Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:39

Ўзбекистонда наслни камайтиришнинг бошқа усулларига ўтилмоқда


Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги туғилиш суръатини жиловлаш ҳаракатлари қарама-қарши фикрларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги туғилиш суръатини жиловлаш ҳаракатлари қарама-қарши фикрларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги туғиш ëшидаги аёлларнинг мажбурий тарзда стерилизация қилинаётгани борасидаги маълумотларни инкор қилди. Бу амалиëтда бевосита иштирок этаëтган шифокорнинг Озодликка билдиришича¸ аëлларни мажбурий бичиш ҳақидаги хабарлар халқаро майдонда тарқаб кетганидан сўнг жойларда бу амалиëт вақтинча тўхтатилган.



31 июл куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз расмий сайти орқали ихтиëрий жарроҳлик контрацепцияси (ИЖК)деб аталаётган амалиëтнинг айрим ҳолларда мажбурий тарзда қилинганига оид даъволарни инкор қилувчи ахборот тарқатди.

Вазирликка кўра, мамлакатда ихтиëрий жарроҳлик контрацепцияси тиббий мутахассис консультациясидан кейин эр-хотиннинг ёзма равишдаги розилиги билан мутлақо ихтиёрий тарзда амалга оширилади.

Айни амалиётда шахсан иштирок этаётган шифокорлардан бири Озодлик билан аввалги суҳбатларда ушбу амалиётда аёлларни мажбурлаш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида бир неча бор маълумот берган эди.

Аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги баëноти муносабати билан 6 август куни Озодлик қайта боғланган ушбу манба¸ кейинги бир ҳафта давомида аёлларни мажбурий тарзда жарроҳлик столига олиб келиш ҳолатлари вақтинча тўхтатилганини билдирди.

Хавфсизлик боисидан ўз исми ошкор этилмаслигини сўраган ушбу мутахассисга кўра¸ эндиликда маҳаллий шифокорлардан аёлларни жарроҳлик тарзи билан ўтадиган стерилизацияга рози қилиш талаб қилинмаяпти.

- Тошкентда мажбурий эмас¸ ихтиëрий деб айтаяпти. Лекин бизлар тарафда мажбурий кетаяпти. Мажбурлаган билан ҳозир одамлар кўнишмаяпти. Ҳозир амалга ошмаяпти¸ бажара олмаяпти у ишларни. Аëллар умуман рози бўлишмаяпти. Аввалгидай қаттиқ эмас. Бир бошланган эди. Ҳозир уйма уй юрилмайди ҳам¸ сўрамаяпти ҳам¸ талаб ҳам қилмаяпти унчалик. Қаттиқ талаб бўлмаяпти ҳозир. Ҳамма эркин бўлганга ўхшаб қолди.

ИЖК суръати пасайди. Умуман йўқ деса ҳам бўлади. 15 августгача¸ деб бошида анча қаттиқ олишганди. Мана бугун 6 август ҳеч гап йўқ. Ҳозирча қандайдир осойишталик сақланиб турибди. Ўйлашимча¸ чеккадаги босимлар таъсир қилаяптими¸ эшитилаяптими¸ раҳбарият умуман талаб ҳам қўймаяпти. Сўрамай ҳам қўйди. Бир бошланишда қаттиқ талаб қўйилган эди. Ҳозир сўрамаяпти кейин давом этмаса агар. Ҳозирда мажлисларда ҳам кўтарилмаяпти. Мажлислар умуман бўлмаяпти ҳам, дейди ўзи бевосита ИЖК амалиëтига жалб этилган шифокорлардан бири.

Хоразмлик Маржон исмли келинчак ҳам кейинги пайтда ИЖКга аёлларни мажбурлаш кузатилмаётгани, лекин унинг ўрнига эндиликда аёлларни контрацепциясининг бошқа турларига мажбурлаш бўлаётганини айтади.

- Ҳозир аëлларнинг бачадонини тикиш ўрнига докторлар ҳамма туманларга келиб текшириш ўтказиб турибди. Бачадонни тикиш ўрнига мажбуран спирал қўйишаяпти. Ëки бўлмаса укол қилишаяпти. Ҳомиладор қилмайдиган уколларда. Ҳар уч ойда оласизлар деяпти. Кеча келиб текширди бизларни. “Ҳар уч ойда укол қилдирасан” деяпти. Аëллар шундан шамоллаш¸ ҳар хил касал бўлиб ëтишибди. Бизлар бир амаллаб укол қилдирмасдан қайтдик, дейди хоразмлик келин.

Хоразмлик келин тилга олган аёлларга мажбурий тарзда спирал қўйиш ҳолатларининг республиканинг бошқа вилоятларида ҳам кузатилаëтгани айтилмоқда. 6 август куни Озодликка айни шу амалиëтдан шикоят қилиш мақсадида бўлган бир қўнғироқ аёлларга мажбурий спирал қўйиш жараëнига эътибор қаратишга мажбурлади.

Қашқадарёлик келинчак Шоҳиста Маллаеванинг яқинларига кўра, Шоҳиста 26 июл куни биринчи фарзандини туққан пайти¸ туғруқхонадагилар келинчакка билдирмасдан унга спирал қўйишган.

- Умуман хабари бўлмаган унинг. Туққан хотин спирал қўйганини умуман сезмаган ҳам. Туғиб бўлганидан кейин бирдан қўйиб юборган спирални. “Биринчи болага спирал қўймаслик керакку. Қўйганда ҳам туққан хотинга туққанининг орқасидан қўйиш мумкин эмаску” десак¸ “Бизлар президентнинг фармонини бажарамиз” дейишди бизга, дейди Шоҳистанинг қариндоши.

Шоҳистанинг яқинларига кўра, айни пайтда Шоҳистанинг аҳволи ниҳоятда оғир.

- Икки кун турдида роддомда. Кейин жавоб беришган. Бизлар олиб келдик. Олиб келиб уйга қўйдик. Умуман қаддини кўтара олмади. Роддомдан чиққунча ҳам туққан хотин икки букилиб қаддини кўтара олмайди. Биз “Келинойи¸ туққан битта сизми? Қаддингизни кўтариб юринг” десак¸ “Ичимда нимадир бор. Қадалаяпти” деди. Ишонасизми уйда уч кун турган бўлса¸ на кечаси¸ на кундузи ухлай олгани йўқ. Температура чиқиб кетган¸ давление кўтарилиб кетган. Доктор билан тез ëрдам чақирамиз¸ яна маҳалла докторини чақирамиз. Тез ëрдамдагилар “Бунда спирал бор. Ичига спирал қўйишган. Спирал оғриқ бераяпти” дейишди. Кейин биз уни УЗИ га олиб бордик. Текширди. “Спирал қўйилганда спирал қайтиб кетган. Нотўғри қўйилган спирал. Нотўғри жойлаштирилган” дейишди. Биласизми¸ 10-12 та доктор қарайди¸ спирални топа олмайди. Чунки спирални бачадон жойлашмасидан олдин қўйгани учун спирал юқорига тортиб кетганми¸ бошқа жойга қўйганми спирални топиб олишолмаяпти. Лекин келиннинг аҳволи оғир, дейди Шоҳистанинг қариндоши.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ихтиёрий жарроҳлик контрацепцияси ўтказилиши ҳақидаги ахборотда айтилишича, кейинги йилларда контрацепциянинг ИЖК ва спирал турларидан фойдаланиш орқали бу борада яхши натижаларга эришилмоқда.

Ушбу ахборотга кўра, 1990 йилда ўзбек аёллари қўллайдиган ягона контрацепция –аборт бўлган бўлиб, кейинги 19 йил мобайнида аборт қилиш кўрсаткичлари беш мартага қисқарган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, айни пайтда репродуктив ёшдаги ўзбек аёлларининг 67 фоизи ИЖК, спирал каби замонавий контрацепция воситаларидан фойдаланишаяпти.

Тошкентдаги Республика ихтисослашган акушерлик ва генекология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори 22 июл куни Озодликка айтишича, шу пайтга қадар ИЖК тавсия қилинган аëлларнинг қарийб ярми бичиб бўлинган.

- ИЖК ҳозир жуда ҳам активлаштирилган. Мисол учун¸ кўп докторлар центрлардан четларга бориб ИЖК қилишади. Биз ҳам мана неча марта командировкаларга чиқдик¸ контрацепцияга тайëр аëллар бўлса¸ бориб жойларда биздан чиққан мутахассислар ҳаммаси аёлларни операция қилишиб, ВХС (врачебно-хирургическая стерилизация) қилиб келишаяпти. Қаерда яхши хирурглар¸ жарроҳлар бўлса¸ улар уже ўрганишган. Шунинг учун жуда яхши кетаяпти. Худо хоҳласа, энди фоизини аниғини айта олмайман, лекин тахминан 40-50 фоиз аëллар¸ кому показано бўлса, улар уже ВХС бўлишган. Мисол учун¸ биз борган жойларимиз¸ мана биз Наманганга борганмиз. Андижонга борганмиз. Учта-тўртта районга чиқиб Андижондаги ўзларининг профессорлари¸ завкафедра доцентлари¸ жарроҳлар, гинекологлар чиқиб ВХС қилишади. Районларда ҳам ҳар куни беш-олтита одам тайëрлаб қўйишар эди. Ҳар борганда бир ҳафтада 30-40 та аёл ВХС қилиб келардик. Биз борганимизда бир ҳафтада 30-40 та бўлса¸ бир йилда унақа ҳафталардан қанча. ВХС аёллар учун жуда фойдали. Абортдан кўра бу фойдали, деган эди Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртмаси асосида бундай жарроҳлик амалиëтларини бевосита ўтказиб келаëтган мутахассис.

ИЖК амалиётининг Ўзбекистон президентининг 2009 йил 13 апрел ва 1 июлдаги икки қарори асосида амалга оширилаётгани айтилади. Президент қарорларида аҳолининг репродуктив саломатлигини сақлаш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида сўз боради.

Экспертлар ишчи гуруҳининг маълум қилишича¸ 2010 йилнинг 15 февралида президентнинг ана шу қарори аосида республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг туғиш ёшидаги аёлларни ихтиёрий стерилизациялаш тўғрисидаги 40-буйруғи чиққан ва республика бўйлаб аëлларни ихтиëрий-мажбурий бичиш амалиëтига ана шу буйруқ асос бўлмоқда.

Ўзбек аёлларини стерилизация қилиш тадбирининг биринчи босқичи жорий йилнинг 15 августидан 15 апрелигача бўлган. Иккинчи босқич 15 июлдан бошланиб 15 августда тугаши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG