Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:29

Европа иттифоқи ва Андижон қирғини: Ким кимни алдади?


Мустақил таҳлилчилар¸ Ўзбекистонга қарши ЕИ сиëсатининг юмшашини Ташқи ишлар вазири Владимир Норов уринишлари маҳсули демоқдалар.
Мустақил таҳлилчилар¸ Ўзбекистонга қарши ЕИ сиëсатининг юмшашини Ташқи ишлар вазири Владимир Норов уринишлари маҳсули демоқдалар.

Эслатма: бу мақола Андижон воқеаларига 5 йил тўлган санада тайёрланган.

​2005 йил 13 май куни Андижонда содир бўлган қонли воқеалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талаби билан Тошкент режимига қарши санкция жорий қилган Европа иттифоқи¸ асосий талаби Тошкент томонидан мутлақ писанд қилинмаганига қарамай¸ 2009 йили ўз санкцияларини ўзи бекор қилди.


2005 йил 15 май: Европа иттифоқи Андижон қирғинини қоралади

2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида ҳукумат кучларининг намойишчиларга қарши ўт очгани оқибатида қанча одам ҳалок бўлгани ва ўша куни Андижонда нима бўлган эди, деган саволлар беш йилдан бери аниқ жавобсиз қолиб келмоқда.

Бу саволлар жавоби қонли воқеалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказилсагина топилиши мумкин, дея баён қила бошлаган эди Европа иттифоқи расмийлари.

2005 йили Британия Ташқи ишлар вазири лавозимида бўлган Жэк Строу Андижон бўйича энг кескин баëнот берган Европа расмийларидан бири эди.

2005 йилнинг иккинчи ярмидан Европа иттифоқи раислигига келаётган Британиянинг ўша пайтдаги Ташқи ишлар вазири Жэк Строу биринчилардан бўлиб бундай чақирув билан чиқиш қилган эди.

- Биз Ўзбекистонда рўй берган мудҳиш воқеаларга оид тезкор ҳаракатлар амалга оширишимиз лозим. Шунинг учун, мен президент Каримовни дарҳол Ўзбекистонда фаолият юритаётган нодавлат ва халқаро ташкилотлар ҳамда дипломатларга Андижонга бориб, вазиятни бевосита ўрганиш имконини беришга чақираман. Мен шунингдек, одамларнинг нега ўлдирилгани, улар қай вазиятда ўлдирилгани ва бунинг учун ким масъул эканини аниқлаш мақсадида мустақил халқаро тергов ўтказилишига чақираман. Бу тергов ишончли ва шаффоф тарзда ва тегишли халқаро идораларнинг иштирокида ўтказилиши шарт, деган эди юқори даражали Британия дипломати Андижон воқеаларидан бир неча кун ўтиб.


2005 йил ноябр: Европа иттифоқи Андижон учун Тошкент режимини жазолади

Ўзбекистон ҳукумати Европа ва АҚШ расмийларининг мустақил текширувга оид талабларини беписанд қолдирди ва 2005 йилнинг ноябрида Европа Кенгаши Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкция жорий қилди.

Бир йиллик муддатга жорий қилинган жазо чораларининг биринчи пункти ўлароқ, Андижонда намойишчиларга қарши ëппасига ўт очиш ва номутаносиб куч ишлатилиши учун масъул бўлган ҳамда қонли воқеалар юзасидан мустақил тергов ўтказилишига тўсқинлик қилаётган Ўзбекистон расмийларининг Европа иттифоқи ҳудудига киритилиши тақиқланди.

Қора рўйхатга Ўзбекистон президенти киритилмаган бўлса-да, унга ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов, Мудофаа вазири Қодир Ғуломов, ҳозирда ҳам амалда қолаётган Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов каби расмийларнинг исмлари киритилган эди.

Ўзбекистонга қурол эмбаргосининг ҳам жорий қилинишини кўзда тутувчи санкцияларнинг бесамар экани бошиданоқ кўрилди. Зотан санкциялар эълон қилинган куннинг эртасига виза чеклови рўйхатида номи биринчи қаторга қўйилган Ички ишлар вазири Зокир Алматовнинг Германиядаги касалхонада даволанаётгани аниқланди. Ўзбекистон билан Европа ўртасида қурол олди-сотдиси шундоқ ҳам бўлмагани боис, қурол эмбаргоси кўпчилик сиёсатшунослар томонидан ўта рамзий, дея баҳоланди.


2006 йил ноябр: Европа иттифоқи қатъияти яна бир йилга узайди

Орадан бир йил ўтиб, 2006 йилнинг ноябрида Европа кенгаши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятнинг яхшиланмагани ва қонли воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказишга имкон берилмагани боис санкциялар жумласидан виза чеклови олти ойга, қурол эмбаргоси бир йилга узатирилди.


2007 йил ноябр: Европа иттифоқи ўз қароридан пушаймон бўла бошлади

2007 йилнинг май ойига келиб, Европа иттифоқининг Тошкент режимига нисбатан позицияси юмшай бошлади ва Термизда ўз ҳарбий базасига эга бўлган ва Европа иттифоқи раислигини ўз зиммасига олиш арафасида турган Германия Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни умуман бекор қилиш ғоясини илгари сура бошлади.

Ўзи жорий қилган санкциялардан чарчай бошлаган Европа иттифоқи “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид вазият яхшиланаётгани, хусусан, қамалган ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларнинг баъзилари озод қилингани бунинг далилидир” қабилидаги баёнотлар қила бошлади.


2007 йил баҳори: Тошкент Европа иттифоқига дакки берди

Германия Европа иттифоқи раислигига келгач¸ Марказий Осиёга нисбатан янги стратегия жорий этилишини эълон қилди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва аксар таҳлилчилар томонидан инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятларни стратегик манфаатларига қурбон келтириш, дея баҳоланган бу стратегия Тошкент сиëсати учун жиддий рағбат бўлди. Бу стратегияда бутун минтақа¸ хусусан Ўзбекистон билан энергетика ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик Брюссел учун устивор мақсад қилиб белгиланди.

Европа иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар яхшиланишининг асосий муаллифлари Германия собиқ ташқи ишлар вазири Штайнмайер ва унинг ўзбекистонлик ҳамкасби Норовлардир.

2007 йилнинг апрелида санкциялар масаласи Европа Кенгашида кўриб чиқилиши арафасида Брюсселга сафар қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов, санкциялардан Ўзбекистон эмас, биринчи навбатда Европанинг ўзи зарар кўраётганини таъкидлади. "Ўзбекистон Андижон воқеалари учун ҳеч кимнинг олдида жавоб бериш ниятида эмас", деган эди жумладан жаноб Норов.

- Биз ҳеч кимнинг олдида ўзимизни оқлашни истамаймиз. Биз ҳар доим барча масалалар, жумладан инсон ҳуқуқлари масаласида ҳам очиқ мулоқот тарафдори бўлиб келганмиз, яъни бу ерда устоз ва шогирд ёхуд етакловчи ва етакланувчи вазияти бўлмаслиги лозим. Ана шундагина ҳамкорлик тенг ҳуқуқли, Европа иттифоқи сиёсати эса самарали бўлади, деган эди Владимир Норов.

Ўша йилнинг ноябр ойида Германия раислигидаги Европа Кенгаши санкциялар масаласини кўриб чиқиб, уларни яна узайтиришга қарор қилди, бироқ “Ўзбекистонда кузатилаётган ижобий ўзгаришлар ва ЕИ билан Ўзбекистон ўртасида ўрнатилган инсон ҳуқуқларига оид мулоқотни инобатга олган ҳолда” виза чекловининг кучи олти ойга вақтинча тўхатилди. Олти ойдан кейин виза чеклови кучини вақтинча тўхтатиш қарори яна олти ойга узайтирилди.


2007 йил баҳори: Пъер Морел ЕИ нинг танг ҳолга тушганини тан олди

Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел мазкур қарор барча омилларни ҳисобга олиб қабул қилинди, дея баён қилди.

Брюссел ва Тошкент алоқаларини қайта таъмирлаш мақсадида Пъер Морел ўтган йиллар давомида Тошкентда кунда-шунда бўлиб қолди.

- Бу қарор мувозанатли қарордир, унга нисбатан турлича муносабатлар бўлаётганини тушуниш мумкин, чунки ўйин қоидалари шунақадир. Уни қабул қилишда кўплаб омилларни ҳисобга олишимизга тўғри келди. Лекин бу қарорни оддий қилиб изоҳлаш мумкин - Ўзбекистондаги вазиятга оид хавотирларимиз сақланиб қолмоқда ва Тошкент ҳукуматига қўйилган талабларимиздан қайтганимиз ҳам йўқ. Лекин бу қарорни танқид қилаётганларга мен ҳам "Нима қилишимиз керак эди?" деган саволни қўйишим мумкин. Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот ўтказиш таклифини рад этишимиз керакмиди? Андижон воқеаларини тафтиш қилиш имконини берувчи фурсатни рад қилишимиз керакмиди? Тўғри¸ қарама-қаршиликлар сақланиб қолмоқда, лекин бунга аниқлик киритишга оид ҳар қандай имкондан фойдаланишимиз лозим, дея таъкидлаган эди Озодлик билан суҳбатда Морел жаноблари.


"Европа иттифоқи ўзи ва бошқаларни алдашга ўтди"

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вице-президенти Алан Делетроз Европа иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан Андижон воқеаларидан кейин олиб борган сиёсати танқидчиларидан бири. Пьер Моррел илгари сурган саволларга Делетроз мулоқот қилиш жуда яхши, лекин мулоқот қилаяпмиз, дея кундан-кунга ёмонлашиб бораётган вазиятга кўз юмиш ўзини-ўзи алдашдан бошқа нарса эмас, дея жавоб қайтаради.

- Мулоқот олиб бориш ёмон эмас. Аксинча¸ мен Европа иттифоқи Ўзбекистон билан олиб борган мулоқот фойда берди, деган фикрдаман. Чунки бу мулоқот натижаси ўлароқ, бир неча ҳуқуқ ҳимоячиси ва мустақил журналистлар озод қилинди. Шунинг ўзиёқ мулоқотнинг фойдаси борлигини англатади. Лекин сиёсатчилар, айниқса, Европа сиёсатчиларининг ўзлари алдашни ёқтирадиган одатлари бор. Биз европалик сиёсатчи ва дипломатларнинг Ўзбекистонда янги имкониятлар очилмоқда, қабилидаги баёнотларини 17 йилдан бери эшитиб келмоқдамиз, лекин уларнинг Ўзбекистон каби режимларнинг мудҳиш қилмишларига бармоқ орасидан қараш йўлини танлаши ҳам бор гап, дейди таҳлилчи Делетроз.


2008 йил ноябр: Европа иттифоқи ўз талабидан воз кечди

2008 йил ноябрида Андижонда намойишчиларга қарши ëппасига ўт очиш ва номутаносиб куч ишлатилиши учун масъул бўлган ҳамда қонли воқеалар юзасидан мустақил тергов ўтказилишига тўсқинлик қилаётган Ўзбекистон расмийларига нисбатан жорий қилинган виза чекловининг бутунлай бекор қилингани Делетрознинг бу фикрларини тасдиқлади.

Чунки Европа кенгашининг бунга оид резолюциясида, санкциялар жорий қилинган пайтда қўйилган асосий шарт – қонли воқеалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талаби бажарилмагани ҳақида индамай қўя қолинди.

Алан Делетроз ЕИ нинг Ўзбекистонга нисбатан тутаëтган иккиюзлама сиëсати танқидчиларидан бири.

Алан Делетроз буни Ўзбекистон дипломатиясининг “Европадаги шахсий алоқаларига асосланган ғалабаси”, дея баҳолайди.

- Ўзбекистон дипломатияси, хусусан жаноб Владимир Норов санкцияларнинг бекор қилинишига эришиш мақсадида Берлинни Брюсселда қаттиқ ҳаракат қилишга кўндиришда катта муваффақият қозонди. Бу муваффақиятни Ўзбекистон билан Германия, қолаверса Ўзбекистон билан Европанинг аксарият давлатлари ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланганида ҳам кўриш мумкин. Албатта, бунда Ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллашдан олдин Берлин ва Брюсселда элчилик қилган жаноб Норовнинг шахсий алоқаларининг катта рол ўйнагани шубҳасиздир. Бунинг учун уни табриклаш мумкин холос. Лекин мен бундай сиёсат тарафдори эмасман, чунки давлатлар ўртасидаги сиёсатнинг шахсий муносабатлар билан ҳал қилиниши қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир. Бундан ташқари, Ғарб давлатларининг бу каби музокараларда ҳар доим ҳам принципиал ва қатъий позицияни сақлаб қолиш қобилиятига эга эмаслигини қайд этиш лозим, дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вице-президенти Алан Делетроз.

Ўзбекистон МХХ си раиси Рустам Иноятов сурати жамоатчиликка деярли нотаниш.

2009 йил ноябр: Тошкент ғалабаси муҳрланди

2009 йилнинг ноябрида, санкциялар жумласидан рамзий аҳамиятга эга бўлса-да кучда қолаётган қурол эмбаргоси ҳам бекор қилинди.

Ўтган ҳафта эса, Брюсселда Андижон воқеаларининг беш йиллиги муносабати билан иккита тадбир ўтказилди. Тадбирлардан бири “Андижон воқеаларидан беш йил” ўтиб, деб номланди ва унда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва 2005 йил 13 май воқеаларнинг бевосита гувоҳлари иштирок этди. 4 май кунги бу тадбирга Европа иттифоқи мулозимларининг энг қуйи даражадаги котиблари юборилди¸ холос.

2010 йил май: Рустам Иноятов Брюсселда азиз меҳмон

Бу тадбирдан бир кун ўтиб - 5 май куни Брюссел идораларида Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ўртасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот доирасида навбатдаги мажлис бўлиб ўтди. Европа иттифоқининг нуфузли мулозимлари мезбонлик қилган мажлисда, Ўзбекистон томонидан Адлия, Ички ишлар вазирлари ва бошқа мулозимлар қаторида, беш йил аввал виза чеклови қора рўйхатида бўлган ва мустақил текширув ўтказилмагани боис тинч намойишчиларнининг ўққа тутилгани учун масъул эмаслиги исботланмаган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов ҳам қатнашди.

XS
SM
MD
LG