Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:33

Ўш қирғини кунлари зўрланган ўзбек аëллари ëрдамга муҳтож


Бугун таҳқирланган ўзбек аëлларини юпатадиган¸ уларга таскин берадиганлар ўзбеклар орасида кўп ҳам топилмаëтир.
Бугун таҳқирланган ўзбек аëлларини юпатадиган¸ уларга таскин берадиганлар ўзбеклар орасида кўп ҳам топилмаëтир.

11-14 июн кунлари Ўш ва Жалолободда рўй берган қирғин кунлари босқинчилар томонидан зўрланган ўзбек қиз ва жувонлари айни кунларда дўзах азобини бошдан кечирмоқда. Бир томондан¸ улар тажовузкор махлуқлар еткизган жисмоний оғриқдан¸ бошқа томондан эса¸ ўз яқинлари¸ маҳалла-кўй еткизаëтган руҳий хуружлардан изтироб чекмоқда: "номусга қолдим" деган эрлар бу аëлларни ташлаб кетмоқда¸ жамият улардан ор қилмоқда.


Ҳозирча 11-14 июн кунлари авжга чиққан қирғин кунлари Ўш ва Жалолободда қанча аëлнинг зўрлангани¸ улардан нечтасининг ўзбек миллатига мансублиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари орасида бундай статистикани тузаман деганлар оз бўлса-да бор¸ аммо уларнинг бу уринишлари ҳозирча жиддий натижа бермаëтир.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатулла Раҳматуллаев бундай аëлларни аниқлаб¸ уларга моддий ва маънавий ëрдам кўрсатишни йўлга қўйишга уринаëтганлардан бири. Озодлик ҳуқуқ фаолини бу жараëннинг қандай бораëтгани мавзуида суҳбатга тортди.

Озодлик: Ўш воқеаларидан кейин зўрланган аëллар бўйича статистика борми?

- Ҳозирги кунда 11-14 июн кунлари зўрланган аëллар, қизлар, буларнинг ичида жуда ҳам психологик, бундан ташқари жарроҳлик, гинекологик ëрдамга муҳтож аëллар роса кўп. Бироқ миллатимизнинг менталитети шундай экан - булар бирор ëққа чиқиб арзланишга ëки бирор-бир оммавий ахборот воситаларига интервью бериб, ўзининг арзини айтишга уялишади, қўрқишади. Шунинг учун бу ерда шунақа муаммолар бўлаяпти.

Озодлик:
Сиз ўзингиз нечта шунақа аëлларни аниқладингиз? Нечтаси билан гаплашдингиз?

- Ўзим ишлаëтган мавзеъда олтита шундай аëлни биламан. Уларнинг тўрттаси оғир касал. Жарроҳлик ëрдамига муҳтож. Қандай бўлганини айтиб бер десангиз, айтиб ҳам бераман.



Озодлик: Айтиб бера қолинг.

- Аëлнинг бачадонига автоматнинг учини тиқиб ташлаган. Яна битта аëлнинг бачадонига болт, гайкаларни тиқиб юборишган. Умуман шунақа ачинарли ҳолатлар. Ўз вақтида буларга тиббий ëрдам кўрсатилмасдан¸ ҳозирги кунда буларнинг саломатлигига анча зиëн етиб, осложение бўлаяпти.

Озодлик: Булар ҳозир қаерда? Касалхонадами ëки уйидами?

- Уйида ëтишибди булар. Мана шу ерда бир маҳаллий медсестра қиз бор. Шу қиз икковимиз кириб, буларга медицина ëрдами таклиф қилдик. Бироқ улар унашмаяпти. Сабаби ана шу биринчи кун касалхонага борганда, буларга жуда қаттиқ муомала қилишган экан. Ўшандан кейин улар “бундан кўра ўлганимиз яхши” деб айтишаяпти. “Болаларим бор. Укаларим бор. Буларнинг олдида шарманда. Ундан кўра ўлганим яхши” деб у қизлар ўзини ўзи маҳкум қилаяпти.

Озодлик:
Иззатулла ака, неча ëшдаги аëллар ҳақида гап кетаяпти? Ëки булар турмушга чиқмаган қизларми?

- Буларнинг ичида иккитаси турмушга чиқмаган, тўрттаси турмушга чиққан. Бола-чақалари бор, 30 ëшга етмаган аëллар.

Озодлик: Буларнинг турмуш ўртоқларининг, ота-онасининг, қайнона-қайнотасининг муносабати қанақа бўлаяпти?

- Буларнинг кўпчилигининг турмуш ўртоқлари ҳозирги кунда, тўполондан кейин эркакларнинг оммавий қамашни бошлаганда кўпчиликларининг куëвлари чиқиб кетган Россияга. Қайноналари мана иккитасини “онангизникида даволанинг” деб жўнатибди. Онасиники ҳам култепа. Мана палаткаларда ëтишибди онасиникида. Кимдир тушуниб муносабат қилаяпти, кимдир жирканиш билан муносабат қилаяпти. Сабаби кўпчилик тушунмаяпти. “Бу элга келган тўй. Бундан жирканиш нотўғри нарса” деган нарсани кўпчилик ўзебкларнинг тушунмаëтгани, яна одамларнинг ичидаги ҳар хил майда гаплар аëлларнинг психологик ҳолатига жуда ëмон таъсир кўрсатаяпти.

Озодлик: Ëн-атроф, маҳалла-кўй “буларнинг ўзининг ҳам айби бор” дегандай муносабат қилаяптими?

- Бир хил ахмоқлар шундай муносабатда бўлаяпти. Тушунгани ичи оғриб, раҳми келиб, уларга қўлидан келганча ширин сўз билан ëрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Элнинг ичида ахмоқлар ҳам кўпда. Мен шахсан ўзим бу аëлларни ҳеч қачон “айбдор, ўзларининг хоҳиши билан бу ишга борган” деб айтмаган бўлардим. Сабаби ўша кунларнинг ўзим гувоҳи бўлдим. Буларни эркига қарши мажбурлаб, зўрлаб, олдида иккита йўл турган: ë ҳаëт, ë ўлим. Аëлларнинг эркига қарши бу ишлар бўлган. Мен шахсан ўзим шундай деб ўйлайман.

Озодлик: Шу воқеалардан кейин бу аëлларнинг додини айтиб борадиган, адолат сўраб¸ ëрдам сўраб борадиган, ишонадиган одами қолмадида?

- Ҳозирги шароитда адолат ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Адолат истаб борганларнинг ўзлари яна айбдорга айланиб қолаяпти. Бундан ташқари медицина муассасаларига борса, “ким томонидан, қайси маҳалда, қандай” деган саволлар берилади. Агар булар “11-14 июн кунлари бўлади” деса, уларга нисбатан муносабат ўзгариб, юракдан чиқариб ëрдам берадиган одамнинг ўзи йўқ.

Озодлик: Халқаро ташкилотларчи? "Чегара билмас врачлар" дегани бор эди.

- "Чегара билмас врачлар" одам жабрланган пайтда биринчи тез ëрдамни кўрсатиб, кейин болницаларга ўтказиб беради¸ холос. Уларни узоқ муддатли даволаш бўйича программалари йўқ, даволашмайди ҳам. Улар яна маҳаллий болницаларга ўтказиб қўйишади.

Озодлик: Маҳаллий касалхоналарда ўзбек аëлларига ëрдам беришмаяптими?

- Маҳаллий болницаларда биринчидан одамнинг миллатига қараб муносабат бўлади, ундан кейин чўнтагидаги пулига қараб муомала бўлади. Мана бу аëллар биринчидан, чўнтаклари юпқа, ўзлари палаткада ўтиришибди гумпомошнинг орқасидан, иккинчидан, 11-14 июн воқеасида жабрлангани учун буларга врачларнинг муносабати умуман бошқача.

Озодлик:
Иззатулла ака, мана турмушга чиққан деяпсиз. Турмушга чиққанларини эрлари ташлаб кетди ҳисобми? Улардан ëрдам бўлмаяптими? Уларнинг муносабати қанақа?

- Мен шахсан сўрадим. “Сизнинг бу аҳволингизга эрингизнинг муносабати қандай?” десам, ҳеч нарса демасдан фақат йиғлашди. Бирор нарса дейишмади.

Озодлик: Демак, ташлаб кетди ҳисоб.

- Ҳа.

Озодлик: Иззатулла ака, бизни ҳозир эшитаëтганлар, ўқиëтганлар бу аëлларга қандай қилиб ëрдам бериши мумкин¸ деб ўйлайсиз?

- Мана Янги дунë сайтига битта ўзбек акамиз “Ўзбек ўзбекка ëрдам берадими?” деган мақола чиқарган экан. Юзлаб миллатдошларимиз ëнбошидан ичаги чиқиб қолган болага ëрдам беришди. Ҳозир уни Самарага олиб кетиб даволашга ҳаракат қилишаяпти. Сешанба куни кетади. Агар миллатдошларимизнинг ичида мана шу бечора аëлларга ëрдам берадиган саховатли инсонлар жиндай мурувват кўрсатиб, ëрдам беришса, мана шу сингилларимизни, мана шу қизларимизни Олмаотами, Тошкентми ëки Россияга даволатгани жўнатсак, шу қизларимиз ҳаëтга қайтармикан деган умидимиз бор.

Озодлик:
Қандай қилиб уюштириш керак бу ëрдамни?

- Агар ҳисоб рақамини очиб, ҳисоб рақамини беринглар десанглар, биз бирорта ҳисоб рақамини очиб беришимиз мумкин.

Озодлик шарҳи: Биз Иззатулла Раҳматуллаевдан бундай ҳисоб рақамини оғир аҳволда ëтган ўзбек қиз-жувонларига моддий ëрдам кўрсатишни истаганлар ихтиëрига тақдим қилишни сўрадик. Кун адоғига бориб Озодликка Ўшдан келган ҳисоб рақамини лавҳамиз ниҳоясида Сизга тақдим этамиз.


Бу аëлларимиз Оллоҳ ҳузурида бокираданда покроқдир!

Озодлик билан суҳбатда бу гапни Қирғизистон жанубидаги машҳур имомлардан бири Рашод қори Камолов айтади.

Ўзлари чекаëтган жисмоний ва руҳий азоб етмаганидек¸ бу қизларнинг аксари ўзини мусулмон деб билгувчи ўзбек маҳалла-кўйи томонидан "мохов"га чиқарилиб¸ улардан жирканишлари¸ эрларининг ташлаб кетаëтгани¸яқинларининг таъна ва дашномлари¸ Изатулла Раҳматуллаев айтгани каби¸ аксар зўрланган ўзбек аëлларини жонидан тўйдириб юбормоқда. Бундай жабрдийда аëллар ҳақида ислом нима ҳукм қилади¸ мусулмонлар жабрдийда бу аëлларга қандай муносабатда бўлиши керак? деб мурожаат қилдик Қорасувдаги жомеъ масжиди имоми Рашод қори Камоловга мурожаат қилдик.

- Биласизми¸ ўзи аслида ҳар бир одамга савол беришлик керак эдики, ҳақиқатан шу аëл Оллоҳнинг олдида осийми ëки осий эмасми? Минг афсуски, бизда жуда ҳам кўпчилик ҳақиқий ислом билан, ислом қонун-қоидаларига амал қилган ҳолатда ҳаëтини кечирмайди. Мана шундай ҳолатга ислом шариати назари билан қараганда¸ бу аëллар Оллоҳ ҳузурида пок аëллар. Балки бу имтиҳон бу аëллар учун. Гуноҳкор аëллар ҳисобланмайди булар. Буларнинг турмуш ўртоқлари, ака-укалари ҳаммаси Оллоҳнинг ҳузурида маъжур, яъни ажрли инсонлар, имтиҳонланган инсонлар. Бунга сабр билан қараладиган бўлса, албатта улар Оллоҳнинг ҳузурида ажрга, жаннатга, Оллоҳнинг мукофотига эга бўлади. Лекин минг афсусларки, бугунги кундаги инсонлар мана шундай “менинг номимга доғ туширдинг” ва ҳоказо деб бу аëлларни ташлаб кетаëтган ëки унинг жавобини бериб юбораëтганлар шариатни тушунмасликдан қилаяпти. Тўғри, имтиҳон ниҳоятда оғир. Лекин шунга қарамасдан динга, фатвога амал қилиб, динимизга мурожат қилиб, динимизнинг жавобига биноан яшашликни мен айтган бўлардим.

Озодлик: Маҳалла-кўйнинг улардан жирканиши, уларни моховга ўхшатиб ажратиб қўйишига нима дейсиз?

- Эрлари қатори маҳалладагилар ҳам уларни тушунмаганлиги, мана шундай ҳолатда уларга ҳамдард бўлиб, уларнинг кўнглини кўтариб, “Сизлар бизларнинг олдимизда зўрланган бўлганларингиз билан Оллоҳнинг ҳузурида поксизлар. Оллоҳнинг ҳузурида даражанглар баланд. Сизларни гуноҳ билан эслашлик биз учун ҳаром” деган гаплар, яъни чиройли насиҳатлар билан уларга мурожаат қилишлик керак бўлади ўзи аслида. Лекин минг афсус жамоат, маҳалла-кўй уларга ҳақоратомуз сўзларни айтиб, улар билан алоқани узишлиги динини яхши тушунмаганлигидан келиб чиқади.



Озодлик: Мана шу зўрланган қизлар орасида бокира қизлар, турмушга чиқиб иккита-учта болали бўлган жувонлари бор экан. “Биз оиламизга иснод келтирдик. Бизнинг келажагимиз йўқ” деган маънода уларнинг баъзилари ўзини ўзи ўлимга маҳкум қилаяпти экан. Мана шу қизларга айтадиган бирор гапингиз бўлса¸ марҳамат.

- У қизларга менинг мурожаатим шу эдики, ана шу қизлар Оллоҳнинг ҳузурида бокирадан кўра ҳам покиза аëллар¸ ҳаттоки фарзандли аëллар бўлса ҳам. Агар булар ҳақиқатан Оллоҳга, қиëмат кунига, жаннат ва жаҳаннамга иймон келтирган бўлса, бу имтиҳонга нажот топа олмасдан ўзини ўзи ҳалок қилишликка қўл уришлиги, хоҳ у ўзини ўзи осиш бўлсин, хоҳ баланд иморатдан ўзини ташлаб юбориш бўлсин, хоҳ дарëга ўзини ташлаб юбориш бўлсин¸ қай ҳолатда ўзининг жонига қасд қилишлиги, имтиҳондан нажот топа олмасдан охир-оқибатда абадийроқ жаҳаннамда қолиб кетишга сабаб бўлган қаттиқ маъсиятга, қаттиқ гуноҳга қўл урган бўлади.

Менинг айтмоқчи бўлган гапим шуки, мен буни яна хутбаларимда, маърузаларимда таъкидлаб ўтаманки, ана шундай зўрланган аëллар бўлса, ана шундай мазлума бўлган аëллар бўлса, бизга мурожаат қилишсин. Биз уларнинг мақомини жойига қўйиб муомала қиламиз деган, мусулмон, динни тушунган, диннинг фаҳмига етган дўстларимиз кўп. Биз ҳам шулар қаторидамиз.

Озодлик: Ўш ва Жалолобод қирғини кунлари босқинчилар томонидан зўрланиб¸ бугун ҳам ўизмоний¸ ҳам руҳий азобда қолган Ўзбек қиз-жувонларига тиббий ва руҳий ëрдам кўрсатилишига ҳисса қўшмоқчи бўлган миллатдошлар диққатига:

Қирғизистонда тақдир ҳукмига ташлаб қўйилган бу аëлларнинг Ўзбекистон¸ Қозоғистон ëки Россияда даволанишлари учун хайрия қилмоқчи бўлганлар ўз хайрияларини қуйидаги ҳисоб рақамига жўнатишлари мумкин:

DEMIR KYRGYZ INTERNATIONAL BANK
Иззатилла Рахматиллаев
62561
KGS Acc: 1180000027957832
USD Acc: 1180000027957630


Иззатулла Раҳматуллаев билан боғланмоқчи бўлган миллатдошлар учун ҳуқуқ фаолининг телефон рақами: +996 772 666 263¸ электрон почта манзили эса: zakon_poryadok@inbox.ru

Бу жабрдийдаларга оғир кунда ëрдам қўлини чўзганлардан Оллоҳ рози бўлсин!
XS
SM
MD
LG