Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:45

Тожикистонда "ўзбек жосуслари" судланди


Тожикистоннинг Сўғд вилоятида "ўзбек жосуслари" кўпроқ қўлга олинмоқда.
Тожикистоннинг Сўғд вилоятида "ўзбек жосуслари" кўпроқ қўлга олинмоқда.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида тўрт мансабдор шахс ва Ўзбекистоннинг бир фуқароси бир ой давом этган суд жараёнидан сўнг Ўзбекистон фойдасига жосуслик қилишда айбланиб, 10 йилдан 22 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

Суд Сўғд вилоятининг Чкалов шаҳар маҳкамасида ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Суд ҳукми билан “Востокредмет” давлат корхонасининг тўрт амалдори узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилди.Вилоят прокурори Хайрулло Саидовнинг айтишича, озодликдан маҳрум этилганлар орасида ўзбекистонлик фуқаро ҳам бор.

- “Востокредмет” корхонасининг собиқ бош директори Шавкат Бобожонов ва корхона хавфсизлик хизмати раҳбари Матин Зиёев ўз хизмат ваколатларини суистеъмол қилишда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилдилар.

Корхона бош инжинери Александр Ботов ва капитал қурилиш бўлими бошлиғи Александр Бабошин чет мамлакатлардан бирининг фойдасига жосуслик қилиш, ватанга хиёнат қилиш ва ўз хизмат ваколатларини суистеъмол этиш айбловлари билан 22 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароси Тен ҳам Тожикистон процессуал Кодексининг 308-моддаси, яъни жосусликда айбланиб, 22 йилга озодликдан махрум қилинди, - деди вилоят прокурори.

Вилоят прокурорининг сўзларига кўра, Теннинг ҳибсга олинишига унинг ёнидан "Востокредмет"га тегишли бўлган ҳарбий-иқтисодий сир ҳисобланган маълумотларнинг топилиши сабаб бўлган.

Тен сўнгги икки йил давомида “Востокредмет” корхонаси раҳбарлари билан яқин алоқада бўлган ва корхонага тегишли ҳарбий-иқтисодий сир ҳисобланмиш маълумотларни Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимларига етказиб турган.

“Востокредмет” давлат корхонаси собиқ бош директори Шавкат Бобожоновнинг адвокати Наил Киреев судланувчилар устидан чиқарилган ҳукм адолатсиз эканини айтди.

- Биз адвокатлар суд жараёни ва қарори ҳақида маълумотларни ошкор этмаслик ҳақида тилхат берганмиз. Шунинг учун маҳкамада кўтарилган масалалар ҳақида бирор нарса айтишга ҳаққим йўқ.
Менинг ҳимоямдаги Шавкат Бобожоновга жосуслик айби қўйилгани тўғрисидаги хабарларда асос йўқлигини айтмоқчиман.

Айни пйтда суд ҳукмига норозилик баёнотини тайёрлаяпмиз,- деди адвокат Наил Киреев.


“Востокредмет” бирлашмаси хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Матин Зиёев, бирлашманинг собиқ бош инженери Александр Ботов ва капитал қурилиш бўлими бошлиғи Александр Бабошинлар шу йил май ойида, корхона бош директори Шавкат Бобожонов эса август ойида Тожикистон хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олингандилар.

Чкаловск шаҳридаги “Востокредмет”га қарашли корхоналарда авваллари уран қайта ишланарди. Бироқ Иттифоқ тарқаганидан кейин корхона фаолиятида қатор ўзгаришлар содир бўлди.

Бугунги кунда “Востокредмет”да асосан заргарлик буюмлари, бирлашмага тегишли корхоналардан бирида эса автобус ишлаб чиқарилади.

Тахлилчиларга кўра, мазкур корхонада давлат сири даражасида кўрилиши мумкин бўлган бирор маълумот қолмаган.

Мустақил кузатувчи Максуд Жураевга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон сиёсий муносабатлари янада совуқлашган. Иккала томон ҳам арзимаган баҳоналар билан жосус излашга ҳаракат қилишмоқда.

- Бир нарсага ҳайронман,Тожикистону Ўзбекистоннинг қандай сирлари борки, жосуслик қилишга арзиса. Икки республикада ҳам жаҳоншумул аҳамиятга эга кашфиётлар қилинмайди, қудратли, ўта сирли қуроллар ишлаб чиқарилмайди. Назаримда қандайдир учинчи кучлар икки қардош халқ ўртасига низо солишга уринмоқда, - дейди Мақсуд Жўраев.

Расмий маълумотларга кўра, Сўғд вилоятида жорий йил тўққиз ойи давомида беш киши Ўзбекистон фойдасига жосусликда айбланиб ҳибсга олинган.
XS
SM
MD
LG