Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:32

“Спектакл” тамом бўлди - кузатувчилар мамнун


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов дунё миқёсидаги йирик мутахассислар парламентни шакллантириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга киришганидан баҳс этди.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов дунё миқёсидаги йирик мутахассислар парламентни шакллантириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга киришганидан баҳс этди.

“Ўзбекистондаги парламент сайловлари бу авваламбор бутун дунёга мамлакатнинг демократик қадриятларга содиқлигини намойиш этишга қаратилган пропагандистик спектаклдир”, деб ёзди таниқли журналист Сергей Ежков ўзининг Узметроном сайтида.

Ўзбекистонда сайлаш ҳуқуқига эга 17 миллиондан зиёд фуқаро ушбу спектаклнинг томошабинлари, овоз берганлари эса бевосита иштирокчиларига айланган.

Сайловнинг фуқаролик бурч, конституцион ҳуқуқ ва демократия талаби экани ҳақида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бу борада кимдадир шубҳа қолаётгандай бот-бот таъкидламоқда.

Ўзбекистон телевидениесида бундай томошалар сайловолди кампанияси билан бир вақтда бошланган эди.

“Сайлов демократия кўзгуси” дастурида парламентдаги ўрин учун курашаётган ҳукуматпараст партиялар бир-бирларига мухолиф фикрларни илгари сурди.

“Адолат” партиясининг аъзолари ҳатто Каримовни президентликка номзод кўрсатган Ўзбекистон либерал-демократик партиясини танқид қилишга журъат этди.

- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар партияси ўзининг асосий қатлами деб тадбиркорлар ва мулкдорларни билади. Лекин ўз қатлами билан ҳамкорликни тўлиқ йўлга қўя олмаган. Партиясининг аъзоси бўлган тадбиркорларни ҳаттоки ҳуқуқларини ҳимоя қилмаётган ҳолатлари мавжуд, деди “Адолат” партиясининг аъзоси Камола Ҳамидова.

- Кези келганда яна айтиш керакки, мана сайловолди дастурида партиясининг йўналишлари жуда ҳам кўп декларатив характерда ёзилган, деди “Адолат” етакчиларидан бири Зуҳра Ботирова.

Сайловолди кампанияси шунга ўхшаш баёнотларга бой бўлди. Аммо 27 декабр сайлов куни томошаси соддадил томошабинларни ҳам бефарқ қолдирмаган бўлса ажаб эмас.

Марказий сайлов комиссияси раиси ва унинг ўринбосари бевосита эфир чоғида 2 минутли брифингларни ўтказиб, “журналистларда ҳеч қандай ортиқча саволга ўрин қолдирмадик”, деб ўйлаган кўринади.

- Ҳозирга қадар жойлардан Марказий сайлов комиссиясига сайловга доир қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари аниқланганлиги ҳақида хабар ва маълумотлар келиб тушган эмас. Шу билан брифингимиз тугади, эътиборларингиз учун раҳмат, деди МСК раисининг ўринбосари Қўчқор Тоғаев.

Марказий телевидениеда сайловга доир лавҳалар ўзбек, рус ва инглиз тилида эфирга бериб борилди. Телекамерага гапирган ҳар бир сайловчи ўзининг сайловда иштирок этиш бахтига муяссар бўлганидан қанчалар хурсандлигини билдирди.

Сайлов поёнига етмасдан муносабат билдирган айрим хорижий кузатувчилар Ўзбекистондаги сайловнинг маҳаллий қонунчилликка мос тарзда ўтказилганини қайд этган бўлсалар, комедия услубидаги спектакл жанрига монанд Ўзбекистондаги сайловларни кузатаётган исроиллик кузатувчи Мордехай Кимёгаров сайловларни ўтказишда дунё давлатлари Ўзбекистон тажрибасини ўзлаштириши кераклагини таъкидлади.

- Сайловлар дунё парламентлари тажрибасига таяниб ўтказилаётганини кўрмоқдамиз. Менинг фикримча, сайловларни ўтказишда бошқа давлатлар ҳам Ўзбекистон тажрибасинини ўзлаштириши керак. Биз бу ерда очиқлик, хур фикрлилик, ҳам сайловчиларга ҳам номзодларга шароит яратилганини кўрмоқдамиз, деди исроиллик кузатувчи Мордехай Кимёгаров.

Спектакл якунида саҳнада унинг асосий қаҳрамони пайдо бўлди. Журналистлар билан учрашган президент Каримов Ўзбекистон парламент тизимини дунё миқёсидаги йирик мутахассислар аллақачон тадқиқ этаётганини маълум қилди.

- Такрорлаб айтаман, улар парламент тизимини яратиш бўйича Ўзбекистон тажрибасини аллақачон ўрганишга киришган. Чунки бизнинг тизимимиз эволюцион ҳаракат қилади, деди президент Каримов.

Дунё иқтисодий бўҳрони ҳали 2010 йилда ҳам ўзини кўрсатиши борасида огоҳлантирган президент Каримов бу борада ҳам Ўзбекистон бошқа давлатларга ўрнак бўлиши мумкинлигига ишора қилди.

- Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, парламент томонидан тасдиқланган давлат бюджети иқтисодиётнинг 8.3 фоизга ўсишини кўзда тутади. Инфляция бизда умуман ўсмаяпти. Ва энг муҳими, бизда бўҳронга қарамасдан, аҳоли турмуш даражаси ўсмоқда, деди президент Каримов.
XS
SM
MD
LG