Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:51

Москвада намойишлар давом этмоқда


Россиялик айрим зиёлилар миллатчиларга қарши "Москва ҳамма учун!" шиори остида намойишлар уюштирмоқдалар.
Россиялик айрим зиёлилар миллатчиларга қарши "Москва ҳамма учун!" шиори остида намойишлар уюштирмоқдалар.

Чоршанба куни Москвада кавказлик ёшлар ва рус миллатчилари ўртасида бўлиб ўтган қатор тўқнашувлар оқибатида милиция ходимлари томонидан 1300 дан ортиқ одам қўлга олинди. Миллатчилар кавказликларга қарши янада оммавийроқ чиқишлар уюштирилишини айтмоқдалар.

15 декабр куни пойтахтнинг Киевская вокзалида кавказликларнинг 10 минглик норозилик намойиши ўтиши ҳақида миш-миш тарқади. Бунга жавобан миллатчилар ва футбол ишқибозларидан иборат гуруҳлар Киевская ёнидаги “Европейский” савдо маркази ёнига тўплана борди. Шу куни Москванинг барча метро станциялари ва марказий майдонларини милиция ходимларининг кучайтирилган нарядлари қўриқлади.

Киев вокзали, Москва
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:53 0:00
Бевосита линк


Соат 18:00 га яқин Киевская майдонига икки минглик миллатчи ёшлар тўдалари йиғилди. Майдонда бир гуруҳ кавказликлар ҳам тўпланди.

- Интернет орқали кавказликлар билан тўқнашувлар бўлиши ҳақида хабар тарқади. Барча кавказликлар тўпланишни бошлади. Шунинг учун бўлса керак, ОМОНчилар ҳам бу ерда, - дейди майдонга келган чеченистонлик Аслан.

Лекин кавказликлар камчилик бўлганлиги сабабли милиция ходимлари ўз эътиборини рус миллатчиларига қаратди.

Орадан бир муддат ўтгач, улар намойишчилардан ҳам кўп сонли бўлган милиция ходимлари томонидан тарқатиб юборилди ва профилактика учун ОМОНчилар ўта фаол намойишчиларни ҳибсга ола бошлади. Натижада “Европейский” савдо маркази атрофида мингга яқин одам ҳибсга олинди. Улардан 16 дона травматик пистолет, 200 дан зиёд пичоқ, турли болға ва бейсбол таёқлари тортиб олинди.

Айни пайтда бу талотум чоғида 30 нафар милиция ходими ҳам жароҳат олганлиги хабар қилинмоқда.

Шунингдек, Москванинг бошқа турли жойларида кавказликлар ва маҳаллийлар ўртасида бир нечта тўқнашув содир бўлгани айтилмоқда.

Жумладан, Катта Татар кўчасидаги Тарихий масжид ёнида бошланган кавказлик ёшларнинг стихияли норозилик акцияси ОМОН бўлинмаси томонидан тарқатиб юборилди.

“Эхо Москвы” хабарига кўра, “Третьяковская” метро бекатида 100-200 кишилик кавказликлар гуруҳи милиция ходимларига қаршилик кўрсатмасдан тарқаб кетди, Тарихий масжид эса вақтинча ёпилди.

Аммо Катта Татар кўчасидаги масжид вақтинча ёпилганлиги ҳақидаги “Эхо Москвы” мухбирининг хабарини Тарихий масжидда инкор этишди.

- Йўқ, ишлаяпти масжид. Кеча ҳам, бугун ҳам ишлаяпти, ёпилгани йўқ. Бизда ҳаммаси жойида, ҳеч қандай тўқнашувлар ҳақида эшитганимиз йўқ, деди Тарихий масжид ходимаси.

Маълум бўлишича, кавказликлар ва маҳаллийлар ўртасидаги тўқнашув ҳақидаги миш-мишлар Москванинг Манежная майдонида ўтказилган миллатчиларнинг оммавий намойишидан кейин Интернет саҳифаларида кўпайиб борган.

Шу сабабли айрим оммавий ахборот воситаларида Россия махсус хизматлари Интернет орқали тарқатилаётган хабарларни назорат остига олгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Бироқ бу маълумотни Ички ишлар бошқармаси “К” бўлими, яъни компьютер соҳасидаги жиноятчилик билан шуғулланувчи тузилма матбуот котиби Ирина Зубарева инкор қилди:

- Биз Интернетни назорат қилмаймиз. Текширув ва кузатувларни олиб бориш учун қонун доирасида махсус санкция ёки рухсатнома бўлиши шарт. Шунинг учун таъкидлаб айтмоқчиманки, Интернетда тарқатилаётган материалларнинг асосий қисми блогерларнинг уйдирмаси. Журналистлар эса бу ёлғон-яшиқ хабарларни тарқатмоқда. Бизнинг тарқатилаётган миш-мишлардан хабаримиз бор. Миллатлар ўртасидаги низонинг авж олишидан айрим бузғунчи тузилмалар манфаатдор. Турли миллатчилар тузилмалари маҳаллийларнинг кавказликларга нисбатан нафратини кучайтириш орқали ўз позицияларини мустаҳкамлаб олмоқда, - дейди Ирина Зубарева.

15 декабр куни миллатчи тўдалар ва футбол ишқибозларининг кавказликлар билан тўқнашувлари Санкт-Петербургнинг Сенная майдонида режалаштирилаётгани ҳақида хабар олган маҳаллий маъмурият ОМОН қўшинлари ёрдамида майдонни қуршаб олди.

Сенная майдонига келган миллатчилардан бири бу ерга фақат муштлашиш учун келганини Озодликнинг рус хизмати мухбиридан яширишга ҳам уринмади.

- Бизга фарқи йўқ ким билан муштлашиш. Биз - руслармиз. Рус бўлмаганларга қарши шу ерда акция уюштирилаётганини эшитиб йиғилдик, - дейди исмини ошкор қилишни истамаган миллатчилардан бири.

Аснода Петербургнинг Сенная майдонидан 80 га яқин одам милиция бўлимларига олиб кетилгани ҳақида хабар қилинди.

Лекин ўз кучини 4 ноябрдаги Люблино мавзесидаги юришда ва Манежная майдонидаги тўқнашувда синовдан ўтказган миллатчи-шовинистлар тўда йўлбошчилари “Коммерсантъ” газетаси орқали Россия ҳукуматига ультиматум эълон қилди: миллатчилар ҳукуматни кавказликларга қарши курашда кўмаклашишни сўрамоқда.

- Акс ҳолда, намойишлар давом этади! 20 минг, керак бўлса, 50 минг одам намойишга чиқади, - дея ўз талабларини эълон қилди миллатчи гуруҳ раҳбарларидан бири.

Россияда охирги бир ҳафта ичида содир бўлган воқеаларни шарҳлаб берган “Ирқчиликсиз Россия учун” ташкилоти координатори Александр Винников Россия жамиятида жиддий вазият юзага келганини таъкидлади.

- Биз мамлакатда юзага келаётган вазият ҳақида гапирганимизда устимиздан кулишди, сўзлашга беришмади. Эндиликда ҳуқуқ ҳимоячилари ва бизнинг ташкилотимиз огоҳлантирган вазиятни ўз кўзингиз билан кўриб, ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Шаҳарда қўрқув ҳукмронлик қилмоқда! Афсуски, бугунги кунда жамиятимиз бу ярамасларга қарши тура олишга маънавий куч-қудратга эга эмас, - деди “Ирқчиликсиз Россия учун” ташкилоти мувофиқлаштирувчиси Александр Винников.

Материал эфирга тайёрланаётган пайтда янги намойиш ўтказилиши ҳақида хабар келди. Рус ёзувчиси Виктор Шендерович 26 декабр куни миллатчиларга қарши бўлганларни “Москва ҳамма учун!” шиори остида Москванинг Пушкин майдонига намойишга даъват қилди.

- Мен бундай Россияда яшашни истамаётганларни даъват этаяпман! Биз кўпчиликмиз. Айрим ҳолларда буни намойиш қилиш зарур, - деди Виктор Шендерович.
XS
SM
MD
LG