Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:26

Ўзбекистонда “Борат” ва яна 743та филм тақиқланди


Саша Барон Коэн суратга олган филм Қозоғистон ва Россияда ҳам тақиқланган эди.
Саша Барон Коэн суратга олган филм Қозоғистон ва Россияда ҳам тақиқланган эди.

Ўзбеккино миллий агентлиги, мамлакат ҳудудида намойиш этиш тақиқланган филмларнинг рўйхатини чиқарди. Бу рўйхатда британиялик таниқли комик артист Саша Барон Коэн суратга олган "Борат: Шуҳратли Қозоғистон давлати фойдаси учун Америка маданиятини ўрганиш" филми ҳам бор.


Британиялик комик Саша Барон Коэн суратга олган ва Қозоғистон ҳукумати ва кўплаб қозоғистонликларнинг ғашига теккан "Борат" филмининг бош қаҳрамон АҚШдаги Ўзбекистон элчихонаси олдидан машинада ўтаëтиб, ўрта бармоғини кўрсатади ва "э онангни фалон қилай ..." дейди.

Бундай ишоратдан 4 йил ўтиб "Борат" филмига Ўзбекистонда тақиқ қўйилди.

Ҳозир Қозоғистонда ижод қилаëтган ўзбекистонлик режиссëр Сергей Азимов бу ҳақда гапирар экан, ўзбек мулозимлари "соч оламан деб, бош олган" ношуд сартарош ҳолига тушди, дейди.

- "Борат" ўзи маънавий тубан асар. Бу асарни тақиқламаса ҳам Ўзбекистоннинг маҳалласида яшаган бирор томошабин бориб кўрмайди. Ўзбек мулозимлари бу асарни тақиқлаб пилигини кўтаришмоқда. Аслида филм ана шу ажиотажга мосланган. Мен қайтариб айтаман бу филмни ўзбеклар томоша қилмаса ҳеч нарсани йўқотмайди. Аммо қолган филмларни тақиқлашда маъно кўрмайман. Масалан, "300 спарталик" филми ëки "Троя" филми. Бу яхши филмлар. Кино замиридаги аксилисломий руҳ балки тақиқлаганларга асос бўлгандир. Лекин Ўзбекистон Эрон эмас, Тошкент Теҳрон эмас. Ўзбекистон янглишмасам дунëвий давлат. Дунëвий давлат эса томошабинларга танлов ҳуқуқини бериши керак, дейди ўзбекистонлик режиссëр Сергей Азимов.

"Ўзбеккино" идораси Ўзбекистон ҳудудида ўзбек томошабинларига танлов ҳуқуқини ҳам беради. Масалан, кўриш рухсат берилган 500дан ортиқ филм ичидан хоҳлаган филмни кўриш мумкин.

Дейлик томошабин Л. Каримова суратга олган "Соғлом турмуш жамият кўрки", Ш. Бўтаевниг "Орзулари амалга ошган болалар", Э. Мамедовнинг "Қишлоқ обод, юрт обод", Х. Валиевнинг "Кризисга қарши дастурнинг самарадорлиги" филмлари ичидан хоҳлаганини томоша қилиши мумкин.

Фақат "Саунадаги қизлар" қабилидаги филмларга чек қўйилган ҳолос. Бундай филмларга қарши қаттиқ курашмоқдамиз, дейди Ўзбеккино мутасаддиси Озодлик билан суҳбатда.

Гап айланиб "Борат" филми нега тақиқланувди?" деган савол жавобига келганда, суҳбатдош "бу саволингизга ўша филмни тақиқлаган лицензия бўлими бошлиғи Манноп ака жавоб беради", деб қолди.

Манноп ака билан боғландик. Манноп ака ўзбек томошабинлари шуурини хориждан оқиб келаëтган филмлар дарëсидан иҳота қилиш механизмларидан гапирди.

- 135-қарро бор. Ўша ерда ҳаммаси ëзилган.

Озодлик: Вазирлар Маҳкамасининг қарорими бу?

- Ҳа. Ўша ерда ҳамма тартиблари ëзилган.

Озодлик: Бу механизмларга қарамасдан ҳар бурчакда сиз тақиқлаган кинолар намойиш қилиняптику.

- Ҳа, қўяяпти. Энди қилган ишига ўзи жавоб беради қонун доирасида. Биз қўл-оëғини боғлаб қўя олмаймиз. Унақа билан ички ишлар, солиқ шуғулланади. Чора-тадбир асосида ҳаммасини қилишади. Чора кўришга бизнинг ҳуқуқимиз йўқ тушунаяпсизми. Тўғридан тўғри бориб текширишга ҳам ҳуқуқимиз йўқ.

Озодлик: Сизлар фақат киноларни томоша қилиб, экспертиза анализи берасизлар-а?

- Ҳа, экспертлар хулосаси берилади, дейди Манноп ака.

Яна гап айланиб “Борат” филмига келди. Хўш, нега Ўзбек томошабини Боратни кўрмаслиги керак, деб сўраймиз.

- Тақиқлашибдими уни?

Озодлик: Сизларнинг рўйхатда борку.

- Йўқ. Унақа филм запретга тушганми?

Озодлик: Ҳа, тушган.

- Радиоданмисиз?

Озодлик: Ҳа.

- Расмий равишда бизларга запрос беринг. Бизлар расмий равишда сизга жавоб берамиз. Қачон, қайси комиссиядан, қайси протокол билан запрет қилинганлиги ҳақида расмий мурожааат жўнатинг, дейди Манноп ака.

У ëки бу кино тақиқланар экан, Ўзбекистондаги комиссияга диний уламоларни ҳам таклиф қилишади. Ҳар ҳолда мусулмон жамиятда яшаймиз деган андишада бўлса керак. Ўтган асрда Италия кинотеатрларида ҳам битта руҳоний ота ўтирган. Кинода ўпишиш саҳнаси кўриниши биланоқ руҳоний ота кинопроектордан ëғилган нур тўпини шапкаси билан беркитиб турган. Қавм шуурини ëлғон дунë васвасалари босмасин, деган ният бўлган.

Ҳозир ҳам баъзи уламолар умуман кино кўрмаслик керак деган гапни айтишади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими бошлиғи шайх Абдулазиз Мансур фаҳш киноларининг тақиқланишини тўғри, деб ҳисоблайди.

- Мана шунақа уят филмларни чиқариш ëки томоша қилиш шаръан ҳам ижозат берилмаган. Уни томоша қилиш ҳам ножоиз ҳисобланади. Булар ҳаммаси ахлоқсизлик, фисқу-фужурга кириб қолар эканда. Шунинг учун бизнинг исломий манбаларда бунақа нарсалар тақиқланган. Чунки бу кишиларнинг, айнқиса ëшларнинг ахлоқий бузилишига сабаб бўлиб қолиши мумкин, дейди Абдулазиз Мансур.

Ўзбекистоннинг яқин тарихида исталмаган киноларни тақиқлаш 1990 йилда бошланди. “Кичкина Вера” филми Марказий Телевидениедан намойиш қилинганида, Ўзбекистон бу трансляцияни Ўзбекистон ҳудудида тўхтатиб қўйган эди.

Пахта иши танқид қилинган "Шок" филми эса Ўзбекистон кинотеатрларида тақиқланган илк бадиий филм бўлди.

Филмлар қандай бўлишидан қатъий назар уларни тақиқлашга мутлақо қаршиман дейди россиялик киномунаққид Антон Долин.

- Айниқса "Борат" филми. Бу филм аччиқ сатира ва ўзига хос услуб омухта бўлган юқори савияда санъаткорона олинган филмдир. Дунëнинг турли нуқталарида ва хусусан Америкада бу филмни миллионлар томоша қилди. Улар орасида ўзбек томошабинлари бўлгани маъқул деб ўйлайман, дейди Антон Долин.

Мутахассисларга кўра, Ўзбекистонда филмлар бешта ўлчов асосида тақиқланмоқда. "Секс", "Даҳшат", "Мистика", "Қора юмор" ва сиëсий об-ҳавога тўғри келмайдиган кинолар.

Сўнгсўз ўрнида жазо қонунидан кўчирма.

Ўзбекистонда тақиқланган киноларни кўриш 139-модда бўйича малакаланиши мумкин. Тақиқланган фаҳш киноларни кўрганлар жаримага тортилиши ëки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жўнатилиши мумкин. Бу ҳолатдаги энг катта жазо 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, деб белгиланган. Бу ëғи ўзбек ҳакамларига ҳавола. Кўрмаганнинг кўргани қурсин, деган мақол мазмунини суд ҳукмидан кейин тушунармиз.
XS
SM
MD
LG