Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:43

“COSCOM” яна муаммога учради


Ўз фаолиятини АҚШ-Ўзбекистон қўшма корхонаси сифатида 1996 йилда бошлаган ва бугунги кунда мамлакатдаги энг йирик ҳисобланадиган “COSCOM” уяли алоқа ширкати устида яна қора булутлар суза бошлади.

“Сизга бир нарсани айта оламан, ноу комментс (изоҳ йўқ)”.

Ўзбекистондаги COSCOM ширкати вакили Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг мазкур компанияни мамлакатнинг мобил алоқасига оид қонун-қоидаларини бузганликда айблаб, мавжуд камчиликларни баратараф қилишдан огоҳлантирганига оид саволимизга шундай жавоб берди.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг хабар қилишича, 15 апрел куни “COSCOM” масъулияти чекланган жамияти (МЧЖ), “NOKIA SIEMENS NETWORKS TASHKENT” МЧЖ ҳамда “ZTE Investment” МЧЖ раҳбарлари билан учрашиб, “COSCOM” ширкати ўз фаолиятида йўл қўйган қонунбузарликларни муҳокама қилган.

“COSCOM” ширкати Ўзбекистонда биринчи марта муаммоларга дуч келаётгани йўқ ва “Танганинг орқаси” дастурининг бугунги мавзуси ана шу ҳақда бўлади.

Суҳбатимиз аввалида “COSCOM” ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак.

Ўз фаолиятини АҚШ-Ўзбекистон қўшма корхонаси сифатида 1996 йилда бошлаган “COSCOM” Ўзбекистондаги мобил телефон хизматларини кўрсатадиган энг йирик компаниялардан биридир ва абонентлар сони бугунги кунда 5 миллиондан ошган.

Фаолияти бошида Американинг МСТ Telecom ширкати назоратида бўлган “COSCOM” 2005 йилдан кейин Ўзбекистон билан АҚШ ўртасига совуқчилик тушгач, босимларга учрай бошлади. Охир-оқибат МСТ Telecom ширкати “COSCOM”даги ўз улушини Швециянинг “TeliaSonera” компаниясига 270 миллион АҚШ долларига сотишга мажбур бўлди. Шу пайтгача ширкатнинг 74 фоизига эгалик қилиб келган “TeliaSonera” жорий йилнинг февралида ширкатнинг яна 23 фоизга яқин акциялари пакетини қарийб 225 миллион АҚШ долларига сотиб олди ва “COSCOM”нинг 96 фоизини назорат қила бошлади.

2008 йилдан бошлаб “COSCOM” ширкати Ўзбекистон бозоридаги мавқеини ошириш мақсадида “UСell” савдо белгисини жорий қилди.

Айтиб ўтганимиздек, “COSCOM” ширкати Ўзбекистонда биринчи марта муаммоларга дуч келаётгани йўқ.

Боз устига, “UСell” нинг эгаси “TeliaSonera” ширкати ҳам Ўзбекистонга сармоя ётқиздию балога қолди. Гап шундаки, Швеция ҳукумати “TeliaSonera” нинг 37 фоиз акцияларига эгалик қилади ва коррупция бўйича, юмшоқ қилиб айтганда, ижобий обрўга эга бўлмаган Ўзбекистонга ярим миллион доллардан ортиқроқ сармоя ётқизгани швед жамоатчилиги орасида баҳсларга сабаб бўлди.

Швециядаги энг йирик Svenska Dagbladet газетасининг мухбири Андреас Червенка бу мавзуни кўтарган журналистлардан бири.

- “TeliaSonera” нинг 37 фоиз акциялари Швеция ҳукуматига тегишли экани инобатга олинса, ширкатнинг Ўзбекистондаги сармояларига швед солиқ тўловчиларининг пули ҳам аралашганини хулоса қилса бўлади. Евроосиёнинг бошқа бозорларида ҳам фаол қатнашадиган “TeliaSonera” нуқтаи назаридан Ўзбекистондаги мобил телефон хизматлари бозори ўсиш учун катта имкониятларни яратади ва бу бизнесга оид қарор бўлган. Бундан ташқари, “TeliaSonera” телекомуникациялар демократиянинг ривожланишига ҳисса қўшишини ўз қарорига асос, деб кўрсатиб келди. Лекин Ўзбекистоннинг коррупцияга оид рейтинглари швед жамоатчилигида муайян саволларни туғдирди, дейди Швециядаги энг йирик Svenska Dagbladet газетасининг мухбири Андреас Червенка.

Швед жамоатчилиги “TeliaSonera”нинг Ўзбекистондаги бизнес фаолияти швед солиқ тўловчиларининг пуллари коррупция мақсадларида ишлатилиши мумкинлигидан норози бўлди, дея давом этади швециялик журналист Червенка.

- “TeliaSonera” ўз сармояларининг муайян қисми коррупция мақсадларида ишлатилиши эҳтимолларини тан олмаётган бўлса-да, улар Ўзбекистонда бизнинг маҳаллий ҳамкорларимиз бор ва биз улар билан ишлаймиз, деган баҳоналарни илгари сурмоқда. Лекин айни пайтда, улар маҳаллий ҳамкорларининг коррупцияга алоқадорлиги эҳтимолларини ҳам инкор қилгани йўқ. “TeliaSonera” қоидаларга кўра, Ўзбекистонга ярим миллион доллардан зиёд сармоя ётқизишдан олдин у ердаги вазиятни ўрганиши лозим бўлган ва бундай текширув ўтказилган ҳам. Яъни ширкат Ўзбекистондаги коррупция даражаси қандай эканини билган албатта. Лекин охир-оқибат улар бу муаммоли мамлакатга сармояларни киритишди. Афтидан, “TeliaSonera” бу тадбирдан олинадиган потенциал даромад рискдан кўра, каттароқ бўлади, дея умид қилган¸ дейди Андреас Червенка.

Бугун “TeliaSonera”га қарашли “UСell” ширкатининг Ўзбекистонда муаммога дуч келаётгани ва лицензиясидан маҳрум бўлиши эҳтимоллари бунинг аксини кўрсатмоқда, дея хулоса қилади Svenska Dagbladet газетасининг мухбири Андреас Червенка.

Ҳақиқатан, “TeliaSonera” нинг Ўзбекистондаги уч йиллик фаолияти ширкат учун катта даромад келтирди. “UСell” ширкатининг исми сир тутилишини истаган мутахассисига кўра, 2007 йилдан бери “UСell” абонентлари сони кескин ошиб кетган ва бугунга келиб беш миллиондан ортиқни ташкил қилади. Ширкат кейинги йилларда юзлаб миллион доллар миқдорида соф даромад кўрди, дейди суҳбатдошимиз.

Хўш бугун “COSCOM” ёки “UСell” устида яна қора булутлар пайдо бўла бошлагани сабаблари нимада?

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг мутасаддиси Озодлик радиоси билан суҳбатда вазиятни бундай изоҳлади.

- Бизларда лицензионный отдел менга тайëр маълумотни берган эди. Ўзим ëзмаган эдим. Менинг ўзимнинг тушунишимча¸ база станцияларининг қурилиши борку¸ шаҳар бўйлаб қуриладику¸ ўшани қуришда талабларга риоя қилмаганлиги деб берилади, скорее всего. Шу ерда ўзининг требованиелари бор. Қоидаларга кўра қурилиши керак бўлган жойлар бор. Ўша ерда несоблюдение бўлган. Қураëтганда талаблар бўлади. Лицензионный соглашениеда қўйилган талаблар бор. Ўша талабларга риоя қилмаган жойлари чиққан бўлган¸ дейди Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг мутасаддиси.

Бу талаблар нимадан иборатлигини агентлик вакили аниқ айтиб бера олмади.

“UСell” даги манбанинг айтишича эса, “TeliaSonera” ширкатни сотиб олганидан кейин, Ўзбекистон расмийларидан компания ўзи амалга ошириши мумкин бўлган ишларни аутсорсинг орқали, яъни пудратчи фирмаларга топшириш орқали бажариш бўйича муждалар кела бошлади. Ҳозирда ширкатнинг фаррошларидан тортиб, ҳайдовчию қўриқчиларигача аутсорсингга ўтказилган”, дейди “UСell” даги манба.

Унинг айтишича, технологик иншоотларни қуриш учун ҳам пудратчи фирмалар жалб қилинган. Бунда “TeliaSonera” ширкати ғалати схема бўйича иш олиб боришга мажбур бўлди. “Чунки агар бу шартларга рози бўлмаганимизда, лицензиямиз олиб қўйилиши мумкин эди. Биз бундай шартларга кўнмаган ширкатларнинг лицензиялари тортиб қўйилгани гувоҳи бўлганмиз”, дейди “UСell” мутахассиси.

Ғалати схема эса бундай бўлган: “TeliaSonera” вилоятларда алоқа иншоотларини қуриш учун тендер эълон қилади. Бу тендерда “NOKIA SIEMENS NETWORKS TASHKENT” МЧЖ ғолиб чиқади. Кейин “NOKIA SIEMENS NETWORKS TASHKENT” МЧЖ бу ишларни ўз амалга оширмасдан яна аутсорсинг қоидаларига кўра, “Осиё Тўрон Телеком” МЧЖни жалб қилади. Мазкур фирма эса, суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистондаги нуфузли молиявий гуруҳлардан бирига қарашлидир. “UСell” нинг бугунги муаммоси эса, “TeliaSonera” билан эмас, айнан “Осиё Тўрон Телеком” фирмаси билан боғлиқдир.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг вакили ҳам бу гапларни тасдиқлади.

- Компаниянинг ўзи эмас. Компаниянинг база станцияларини ўрнатиб берадиган корхоналар бор-а? У кимгадир заказ беради. Ўша ерда камчиликка йўл қўйилган. COSCOMни обслужит қиладиган компаниялар тўғрисида кетаяпти гап. COSCOMнинг лицензиясини олиб қўйиш тўғрисида гап кетаëтгани йўқ. COSCOM ўзи бировни ëллаб ишлатади. Телекоммуникацион компанияларга “Базамни қуриб бер. У қилиб бер¸ бу қилиб бер” дейди. COSCOM ëллаган ëки ҳамкорлик қилган компаниялар қурилишда хатоликларга йўл қўйган¸ дейди Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг вакили.

“UСell” нинг исми сир қолишини истаган мутахассисининг тахмин қилишича, “Осиё Тўрон Телеком” фирмасини назорат қиладиган молиявий гуруҳ ҳукуматнинг кейинги пайтларда Ўзбекистонда олигархларга қарши олиб борилаётган кампаниясининг нишонларидан бирига айланган ва ҳозирда “TeliaSonera”га бу фирма хизматларидан фойдаланишни тўхтатиш тавсия қилинмоқда.

Бундан ташқари, “UСell” Ўзбекистондаги мобил алоқаси хизматларини кўрсатадиган икки йирик ширкатнинг биридир ва юзага келган муаммоларга асосий рақибимизнинг алоқаси ҳам бўлиши мумкин, дея қўшимча қилди дейди ширкат вакили.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги мазкур муаммони кўтарганида, дейди суҳбатдошимиз, “Бош директоримиз жаноб Ўғуз Мемигювен ҳатто мухим хизмат сафарини қолдириб, агентлик билан бир неча кун давомида сўзлашувлар олиб боришга мажбур бўлди.”

“Осиё Тўрон Телеком” фирмаси ўзи кимга қараши, деган саволимизга, “UСell” вакили “ака, менинг ҳам бола-чақам бор, ўзи шундай ҳам сизга кўп нарсани гапириб бердим”, дея суҳбат якунига етганига ишора қилди.

“TeliaSonera” ширкатининг Стокҳолмдаги қароргоҳи Ўзбекистонда юзага келган муаммога оид Озодлик радиосига юборган ёзма баёнотида “Ўзбекистон расмийлари “UСell” компанияси учун қурилган баъзи алоқа иншоотларида камчиликлар борлигини маълум қилган. Бунда “UСell” ширкатига нисбатан ҳеч қандай даъво ва талаблар қўйилгани йўқ. Билишимизча, барча эътирозлар “UСell” ширкати эмас, унинг пудратчиларига билдирилган. Ўз навбатида биз, пудратчиларимиздан тегишли чораларни кўришни талаб қилдик", дейилади.
XS
SM
MD
LG