15 июн куни Киевда ўзбекистонлик қочқин Умид Ҳамроев ўзи истиқомат қилиб келган уйида қўлга олинди. 17 июн куни эса Киев вилояти Ирпен шаҳар суди уни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирувга эълон қилинганлиги боис ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарди.
Бир ҳафта ўтиб, 24 июн куни уни яна 40 сутка давомида ҳибсда сақлаш қарори чиқарилди.
Бундан бироз олдин Ҳамроевнинг Украинада қочқинлик мақомини олиш ҳақидаги мурожаати рад этилган эди.
Умид Ҳамроев Украинада ҳибсга олинган ягона ўзбекистонлик қочқин эмас.
29 июн куни Киевда қочқинлик мақоми олиш ҳақида ариза топширган яна бир ўзбекистонлик Қосим Дадахонов ҳибсга олинган. Айни пайтда Ўзбекистон талабига кўра, Қосим Дадахонов ҳам Украинадан экстрадиция қилиниши мумкин.
"Қочқинлик мақоми олиш учун ариза топширган бу иккала ўзбек ҳам ўз диний қарашлари учун Ўзбекистонда терроризм ва экстремизмда айбланиб, қидирувга берилган", демоқда украиналик ҳуқуқ фаоллари.
Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина эндиликда Украина Қозоғистон ва Россия каби қочқинлик мақомини олишни истаган ўзбекистонликлар учун хавфсиз эмас, дейди.
- Украина 2006 йил февралида ўзбекистонлик қочқинларни Қримдан депортация қилганидан сўнг узоқ вақт давомида ўзбек қочқинларига андиша билан муносабат қилар эди. У Қрим депортацияси ноқонуний амалга оширилганлигини тан олган эди.Шу боис бу давлат Россиядан фарқли ўлароқ ўзбекистонлик қочқинлар учун анча хавфсиз давлат эди. Ҳозир рўй бераëтган воқеалар бизни жиддий чўчитмоқда. Шу боисдан биз халқаро хамжамиятга эмас, балки қочқинлик мақомини олиш истагида бўлган ўзбекистонликларни Украинанинг улар ўйлаганчалик хавфсиз давлат эмаслигидан огоҳлантирмоқчимиз¸ дейди ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина.
Елена Рябинина Украинада худди Россиядаги каби ўзбекистонлик қочқинларни Ўзбекистонга бериб юбориш одат тусига кира бошлаётганини таъкидлади. Айни пайтда ҳуқуқ фаоли¸ Украина Жиноий-процессуал кодексининг 461-моддасига асосан давлат қочқинлик мақоми учун мурожаат қилган икки нафар ўзбекистонликни экстрадиция қила олмаслигига урғу берди.
Украинадаги “Ижтимоий ҳаракат” марказининг “Чегарасиз” лойиҳаси ўзбекистонлик қочқинларни ҳимоячилар билан таъминлаган. Мазкур ташкилот ходими Максим Буткевич россиялик ҳуқуқ фаоли каби¸ икки нафар ўзбекистонлик диндорнинг ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкинлигини сиёсий қарор¸ дея баҳолайди.
- Бу икки фуқарони ҳибсга олиниши бизни улар вазиятининг бу ерда қочқинлик мақомини сўраётган бошқа фуқаролардан катта фарқ қилмаслиги билан чўчитиб қўйди. Ўзбекистон фуқаролари ҳам бошқа давлатлардан келиб мурожаат қилаётганлар каби ўз давлатларида диний қарашлари учун таъқибга учрашган, ёки қийноқлар остида бўлишган. Сиёсий қочқинлар сўнгги йилларда камайган. Шу боис бу ерда фақат сиёсий ўйин бўлаётгани кўринаяпти. Яъни, ўз режимига мос келувчи давлатлар билан дўст тутиниш ва уларга кўмак бериш, дейди украиналик Максим Буткевич.
Айни пайтда ҳуқуқ фаоллари¸ Украина хукуматига мурожаат қилиб, қочқинлик олиш учун мурожаат қилаётганларни таъқиб қилишни тўхтатишга чақирмоқда.