Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:32

Собир Раҳимов метро бекати Олмазорга айланди


Эндиликда бу ëзув ҳам Тошкент ҳақидаги тарих китобларидан жой оладиган бўлди.
Эндиликда бу ëзув ҳам Тошкент ҳақидаги тарих китобларидан жой оладиган бўлди.

Тошкент шу билан собиқ иттифоқ даврини эслатиб турувчи яна бир объект номини миллийлаштирди. Бундан олдин, Фарғона вилоятидаги Йўлдош Охунбобоев, шунингдек Тошкент шаҳридаги қатор туманлар номи ҳам ўзгартирилган, Ҳамза театри эса Миллий театрга айлантирилган эди.


Йиллардан бери бораëтган бу жараëндаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида Озодлик билан суҳбатда Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги Топонимик объектларга ном бериш комиссияси аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Суюн Қораев гапириб берди.

- Тошкентда Себзор деган жой бор. Тожикчаси Олмазор. Себ дегани олма дегани. Шунда Собир Раҳимов районини, метрони ўзгартирсак деб нима қилган эди, улар “Себзор қўяйлик” дейишган эди. “Йўқ, Себзор бўлмайди. У тожикча” дейишди. Кейин мендан “Шуни Олмазор қилсак бўладими?” деб сўрашди. “Бўлаверади. Нима бўпти” дедим. Шу билан Олмазор бўлди.

Озодлик: Домла, буни кимлар сўрашди? Ким бундай таклиф киритди?

- Энди сиз ўзбексизку. Тожиклар жуда катта мақолалар билан чиқибди. Тошкентдаги эски тарихий жойларнинг ҳаммасининг номи тожикча. Булар ҳозир “Тошкент тожикларнинг шаҳри” деган мақолалар билан чиқаяпти. Ўратепа деган шаҳарни улар тарихий номлари билан ўзгартиришган. (Мустақиллик йилларида Тожикистон ҳукумати мамлакатдаги ўзбекча жойлар номларини тожикчалаштириш сиёсатини олиб борди. Минг йиллик тарихга эга бўлган Ўратепа шаҳрига Истаравшан номи берилди.Душанбе атрофида ўзбеклар муқим яшайдиган Оқжар, Итоқ, Болдирғон, Айланмажар, Қорабулоқ, Қорасув, Бешкапа сингари қишлоқларга ҳам Гулистон, Бўстон сингари номларга алмаштирилди - таҳр).

Озодлик: Истаравшан қилишган.

- Истаравшан деган тарихий вилоят бўлганку. Улар ўзбекча деган сўзни йўқ қилаяптида. Шунинг учун биздагилар ҳам сал нима қилди шекилли, у даражада бўлмаса ҳам “Себзор десак бўлмайди. Олмазор қиламиз” дейишди. Мен ҳам “Майли. Себзор бўлмаса, Олмазор бўла қолсин” дедим.

Озодлик: Домла, нима учун Собир Раҳимов номи ëқмади? Уни "ўзбек генерали" дейишади.

- Энди бу сиëсат шунақа нарсаки, умуман қизил империя давридагилар сал оëқости бўлаяпти. Оëқостимас, энди замоннинг талаби шунақада. Бу идеология билан боғлиқ. Шунинг учун ҳеч қанақа ажабланарли жойи йўқ.

Озодлик: Домла, мана Йўлдош Охунбобоев номли туман ўзгартирилди. Кейин Ҳамза номидаги театр Ўзбек миллий академик драма театрига айлантирилди. Мана Собир Раҳимов Олмазорга айлантирилди. Бунинг сабаби фақатгина коммунистик ....

- Фақат шу. Бошқа ҳеч қанақа нима йўқ. Масалан¸ Охунбобоевдек соф инсонлар камдан кам бўлади. Уларнинг бошқа ҳеч қанақа айби йўқ. Файзулла Хўжаев, булар ҳаммаси қизил империяга хизмат қилган.

Озодлик: Домла, сизнинг ўзингизнинг шахсий фикрингиз қандай?

- Мен бутун умрим бўйи шу билан шғуғулланаман. Дунëда сиëсат кетаяпти. Деидеологизация дейди. Мафкурасизлик йўлидан бориш, мафкурани аралаштирмаслик. Сиëсат шунақанги ¸ мафкурани аралаштирмасликнинг иложи йўқ эканда. Ҳамма жойда ҳам мафкурасиз яшаш қийин экан. Шунинг учун давлат сиëсатига шу кеча кундузда, амалиëтига тўғри келмаса, унга ҳеч нима йўқ бўлиши мумкин.

Озодлик: Тарихий шахсларнинг жамиятга хизматлари ўтгандир. Айтайлик, Собир Раҳимов урушда ҳалок бўлган. Ўзбекистондан чиққан биринчи генерал. Буларнинг қадр-қиммати йўқми?

- Энди ҳалигисини ўз жойида айтавериш керак. Номидаги жой олинди¸ дегани уни бутун обрўси билан маҳрум қилди¸ деган сўз эмас. Сиëсат ўзгариб турадиган нарса. Энди мафкура шунақа. Доимо шунақа бўлиб келган. Бундан кейин ҳам бўлаверади¸ шекилли.
XS
SM
MD
LG