Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:54

Қозоғистонда Назарбоев истеъфоси бўйича таклифлар янграмоқда


Бу йил 70 ёшни қаршилаган президент Нурсултон Назарбоев, айрим қозоқ мухолифатчиларига кўра, истеъфога кетиши керак.
Бу йил 70 ёшни қаршилаган президент Нурсултон Назарбоев, айрим қозоқ мухолифатчиларига кўра, истеъфога кетиши керак.

Қозоғистондаги айрим мухолифат партиялари президент Нурсултон Назарбоев истеъфоси учун референдум уюштириш бўйича умумреспублика йиғинини ўтказиш ниятидалар. Айни пайтда мамлакатдаги бошқа сиёсатчилар бу ташаббусни фойдасиз ҳаракат ўлароқ баҳоламоқдалар.

Шу йилнинг 25 сентябр куни Қозоғистонда рўйхатга олинмаган “Алға” партияси ҳамда мамлакат Коммунистик партияси вакиллари президент Нурсултон Назарбоевни муддатдан олдин истеъфога чиқариш учун референдум уюштириш масаласи бўйича Олмаотада умумреспублика йиғини ўтказмоқчилар. Бу ҳақда куни кеча мухолифатдаги “Алға” партияси лидери Владимир Козлов журналистларга маълум қилди.

Унинг айтишича, “Народовластие” (“Халқ ҳокимияти” – таҳр.) сиёсий блокига кирган бу икки партия мазкур қарорга Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга элбоши мақоми берилганидан кейин келган.

- Бундай референдум ташаббуси билан чиқиш истаги бизда Конституция ва бошқа қонунларга ўзгартиш киритилиб, Нурсултон Назарбоевга элбоши мақоми берилганидан кейин пайдо бўлганди. “Народовластие” блоки ўша пайтдаёқ бунга рози бўлмаганди ва биз жисмоний шахсга миллат раҳнамоси мақомини беришнинг бемаънилигига жамоатчилик эътиборини қаратиш учун бир неча акциялар ўтказгандик, - деди Владимир Козлов шу йил июн ойида мамлакат парламенти томонидан президент Назарбоевга элбоши мақомини бериш бўйича кўтарилган ташаббусларни эслатаркан.

“Алға” партияси лидери Козлов президент Назарбоев истеъфога кетиши учун унинг ёши бир жойга бориб қолгани ҳамда президентнинг нотўғри сиёсати туфайли мамлакатдаги бойлар ва камбағаллар ўртасидаги жарлик тобора кенгайиб бораётгани каби сабабларни келтирди.

Айни пайтда Козлов 25 сентябр куни ўтказилажак йиғиннинг қонунчиликка нақадар хилоф ёки эмаслигини билиш мақсадида Қозоғистон президенти маъмурияти ҳамда республика Бош прокуратурасига мурожаат қилганини, аммо шу пайтгача улардан жавоб ололмаганини айтди. “Алға” партияси лидери расмийларнинг бу сукутини “розилик аломати” ўлароқ қабул қилганини, шу билан бирга мухолифат йиғини олдидан турли провокациялар уюштирилиши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан ҳоли эмаслигини қайд этди.

“Народовластие” сиёсий блокининг Назарбоев истеъфоси учун референдум уюштириш ташаббуси Қозоғистондаги сиёсатчилар, хусусан, мухолифатчилар томонидан олқишлар билан қабул қилинди, деб бўлмайди.

- Мен бизнинг мамлакатда исталган масала бўйича ҳар қандай референдум ўтказиш имконияти қарийб йўқ, деб ўйлайман – бизнинг партия бунга уриниб кўрган. Бунда албатта катта тўсиқлар, қаршиликлар бўлади, - деди “Азат” умуммиллий социал-демократик партияси ҳамраиси Бўлат Абилов.

Иқтидордаги расмийлар позициясини қўлловчи “Ақ жўл” партияси лидери Алихан Байменов эса мухолифат партиялари турли референдумлар уюштиришдан кўра, мамлакатга наф келтирадиган жўялироқ ишлар билан шуғулланса, маъқул бўларди, деб ҳисоблайди.

- Мен партиялар аҳолининг кўпчилик қисми қўллайдиган реал масалалар билан кўпроқ шуғулланиши лозим, деб ўйлайман, - деди Алихан Байменов Озодлик қозоқ шўъбасига берган шарҳида.

Шунга қарамай, “Народовластие” сиёсий блоки вакиллари Назарбоев истеъфоси учун референдум ўтказиш бўйича мамлакатда етарлича тарафдор йиға олишларига ишонишларини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG