Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:30

Ўшда ер босиб олиш ҳаракатлари кузатилмоқда


Ўш шаҳри яқинидаги Ишкавон қишлоғи аҳлига тегишли улуш ерлар ўзларини июн фожеаси жабрдийдалари деб атаётган кишилар томонидан эгаллаб олинаяпти. Улар маҳаллий расмийлардан ўзларига ер ажратиб берилишини талаб қилишмоқда.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирининг Ўшдан хабар қилишича, ҳозирда ер босиб олувчилар сони мингга етиб қолган. Улар расмийлар томонидан ёрдам берилмагани туфайли ана шундай йўл тутишга мажбур бўлганларини билдирганлар.

Ер эгаллаб олувчилар ичида “Ош шейиттери” (Ўш шаҳидлари – таҳр.) ҳаракатининг 30 га яқин аъзоси борлиги айтилмоқда. Маълумотларга кўра, улар экин экилган майдондан ўзларига ер ўлчаб олишиб, у ерга июн фожеалари чоғида ҳалок бўлган яқинларининг расмларини осиб қўйишган.

7 ноябр куни ер босиб олувчилар билан учрашиш учун келган Ўш вилоят губернаторининг биринчи ўринбосари Қушбақ Тезекбаев Озодликнинг қирғиз хизматига бу жойлар бировларга улушга берилган ерлар эканини ва ер босиб олиш ноқонуний ҳаракат бўлганини айта туриб, буни вазиятни беқарорлаштиришдан манфаатдор кучлар уюштираётганини қайд этган.

Ҳозирча мазкур улуш ерлари эгалари воқеа жойига келмаган, уларнинг айримлари ҳали ўз жойларидаги экинларнинг ҳаммасини йиғиб олмагани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG