Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:41

Ўзбек маддоҳлари ўзга мустабидлар хизматида


Ўзини Чеченистоннинг ҳокими мутлақи деб билувчи Рамзан Қодиров¸ россиялик ҳуқуқ фаолларига кўра¸ қўли қонга ботган диктаторлардан биридир.
Ўзини Чеченистоннинг ҳокими мутлақи деб билувчи Рамзан Қодиров¸ россиялик ҳуқуқ фаолларига кўра¸ қўли қонга ботган диктаторлардан биридир.

Мустақиллигининг қарийб 20 йили давомида Ўзбекистон дунëга миллионлаб мардикор¸ ўн минглаб фоҳиша¸ яна минглаб врач¸ муҳандис каби бошқа кас эгаларини "экспорт" қилди. Бугун улар сафига энди "профессионал маддоҳ"лар ҳам қўшилмоқда.

Подшоҳларга мадҳия ва ҳамду санолар айтиш анъанаси ўзбеклар тарихининг олис варақларида ҳам борлиги ҳақиқат. Ҳатто ўз қишлоғи хароблигидан арз қилган Махмур ҳам иқтидордаги султонни "Эй жаҳондори зафар¸ кавкабаи даври фалак" (Эй дунëни енгган ботир¸давр осмонининг юлдузи) деб улуғлайди.

Қўшиқчилар орасида мадҳиябозлик намуналари Сталин ва Ленинга бағишланган қўшиқлардан маълум.

Ўзбек шоирлари Ғафур Ғулом¸ Шайхзода ва бошқаларнинг давр осмонининг қизил юлдузлари Ленин ва Сталинга бағишланган мадҳияларини ўзбек ҳофизлари яқин-яқинларгача ижро қилар эди.

Каримовга қараб мадҳия айтиш мавқеи эса яқинларгача Юлдуз Усмоновага лойиқ кўрилган эди.

Юлдуз Усмонова "юртбоши"га мадҳия айтиб топган-тупганига қаноат қилмай¸ марҳум туркманбошига атаб ҳам мадҳия айтиб юборди ¸ гўë туркманбоши ëзди деб айтилган "Эжам" деган қўшиқни куйлади.

-Ман ҳақиқатда қалбимнинг ичигача етиб борган ҳисларимни армуғон қилдим. Сапармурод Ниëзов ëзган бу қўшиқни мен юрак- юракдан ҳис қилиб чин дилдан куйладим. Туркманча ëзилган бўлса ҳам тушуниб етдим.И ман бу қўшиқни ижро этганимда Сапармурод Ниëзов таъсирланганидан кўзига ëш олиб йиғлади¸ деган эди Озодлик билан суҳбатда Юлдуз Усмонова.

Ўзбекистон президенти девонидагилар туркман президентига ўзбек ҳофизининг мадҳия айтганини эшитиб мутаассир бўлмадилар¸ аксинча ҳушëр тортдилар. Ана ўшандан кейин юртбошининг "штатли мадҳиябози"га дам берилди.

"Юртбошинг омон бўлсин" дея куйланган қўшиқлар Ўзбекистонда пул олиб келмайди¸ ҳофизлар бундай қўшиқларни айтишга мажбур¸холос.Акс ҳолда уларга на концерт заллари ва на телестудиялар эшиги очилмайди.

Аммо Чеченистонда мадҳия ижрочисига "Чеченистон халқ артисти" унвони берилиши мумкин.

Масалан¸ Чеченистоннинг москвапараст президенти Рамзан Қодировнинг хос зиëфатларини обод қилган тошкентлик Сўғдиëна (Оксана Нечитайло) "Чеченистон халқ артисти" бўлди. Бугун энди ўзбекистонлик Санжей исмли қўшиқчи Рамзан Қодиров, унинг отаси Ахмадҳожини улуғловчи қўшиқлар куйлаяпти. У ҳам тез орада "Чеченистон халқ артисти" унвонини олишдан умидвор. Бу мадҳия қўшиқнинг самараси эмасми?

Ўзбекистонда у қадар танилмаган, ҳатто ижодини кўпчилик мусиқа ихлосмандлари билмайдиган Санжей (асл исми Санжар)бир йилдан буён Чеченистонда қўшиқ куйлайди. Унинг репертуари тепасида Чеченистон президенти Рамзан Қодировни мадҳ этиб куйлаган қўшиғи туради.

Қўшиқда отасининг йўлини давом эттираëтган, Чеченистонни гуллатиб яшнатаëтган президент Рамзан Қодиров ҳақида куйланади.

“Рамзан сен Чеченистон юрагисан, Одамлар ишончисан, Рамзан арслон каби довюраксан, Имом каби адолатлисан, Сени Оллоҳ асрасин” каби сўзлар бор бу қўшиқда.

Нимага айнан Рамзан Қодировни бу қадар мадҳ этганини Санжейнинг ўзи шундай изоҳлайди:

- Чунки ман ўз кўзим билан кўрдим унинг улуғлигини. Президент ёш, 33 ёшда. Концертда ман айтганда бутун зал турган¸қарсаклар чалиб, хаммага ёққан¸ дейди ўзбек маддоҳи.

Рамзан Қодировни мақтаган қўшиғидан ташқари, унинг отаси¸ Чеченистоннинг ўлдирилган президенти Ахмадҳожи Қодировга аталган қўшиғи, шунингдек Чеченистонга бағишланган “Ноҳчи Чьо” қўшиғи ҳам бор(ноҳчи чечен демакдир)

- Бу қўшиқ худди гимндек чеченлар учун. Манга жуда ёққан бу қўшиқ. Бу қўшиқни кўплар айтишган - Басков, Меладзе, мен ҳам айтдим.Лекин одамларни, чеченларни айтиши бўйича акцентсиз чиройлироқ қилиб ман айдим. Чунки бу қўшиқларни яхши билиш учун бу ерда яшаш керак.

Ўзбекистонлик Санжейнинг чечен тилидаги қўшиқларидан бири "Ноҳчи чьо" дея аталади

Мазкур қўшиқни эшитиб, унинг ҳофизи ўзбек экани хаëлингизга ҳам келмайди. Бу қўшиқни Санжейга қадар жуда кўп санъаткорлар куйлаган экан. Хўш¸ бугун Рамзан Қодиров ва рамзанпараст чеченларни ўзига ром қилаëтган ўзбек ҳаваскор ҳофизи Чеченистонга қандай бориб қолди?

-Телевидениедан янгиликларни кўраëтган эдим. Ўшанда Чеченистонда мачит очилибди, европада иккинчи ўринда туради катталиги бўйича¸ жуда чиройли.Энди телевизорда хамма нарса чиройли кўринадику. Кейин интернетда ўтириб расмларини кўрдим.Менга жуда ёқди. Хаёлан ўша ерга борсам деган фикр ўтди. Бундан олдин унақа хаёллар бўлмаган. Қачонлардир Чечняда яшашимни, ижод қилишимни хеч қачон ўйламагандим шу кунгача.Ухладим, тушимда Чечняга келибман уже. Мачитга кирибман, мачитни ёнида катта дала бор экан, шу ерда концерт берибман¸тушимда энди. Эрталаб саҳарда ойимга айтдим, мана шунақа туш кўрдим, нима қилай деб. Ойим айтдилар Чеченистонга бор, мачитни кўр, яхши битта қўшиқ ёз, совға қилиб кел¸ дедилар. Ҳазиллашиб айтдиларда. Чунки Ҳамма ўйлайди Чеченистонда тинчлик йўқ, уруш деб. Лекин Чеченистондек тинч жой йўқ.Уруш бўлган деб Ҳеч ким ўйламайди.

Ҳазил-ҳазил билан мана бир йилдан бери Чеченистонда яшаяпман, қўшиқлар ёздим. Чеченистон президенти билан танишдим. Умуман олганда бир йил ичида кўп ютуқларга эришдим ўзим.Ўзимни сольний концертим бўлди.Ҳамма зал тўла. Ҳозирги кунда мани ҳеч ким ўзбекистонлик¸ деб айтмайди. Ҳамма ўйлашади, ман шу ерлик. Биринчи уч-ой тўрт ойда, ҳамма айтишарди ўзбекистонлик меҳмонимиз Санжей деб, энди эса “гость из Узбекистана” деб ҳеч ким айтмейди. Чунки ҳамма танийди. Лекин мен барибир шу йилнинг ичида шунақа ниятларим бор “Чеченистон халқ артисти”ни олишга. Лекин менинг Чеченистонга келишимдан мақсадим бу миссия. Чунки уруш бўлган юрт, кўп қийинчилик кўрган халқ. Мана ҳозирги кунда Чечня тўғрисида жуда кўп нарсаларни биламан¸ кўп ўқиганман Чеченистон тарихини, ҳозирги кунда қанақа ҳаёт¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Чеченистонда яшаб¸ мадҳиялар тўқиëтган Санжей.

Суҳбат сўнггида Санжар Рамзан Қодировни мақтаб бир икки сўм пул ишлаб¸сўнгра бу пул эвазига Каримовни мақтайдиган катта қўшиқ яратиш ниятини айтди.

- Ўзимнинг юртимга қайтиб келаман. Ўзбекистонимиздек гўзал, чиройли юрт йўқ мен учун. Зўр қўшиқ ёздим, ўзимга жуда ёқади. Юртбоши деган мана шу Ислом Абдуғаниевич Каримовга бағишланади.Жуда зўр қўшиқ.Чунки мана бизнинг президентимиз 20 йилдан бери президент.Ҳамма президентлар ҳам бундай ўз жойида туролмайди. Бизнинг президент жуда кучли, келажаги порлоқ президент. И Ўзбекистонга келганимдан сўнг шу қўшиқларни Каримовга совға қилмоқчиман¸ дейди бугун Чеченистон президенти Рамзан Қодировни мадҳ қилиш билан тирикчилик қилаëтган ўзбекистонлик маддоҳ.
XS
SM
MD
LG