Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:38

Остонада Назарбоев номидаги университет очилади


Қозоқ мухолифатчилари янги университетга Назарбоев номи берилиши ҳам Қозоғистоннинг амалдаги президентига қўйилган ҳайкаллар каби мамлакатда шахсга сиғиниш қай даражага чиққанини кўрсатувчи индикатор эканини айтмоқдалар.
Қозоқ мухолифатчилари янги университетга Назарбоев номи берилиши ҳам Қозоғистоннинг амалдаги президентига қўйилган ҳайкаллар каби мамлакатда шахсга сиғиниш қай даражага чиққанини кўрсатувчи индикатор эканини айтмоқдалар.

Қозоқ мухолифатчилари президент Нурсултон Назарбоев номидаги университет очилиши Қозоғистонда шахсга сиғиниш кўринишининг авжга чиқаётганидан далолат эканини таъкидлашмоқда.

Ўтган ҳафтада Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида жорий йил ёзидан бошлаб Назарбоев номидаги университет ишга тушиши ва шу кунларда талабаларни танлаш жараёни бошлангани ҳақида эълон қилинди.

- Таълим соҳасидаги асосий эътибор ҳозирда ташкил этилаётган университет каби лойиҳаларга қаратилади. Янги халқаро университет шу йил ёзида очилиши ҳақида мен аввалроқ айтгандим. Мазкур университетнинг тайёрлов бўлимлари аллақачон очилиб, иш бошлаган, деган эди Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев шу йил феврал ойида мамлакат аҳлига йўллаган анъанавий йиллик мурожаатида.

Назарбоевга кўра, Nazarbayev university деб аталувчи олий ўқув юртида таҳсил олмоқчи бўлган иқтидорли ёшлар учун 500 та грант ўринлари ажратиш кўзда тутилган. Мазкур грантни олган иқтидорли қозоқ ёшлари президент университетида бепул таҳсил олишлари мумкин. Грант ололмаган талабалар эса Назарбоев номидаги университетда ўқиш учун йилига қарийб 15 минг АҚШ доллари, баъзи маълумотларга кўра эса 15 минг евро тўлашлари лозим бўлади.

Қайд этиш жоизки, Қозоғистонда бир неча йиллардан буён АҚШ ва Британия университетлари фаолият юритиб келмоқда. Бу олийгоҳлардаги йиллик шартнома тўлови қарийб 8-9 минг АҚШ долларини ташкил этади.

Остонада очилиши кутилаётган Нурсултон Назарбоев номидаги университет эса Қозоғистондаги энг қиммат университетлардан бири бўлиши кутилмоқда.

- Хориждаги етакчи олий ўқув юртларида таҳсил олиш ниятида бўлганларнинг аксариятида молиявий имконият йўқ. Шундан келиб чиққан ҳолда, маблағни тежаш мақсадида биз Англия, Америка, Япония каби давлатлардан ўқитувчиларни таклиф қилмоқчимиз. Авваллари биз қозоғистонлик ёшларни АҚШ ва Европа давлатларида таҳсил олиш учун “Бўлашақ” давлат дастури бўйича хорижга юборардик. Энди пулни тежаб, уларни Қозоғистонда ўқитишимиз мумкин бўлади, дейди Қозоғистон Олий ўқув юртлари ассоциацияси президенти Раҳмон Алшанов.

Унга кўра, Остонада очилаётган Назарбоев номидаги университет хориждаги Ҳарвард, Оксфорд, Сарбона каби энг етакчи университетлардай фаолият юритади. Бунинг учун ҳатто амалдаги таълим ҳақидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши ҳам режалаштирилган.

Айни пайтда қозоғистонлик мухолифатчилар Назарбоев университетида ўқиш оддий қозоқ ёшлари учун ўта оғирлик қилишини таъкидламоқдалар.

- Бу университетда таҳсил олиш жуда қимматга тушади. Талаба ушбу университетга ўқишга кирса, йилига қарийб 15 минг евро тўлаши керак бўлади. Табиийки, оддий одамнинг боласи бундай қиммат олий ўқув юртида таҳсил ололмайди. Бу эса аҳоли ўртасида бой ва қамбағалга бўлинишни кучайтириб, иқтидорли ёшларни таълим олишга бўлган имкониятларини чеклайди, дейди мустақилликнинг илк йиллари Қозоғистон парламенти спикери бўлган, ҳозирда эса мухолифатдаги сиёсатчи Серикбўлсин Абдилдин.

Шу билан бирга, қозоқ мухолифатчиси Остонада Назарбоев номидаги университетнинг очилиши Қозоғистонда сўнгги пайтларда шахсга сиғиниш кўринишининг авжга чиқаётганидан далолат эканини айтади.

- Назарбоевни яхши билган одамлар унинг сўзлари билан қилаётган ишлари бир-бирига мос келмаслигини яхши билади. У омма олдида бир гапни айтиб, ўз командасидагиларга бошқа топшириқ бериши мумкин. Аслида у сўнгги йилларда ҳамма жойга ўз исмини тиқиштиришга ружуъ қўйди. Масалан, “Нур Отан” партияси, Нурбанк ва шу кабилар. Буларнинг барчаси унинг хоҳиш-иродаси маҳсулидир. Сўнгги пайтларда Назарбоев Туркманбошидан ўрнак олаяпти. Мамлакатнинг турли бурчакларида унга атаб ҳайкаллар очилаяпти. Мен ҳар қандай демократик давлатда шахсга сиғиниш қораланиши керак, деб ҳисоблайман. Айниқса Қозоғистон ЕХҲТда халқаро сиёсатга бошчилик қилиб турган бир пайтда Назарбоевга бундай ишларни қилиш мутлақо ярашмайди, дейди Серикбўлсин Абдилдин.

Эслатиш жоизки, ўтган йили қозоқ амалдорларига мурожаат қилган президент Нурсултон Назарбоев ўз номи билан кўча, шаҳар ва йирик иншоотлар номини аташни таъқиқлаб қўйганди. Шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги президент ўзи тириклигида унга атаб ҳайкаллар қўйилишини ҳам маън қилганди.

Аммо ўтган йили Остонада “Қозоқ эли” номли ёдгорлик мажмуаси очилди. Мазкур мажмуа марказида қозоқ хонлари қабатида Назарбоевнинг ҳайкали ҳам савлат тўкиб турибди.

XS
SM
MD
LG