йил ичида ажралишиб кетганини, бунга эса ёш келинчакларнинг тажрибасизлиги сабаб бўлганини айтади.

Зера опа оиласида ҳунар соҳиби бўлган қизлар эридан ажраб кетгандан кейин бир амаллаб ўз кунини кўриши мумкинлигини, саводи етарли бўлмаган ва ҳунарсиз қизларнинг эса талоқдан кейинги ҳаёти аянчли бўлишини, шунинг учун жамиятда фоҳишалар сони йил сайин ортаётганини қўшимча қилади.

Мавзу юзасидан саволларимизга жавоб берган йигитлардан баъзилари ёш қизга уйланишдан фахрланишларини айтишса, бошқа бир гуруҳ йигитлар ёш ва ҳаётнинг пасту баландини тушуниб етмаган қиз билан турмуш қуришни истамасликларини айтдилар.

- Кўпларининг қўлидан иш келмайди. Нон ёпишни, овқат қилишни билмайди. Ана шундан кейин оилада тушунмовчилик бошланади, - дейди Улуғбек исмли суҳбатдош.

Тожикистон Хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси масъуллари тарқатган маълумотларга кўра, 2009 йилнинг олти ойи мобайнида республикада тахминан 3200 та оила ажралган.

Мамлакатда ажралиш ҳолларининг кўпайиб бораётганидан ташвиш билдирган қўмита масъуллари бунинг сабабини “қизларнинг эрта турмушга чиқарилаётганида”, дея хулоса қилар экан, ўтган йили мамлакат расмийларига мурожаат этиб, қизларнинг турмушга чиқиш ёшини 18 ёш қилиб белгилаб беришни сўраган эди.

Қизларнинг турмуш қуришини кечиктириш атрофидаги баҳслар тожик жамиятида бундан икки йил аввал бошланган эди.

Мамлакат парламенти Республика хотин қизлар билан ишлаш идораси ўртага ташлаган таклифни эътиборга олиб, 2009 йил май ойида “Оила кодекси”га қатор ўзгартишлар киритди.

Қонундаги бу ўзгартишлар эса шу йил январ ойидан қонун кучига кирди.

Аммо оилаларнинг ажралиб кетишидаги асосий омил қизларнинг ёш турмушга чиқаётгани ҳақидаги фикрларни тожикистонликларнинг ҳаммаси ҳам қувватламайди.

Микрофонга гапиришни истамаган Гулсуной опа қизларнинг оилани эплаб кетиши унинг ёшига эмас, балки оиласида олган тарбиясига боғлиқлигини айтади.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистондаги аввалги тартибга мувофиқ, қизларни 17 ёшда турмушга узатиш мумкин эди.

Эндиликда қизини 18 ёшдан эртароқ турмушга узатган ота-оналар Тожикистон Жиноят кодексининг 168 ва 169-моддасига биноан жиноий жавобгарликка тортилиши ва уларга 1000 АҚШ долларигача жарима солиниши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG