Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:53

Туркистон легиони: Отилмай қолган камон


Туркистон легиони байроғининг чап тепасига нацистлар эмблемаси қўйилган.
Туркистон легиони байроғининг чап тепасига нацистлар эмблемаси қўйилган.

Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 73 йиллиги нишонланаëтган айни кунларда Озодлик таҳририяти ўз архиви ëрдамида Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг ўтган аср 20-йилларидан сўнг умрини муҳожиратда давом эттирган бутун бошли даврига яқинроқ назар ташлашга қарор қилди.


Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг айнан ана шу даври ҳақида мустақилликдан қарийб 27 йил ўтиб ҳам Ўзбекистонда оғиз очилмайди¸ тарих китобларида бу давр мутлақ тилга олинмайди. Бундай чала тарих ўқитилаëтган ўзбекларнинг неча авлоди миллий озодлик мафкураси¸ Туркистонни советлар босқинидан озод қилиб¸ унда яшовчи миллатларни истиқлол ва истиқрорга олиб чиқиш уринишлари 30-йилларда Чўлпон ва Фитратлар билан бирга тупроққа кетди¸ битди¸ деган хато тасаввурда улғайди ва ҳамон улғаймоқда.

Аммо аввалига совет¸ бугун эса Ўзбекистон тарих китобларига киритилмаганига қарамай¸ бу озодлик ҳаракатининг тарих юзидан ўчириб бўлмайдиган саҳифалари мавжуд ва ана шу саҳифаларни омон сақлаш илинжида Озодлик ўз архивидаги айрим материалларни нашр этишга қарор берди.

Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг муҳожиратдаги етакчиларидан бири Вали Қаюмхон ва унинг раҳбарлигида 1942 йилда ташкил этилган Туркистон легиони фаолиятига бағишлаб ўтказилган суҳбат 1996 йили Озодлик студиясида ëзиб олинган. Суҳбатдош - легиончилардан бири Ҳусайн Икром бугун йўқ - талотўпли тарихий даврнинг бевосита гувоҳи бўлган бу шахс бир неча йил муқаддам оламдан ўтди.

Ҳусайн Икром билан суҳбат матнини эътирборингизга ўзгаришсиз тақдим этамиз.

**************************************

Тарих истак майлига эга эмас дейдилар. Зеро уни кимнингдир истак ва хоҳишига кўра ўзгартиришнинг иложи йўқ. Шу боис тарихни борича қабул қилиш ва ундан келажак учун муайян сабоқлар чиқариш лозим. Қолаверса тарих миллат тафаккури ҳамда унинг келажак йўлларни ëритгувчи ўзига хос чироқдир. Шу боис Туркистон миллий озодлик кураши тарихининг айрим қоронғу саҳифаларига оз бўлса-да ойдинлик киритиш истагида бугунги махсус дастуримизни яна унда ўчмас из қолдирган сиймолардан бири хотирасига бағишладик.

Вали Қаюмхон муҳожиратдаги Туркистон ҳукуматининг президенти бўлган.

- Мен Тошкентда туғилганман. Пичоқчилик маҳалласида ўсганман. Мен турли мактабларни битиргандан сўнг ҳаттоки эски мактабни битиргандан сўнгра¸ Навоий мактабини битиргандан сўнгра¸ айниқса¸ менга катта таъсир берган киши Фитрат. Орамизда катта устоз билан яқинлик пайдо бўлди ва мени Бухорога чақирди. Бухорога бормасдан илгари буюк ҳоқон Темур сағанасининг олдида тиз чўкиб ваъдаларда бўлдим. Кўзимдан ëш чиқди. Фитратнинг олдига борган вақтимда Фитрат мендан бирор миллий масалалар устинда сўз олмоқчи бўлди. Қўл бердим¸ онт ичдим ва менинг Оврўпога қайтиб кетишимда “Қайтиб келмайсан. Вазифаларни адо қилмагунча қайтиб келмайсан” деди. Мен хўп дедим. Истасйўнга (темир йўл вокзали – таҳр.) отам¸ акам чиқиб зўрладилар қолгин деб. Мен “Ваъда бердим. Қайтмайман йўлимдан” деб кетдим. Отам ва акам кўзида ëш билан қайтиб кетди. Келгандан бери шу берилган ваъда¸ шу берилган сўзлар остида¸ шу берган ваъдаларимнинг асосида Туркистон миллий истиқлол байроғи остида қасам ичганим учун бугунга қадар бир давлатнинг қарамоғига ўтганим йўқ. Мен Туркистон миллий истиқлол байроғи остида онт ичдим. Шу онтга бугунга қадар турғун бўлиб келмоқдаман.

Буюк соҳибқирон сағанаси олдида тиз чўкиб бу каби улуғ масъулиятни ўз бўйнига олган зот Вали Қаюмхон отадир. 1921 йили бор-йўғи 18 ëшида Германияга ўқишга келганича¸ умрини муҳожирликда ўтказган марҳум Қаюмхон ота бугун орамизда йўқ.

Хўш¸ бугунги ўзбеклар¸ қолаверса туркистонликлар Туркистон миллий озодлик ҳаракати раҳнамоларидан бири¸ Абдурауф Фитрат топшириғига кўра хорижга кетиб ана шу олий мақсад йўлидаги курашни имкон қадар давом эттирган Вали Қаюмхон шахси ҳақида нималарни билади? Афсуски¸ деярли ҳеч нарса. Билганлари¸ у киши бўйнига “ватан хоини” деган тавқи лаънат осилганидир.

Бугун кимларгадир ëқиш-ëқмаслиги ва зиддиятли бўлишидан қатъий назар бу лаънат тамғаси остидаги шахснинг асл қиëфасига боқиш фурсати етмадимикан? Ана шу эҳтиëж турткисида Вали Қаюмхон шахси ва у 2-жаҳон уруши йиллари тузган Туркистон легиони фаолиятига бағишланган махсус бир суҳбат уюштиришга қарор қилдик.

Туркистон озодлиги ҳаракатининг қоронғу нуқталарини ëритиш¸ Вали Қаюмхон ким эдию¸ Туркистон легиони нима эди¸ деган саволларга жавоб топишда Озодлик радиоси ўзбек шўъбасининг собиқ директори¸ Вали Қаюмхон билан узоқ йиллар биргаликда фаолият олиб борган Ҳусайн Икром жаноблари ëрдам берадилар.


Озодлик: Муҳтарам Ҳусайн Икром жаноблари¸ суҳбатимизни "Вали Қаюмхон ўзи ким эди?" деган савол атрофидаги кузатишларингиздан бошласак. Марҳамат.

Ҳусайн Икром: Албатта¸ бир ëт элда мунтазам миллий қўмитасига 100 мингдан ортиқ ëшларимизни ўз сафига жалб қилган Туркистон легионига эга бўлган озодлик кураши¸ аслида мамлакатда оқ ва қизил мустамлакачи истибдодга қарши узун йиллар юритилган қонли курашларнинг чет элдаги давомидир. Унинг ичида бунинг ўзига хос узун ва порлоқ тарихи бор. Албатта¸ буни 10-15-20 дақиқалик бир суҳбатда тамом ëритиб бўлмайди. Мен бу суҳбатимизда бундан уч йил аввал (Вали Қаюмхон ота 1993 йилда вафот этдилар - таҳр.) худди шу кун 89 ëшида вафот этган Вали Қаюмхоннинг ҳаëт ва фаолиятларидан бошлаб шу тарихдан қисқа сўзлаб берайин.

Қаюмхон 1920 йил бошида қурилган Бухоро Халқ жумҳуриятининг раиси Файзулла Хўжаев¸ Маориф нозири Абдурауф Фитрат¸ Туркистон мухтор жумҳурияти раҳбарлари Турор Рисқулов¸ Абдулла Раҳимбоевлар тарафидан ўша йилларда Оврупода илм-фанда тараққий этган Германияга ўқишга юборилган 70 нафарга яқин туркистонлик талабалардан бири эди. Қаюмхон Берлин университетининг Зироат ва қисқа вақтдан сўнгра Сиëсий фанлар факултетини тугатиб¸ ҳар иккисида ҳам давлат имтиҳонини қозонади. Германия матбуотида ишлаб¸ Туркистоннинг миллий масалаларига оид мақолалар ëзишга бошлайди. Қаюмхон билан бирга ўқиганлардан кўплари ўқишни битиргандан кейин Туркияда муҳожир бўлиб қолиб кетишади. Ватанга қайтган беш йигит¸ икки аëл Сталин шахсига сиғиниш кучайган йилларда репрессиянинг қурбони бўлади. Уларни немис жосуслари¸ Германиядаги қандайдир бир миллатчилик ташкилотининг аъзолари сифатида асоссиз айблаб йўқ этадилар.

Озодлик: Ҳурматли домла¸ сиз юқорида Туркистон легионини айтиб ўтдингиз. Миллий озодлик ҳаракатининг ўзига хос давоми бўлган Туркистон легионини яратиш ғояси қачон туғилгани ва унинг мақсади нималардан иборат бўлгани ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз.

Ҳусайн Икром: Кўп яхши. Сизнинг бу саволингиз муҳтарам тингловчиларимизни қизиқтирган ва билишлари керак бўлган энг муҳим масалани ўз ичига олган савол. Буни англатиш учун кўпроқ вақтингизни олишга тўғри келади.

Қўқон мухторияти раҳбарларидан бири Мустафо Чўқай.


Германия-Русия уруши бошланганда Вали Қаюмхон Германияда қолган биргина туркистонлик эди. Собиқ Қўқон мухторият ҳукуматининг раиси Мустафо Чўқай ўғли у вақт Парижда истиқомат қиларди. Қаюмхон урушнинг бошланғич ойларида асирлар орасида мингларча туркистонликлар борлиги¸ улардан лагерларда асирлик азобида ўлаëтган воқеаларни ўрганади ва Парижда истиқомат қилаëтган Мустафо Чўқай ўғлини бундан хабардор қилади. Қаюмхон лагерлардаги ғайриинсоний муомалаларига қарши туркистонликларнинг муҳожирликдаги вакили сифатида ҳукумат идораларига¸ олий қўмондонликка такрор-такрор шикоят ëзади. Асирларни қиш азоби¸ очлик ўлимидан сақлаб қолиш учун фожиани ерида кўриб¸ унга чора қидиришда бирга ишлашни ишғол этилган ўлкалар масаласи билан шуғулланувчи Шарқ министрлигига¸ олий қўмондонликка таклиф қилади. Натижа ўлароқ вазиятни ўз ерида кўриб текшириш учун комиссиялар тузилади.

Қаюмхон ва Мустафо Чўқай у комиссиялар сафида Полшага борадилар. Лагерма лагер юриб мудҳиш ўлим фожиасини ерида кўрадилар. Лагерларда очлик¸ сувсизлик¸ кирликдан бит босиш натижасида пайдо бўлган клектифус яъни тиф касали кеча-кундуз юзларча асирларни ҳаëтдан маҳрум қилаëтганини¸ юзларча асирлар ерда тупроққа беланиб жон бериш ҳолида ëтганининг гувоҳи бўладилар ва дарҳол Ҳитлерга маълумот берадилар. Полшанинг Ченстаҳау шаҳридаги энг катта лагерда тиф деган офат нақадар даҳшатли тус олаëтгани ҳақида хабар олган давлат министри Алфред Розенберг Ҳитлерга 1941 йилнинг декабрида у лагерда ҳар куни 250 киши ўлаëтганини билдиради.

Мустафо Чўқай ўғли асирлар орасида юрганда унга ҳам юққан экан¸ Берлинга қайтгандан кейин тиф билан оғриб бир касалхонада вафот қилади. Қаюмхон асирлар вазиятининг яхшиланиши учун курашини давом эттиради. Текширув ва шикоятлар натижаси ўлароқ декабр охирида Германия олий қўмондонлиги “Бутун лагерлардаги совет асирлари озиқ-овқат билан муайян белгиланган нормада таъминлансин. Уларнинг соғлиғига эътибор берилсин” деб буйруқ чиқаради. Қисқа вақтда яхши ташкилотчилик қобилияти билан Германия ҳукумати ва аскарий доираларнинг ишончини қозонган Қаюмхон энди мингларча асир туркистонликларни очлик¸ касаллик ва ўлим хавфидан тамом қутқариб уларни бутунлай озод қилиш билан улардан турли ишларда фойдаланишни таклиф ва талаб қилади ва бу мақсадига ҳам эришади.

Озодлик: Айтганларингиздан кўриниб турибдики¸ Вали отанинг ташаббуси билан минглаб туркистонликлар муқаррар ўлим ва асирликдан озод қилинганлар.

Туркистон легионерлари.

Ҳусайн Икром: Тўғри. Аввал катта-катта шаҳарларда ишчи баталонлари қурилади. Сўнгра турли лагерлардан ойма-ой озод қилинган туркистонликлар уларда нормал озиқ-овқат¸ кийим-кечак билан таъминланиб ишлай бошлайдилар. Лагер азоби ва ўлимдан сақланиб қолган туркистонликлар Қаюмхоннинг бу ватанпарварлик хизматлари туфайли уни тақдирлаб “ота” деб хитоб этишга бошлайди. Қаюмхон ҳақиқатан ҳам барча муҳожир туркистонликларнинг отаси эди. Қаюмхон асирликдан озод қилинган туркистонликлар орасидаги миллий зиëлиларимиздан тўплаб Миллий Туркистон бирлиги қўмитасини қуради. Бу қўмита чет элдаги туркистонликларнинг ҳукумати ўлароқ шакллантирилади. Қаюмхон унинг президенти бўлади. Буни Германия ҳукумати расман танийди ва Миллий Туркистон журналининг 1942 йилги биринчи сонида баëн қилади.

Қўмитанинг ҳарбий¸ таълим-тарбия¸ илмий ишлар бўлимлари¸ соғлиқни сақлаш¸ ахборот¸ журнал-газета¸ матбуот ва муҳожирликдаги туркистонликларнинг турли талаб истаклари билан шуғулланувчи шўъба¸ бошқармалари ташкил қилиб¸ буларда Миллий Туркистон¸ Миллий адабиëт журнали¸ Ëш Туркистон газетаси бошқармаларида 50 дан кўп миллий зиëлиларимиз¸ яъни туркман¸ тожик¸ қирғиз¸ қозоқ¸ ўзбеклар ишлар эдилар. Газета-журналларни нашр этиш учун бутун қабилаларимиз ўқиб англайдирган шакл ва мазмунда ўрта тил яратилган эди. Бироз аввал қайд қилганимдек¸ қўмита қурилиши билан баробар асирликдан озод қилинган туркистонликлардан кўнгилли равишда Туркистон легиони тузилган. Германия генерал штабининг урушнинг сўнгги ойларида берган маълумотларига кўра¸ Туркистон легионида 110 минг билан 130 минг орасида туркистонлик аскар хизмат қилган. Газета-журналлар жабҳаларда аскарларга¸ ишчи баталонларга тарқатилган. Миллий Туркистон журналининг нашри урушдан кейин ҳам 1976 йилга қадар давом этди.

Озодлик: Вали Қаюмхон ота ҳақидаги суҳбатимиз ўз ўзидан Туркистон легионига келиб тақалаяпти. Домла¸ мени қизиқтираëтган савол шуки¸ наҳотки 110-130 минг аскарлик легион орқали Вали ота ватани Туркистонни совет империясидан озод қилиш имкониятига ҳақиқатан ҳам ишонган бўлсалар?

Туркистон легионининг аъзолар формасига қадалган эмблемаси.


Ҳусайн Икром: Ишонгани¸ мамлакатимизнинг ичидаги миллий озодликнинг ҳақиқий негизи, ҳақиқий нуқтаси ва ҳақиқий ғояси эди. Ота унга ишонган эди. Ташқаридан бу қилинаëтган ҳаракат ичкаридан қилинаëтган ҳаракатга бериладирган куч¸ қувват¸ мадад ҳисобланарди. Ота ҳеч қачон “Сиз бу ерда қўлингизда қурол билан ватанни озод қилиб ватанга кирасиз ва ватанни идора этасиз” деган нарсани ҳеч ақлига келтирган эмас ва урушдан кейин ҳаммамизга айтар эди: “Ватан озод бўлади. Ватанга кетиб ҳур¸ озод яшайсизлар. Ота-оналарингиз¸ авлодларингиз билан қўшиласизлар. Муродингизга етасизлар. Аммо ҳукуматни у ерда ўтирганлар¸ у ердан курашиб озод қилганлар идора этади” деб ҳамма вақт айтар эди.

Табиий истак¸ орзу¸ мақсад озодлик курашини бу ëқда қурол билан давом эттириш¸ аммо бунинг ичида “биз озод қиламиз мамлакатни бу ерда ўтириб ва озод қилиш билан биз ўзимиз кириб борамиз” деган ғоя¸ фикр¸ тушунча¸ истак¸ орзу бўлмаган. Ҳаммамизда, масалан, шу ерда қатнашганларда “Иншооллоҳ бир йўл билан озод бўлсинда ватанга кириб борайлик. Ватанимизни кўрайлик. Бола-чақаларимиз¸ ота-оналаримиз билан қовушайлик. Ватанимиз ҳур бўлсин¸ озод бўлсин. У замон муродимизга етган бўламиз” деган умид бор эди.

Деганингиз кўп яхши нарса¸ кўп яхши савол. Бу бир фантазия бўлиши мумкин эди агар бу қабул этилсаки¸ “бу ерда 130-150 минг киши билан ватанни озод этамиз деб ўтирибди” деган тушунчалар туғилиши мумкин. Аммо ундай нарса йўқ эди. Курашиш маъноси ичкаридаги курашга сирли¸ махфий давом этаëтган курашга бу тарафдан ундов беришлик¸ туртки беришлик¸ у ерда уларни уйғотишлик. “Орқамизда куч бор. Бизга ëрдамчи силоҳ билан турган кучлар бор” деган уларга умид¸ истак ва жасорат беришлик. Мақсад бу эди.

Унинг учун деганимда¸ такрор дейман¸ Қаюмхон ота дердики¸ “Сизлар ватанни озод қилиб¸ у ерда ҳукумат қурамиз¸ идора этамиз деб ақлингизга келтирманг” деб ҳамма вақт такрорларди. “Биз кирмаймиз” дерди. “Шу чегарага қадар бориб томоша қилиб турамиз. Эшикни очиб "Киринглар!" деса кирамиз. Бўлмаса яна шу ëқда ташқарида қолиб истаган вақтларида чақирсалар кирамиз” деб ҳамма вақт такрорларди.

Туркистон легионининг туркий тиллардаги турли эмблемалари.

1948 йилда урушдан кейин Олмонияда қолган турк мусулмонларининг Туркияга муҳожир ўлароқ келишлари ҳақида фармон чиқади. 1948 йилда икки йиллик байналмилал трибуналининг маҳкамасидан озод бўлиб чиққанидан кейин Қаюмхон ота Мюнхенга келди. Катта бир тўпланиш бўлди қозоқ¸ рус¸ туркман. У вақтда неча юз киши бор эди бу ерда. Вали Қаюмхон ота “Уруш битди. Биз ғоямизга эришдик. Қиладиган ишимизни қилдик¸ бу қадарлик. Аммо ҳали миллий кураш тугагани йўқ. Чунки ватан озод бўлгани йўқ. Ватандагилар энди нақадар ичкаридан давом эттира олсалар¸ идеологик куч-қувватни сақлаган ҳолда биз шу тарафдан туриб яна шуни давом эттиришга ëрдам қиламиз. Буни қилишни истаганларингиз бўлса¸ Олмонияда қолинглар. Агар “Йўқ¸ энди бироз роҳат кечирайлик. Биз ҳам ҳаëт кечирайлик” деган кишилар бўлса¸ Туркиянинг ҳозир эшиги очиқ. Туркия бизнинг ҳозир иккинчи ватанимиз. У ерга бориб¸ Туркиянинг президенти у вақтда Исмет Иненю эди¸ ерлашинглар. Бу сизлар учун¸ бизлар учун буюк бир фурсат. Аммо бу ерда қолганлар устимизга униформа киямиз¸ деган ҳар хил фикр бўлмасин. У битди. Иккинчидан¸ ҳаммамиз бу ерда қўлимиздан келгунча имкон¸ ҳунар¸ маслагимизга кўра ишлаб¸ нонимизни ўзимиз қозониб¸ шу қозонган нонимизни ейишимиз билан курашни давом эттирамиз. Бунга қўлдан келгунича ҳаммангиз қатнашасиз. Энди “эртага¸ индинга ватан озод бўлади” деган ҳавойи истак йўлига кирмаслигимиз керак. Мамлакатимизнинг бундан кейинги кураши балки узун давом этар. Озод бўлишлиги яна бир неча йиллар давом этар. Аммо озод бўлади. Вақт келади¸ озод бўлади. Унга қадар ҳаëтда бўлсак¸ дарвоза бизга очиқ. Ҳаммамиз¸ иншооллоҳ¸ етиб борамиз” деди.

Асл мақсад¸ деганингиздек¸ курашни давом эттириб¸ курашда ташқаридан ëрдам билан ғалаба қозонар эканмиз¸ мамлакатнинг ўзининг ичида ота-онасини¸ бобосини¸ бошқаларини қурбон қилиб курашган кишиларнинг ўзини ҳокимиятга келтиришлик. Яъни мамлакатимизнинг ичида қон тўкиб махфий равишда¸ очиқ равишда ҳаракат билан жазоланган ва бошқаларнинг бола-чақалари¸ ундан кейин қолган етишиб чиққан кадрларимиз ҳокимиятга чиқиб уни идора этишлари керак ўзлари¸ биз эмас. Бундай озодлик кураши тарихини яратган Вали Қаюмхон¸ афсуски¸ ватанини қайта кўра олмасдан бундан уч йил аввал айни шу кун ( 1993 йил 13 август) 89 ëшида вафот этди.

Озодлик: Домла¸ рухсатингиз билан ана шу ҳазин сўзларингиздан сўнг суҳбатимиздан бироз чекиниб¸ Вали отанинг ҳаëтлари сўнггида қилган дил изҳорлари¸ олисдаги ўз ҳамюртларига айтган қалб сўзларини эшитсак.

Туркистон легионерлари ўз байроғи билан.

- Ҳозир армоним йўқ. Менинг биргина бутун кун тушунишим¸ ëзишим¸ ишлашим ëлғиз Туркистон деб тушунаман. Туркистон халқларининг бахти¸ Туркистон халқининг саодати¸ Туркистонга ўзимиз эркин бўлайлик деган фикрда дуода¸ ҳар оқшом дуода бўламан. Мен масжидларга бормайман. Лекин ҳар оқшом дуо қилсам¸ Оллоҳдан ëлворишиб “Туркистонни озод қилишда ëрдам бер” деб илтимос этаман. Мен борлиғимла юртга боғланиб қолган кишиман. Табиий¸ юртимни кўрмоқ истайман. Ҳар замонда туркистонликларга “Мамлакатга келгандан кейин¸ менга Миллий Туркистон бирлиги қўмитаси ҳисоботини бергандан кейин¸ мен ишдан чекилиб¸ қўмита ишдан чекилади. Халқ истаган давлатни қурсин. Менга олти ой даврда битта кичкина уй ясаб беринглар. Ўша ерда яшамоқ истайман. Оллоҳ насиб этса балки” деган эдим. Азиз ватандошларга¸ биз¸ мен сизлардан узоқда¸ жуда узоқда яшайман. Лекин биз¸ бизлар узоқда яшасакда дилимиз¸ тилимиз¸ йўлимиз барчаси сизлар билан бирликда. Яъни Туркистон эркинлик йўлида бирдир.

Озодлик: Бу сўзлардан кейин суҳбатни давом эттириш бироз мушкул. Афсуски¸ Вали Қаюмхон отанинг ҳозир эшитганимиз орзулари армон бўлиб қолиб кетди. У кишига ватан тупроғини қайта кўзга суриш ва ундан сўнгги маконни топиш насиб этмади. Бироқ у кишининг Туркистон миллий озодлик тарихи ҳақида қатор қўлëзма асарлари бор дейишади. Уларнинг ватанга¸ ватандошларга қайтиш имкони борми? Эшитишимча¸ Вали Қаюмхоннинг жуда бой архиви бўлган экан. Ана шу архивнинг ҳозирги тақдири ҳақида нима дея оласиз?

Ҳусайн Икром: Бу ишни¸ яъни тарихни ëзишни давом эттирди. Бунда табиий хотинининг ҳам катта роли бор¸ катта хизмати бор. Чунки бу нарсанинг кўпроқ қисми олмонча ëзилган. Кўп нарсаларни бу киши диктат этган¸ хотини ëзган. Кўп саҳифалар ҳозир бор. Кўп қайд қилинган ва ëзилиши лозим бўлган¸ менимча¸ анча-анча нарсалар бор. Булар¸ афсуски¸ охирига етказилмасдан яна қолиб кетди. Тарихда¸ Туркистоннинг миллий озодлик тарихида ëзиб қолдирилган ҳужжатлар жуда оз.

Босмачилик ҳақида ҳар кимнинг берган фикри бор. “Босмачилар ўғри эди¸ талончи эди¸ яна нималардир” деганлар бор. “Йўқ¸ босмачилар озодлик курашчисининг қаҳрамонлари эди” деганлар бор. Ундан бир парча¸ бундан бир парча. Бу умуман ҳаëтимизда яратилган¸ бу курашда яратилган тўплам бир нарсадир. Буни мутлоқ қўлга киритишимиз керак. Хом бўлса¸ ўтириб¸ йил давом этадими фарқи йўқ¸ ўтириб ишлаб етиштириш керак¸ майдонга чиқиши керак. Саҳифаларни ўз ичига олган воқеалар бор. Маълум бўлаяптики¸ Мустафо бей чиқарган “Ëш Туркистон” журналининг ҳар бир саҳифасини у одам ўқиб чиққан. Шунинг кўп саҳифаларида арабча нўт (эслатма¸ қайд – таҳр.) бор. “Бу бундай эди¸ у ундай эди” деган нўтлари бор. Демак шуларнинг ҳаммасидан фойдаланган одам ўзининг ишини яратиш бўйича.

Озодлик: Ҳурматли домла¸ бугун ватанда мустақилликдан кейин миллий кураш тарихини яратишга¸ ҳақиқий бир тарихини яратишга бир эҳтиëж туғилди. Бу тарихини яратадиганларнинг ўз-ўзидан Вали Қаюмхон ота шахсига келиши табиий. Ана шу миллий кураш тарихини қайтадан ëзадиганларга қандай тилакларингиз бор?

Ҳусайн Икром: Тилакларим уларга қунт¸ сабр ва атрофида бўлган¸ баробар шунга иштирок этган кишиларнинг ëрдамлари ва буларнинг берадиган ëрдами¸ фикр¸ тушунча¸ ғояларининг ҳаммасини тўплаб туриб¸ фақат халқимиз эмас¸ дунë инсонлари ҳам Туркистоннинг озодлик курашидаги яратилган бир тарихни ўқишлари ва ўтмишни¸ бундан кейинги ҳолини ўрганиб билишлари учун¸ бу нарсанинг ëруғликка¸ ойдинликка чиқишлиги учун қўлимиздан келган хизматни қиламиз¸ давом эттирамиз ва иншооллоҳ бир куни бу ëруғликка чиқишлиги мумкин.

Таҳририят: Бу матн биринчи бор 2010 йилнинг 6 май куни эълон қилинган.

XS
SM
MD
LG