Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:42

Марказий Осиëнинг бозори келди


АҚШ нинг Афғонистондаги бир дона ҳарбий базасини бир йил давомида ёнилғи билан таъминлаш шартномасининг баҳоси 200 миллион АҚШ долларигача етиши мумкин.
АҚШ нинг Афғонистондаги бир дона ҳарбий базасини бир йил давомида ёнилғи билан таъминлаш шартномасининг баҳоси 200 миллион АҚШ долларигача етиши мумкин.

Афғонистондаги АҚШ қўшинларига таъминот маҳсулотлари сотиш¸ аниқроғи юзлаб миллион долларлик контрактларни қўлдан бой бермаслик мақсадида айни кунда Марказий Осиё расмийлари Оқ уй остонасида тизилдилар.

Жорий ҳафта Марказий Осиё Савдо вазирлари Вашингтонда АҚШ савдо мулозимлари билан учрашиб, ўзаро тижорат алоқаларни кенгайтириш масаласини муҳокама этадилар.

Сўзлашувларда иштирок этиш учун Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва Савдо вазири Элёр Ғаниев бошчилигидаги ўзбек делегацияси АҚШ га жўнаб кетди.

Яқинда АҚШ армияси Афғонистондаги ҳарбийлари учун зарур ёнилғи, озиқ-овқат ва қурилиш маҳсулотларини Марказий Осиё давлатларидан сотиб олишни режалаштираётгани ҳақида эълон қилди.

АҚШ армиясининг янги режаси ҳақида ўтган ойда АҚШ Транспорт қўмондонлигининг юқори мартабали мулозими генерал Мишел Жонсон Озодликка ошкор қилган эди.

Унга кўра, шу йўл билан АҚШ ноҳарбий маҳсулотларни Европадан ташиб келиш сарф-xаражатларини камайтиради ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади.

- Раҳбариятимиз зарур маҳсулотларни жойларда, Ўзбекистон каби давлатлардан сотиб олишга катта қизиқиш билан қарамоқда. Биз учун узоқ-узоқдан маҳсулотларни олиб келишдан кўра¸ уларни ўша ернинг ўзида сотиб олиш яхшироқдир. Маҳаллий иқтисодиётлар учун ҳам бу яхши. Бизнинг фикримизча, бу минтақа давлатларига миллионлаб долларга баҳоланган бизнесни юритиш имконини беради¸ деганди АҚШ Транспорт қўмондонлиги генерали Мишел Жонсон.

Бугунги кунда Афғонистонда АҚШ аскарларининг сони 60 мингдан ошган. Айни пайда Афғонистонга қўшимча 40 минг аскар жойлаштириш масаласи юзасидан тортишувлар давом этмоқда. АҚШ ҳарбийларидан ташқари Афғонистонда 35 мингга яқин НАТО ҳарбийлари ҳам хизмат қилмоқда. Уларнинг таъминоти асосан Покистондаги Ҳайбар довони орқали амалга оширилади. Бироқ бу йўналишда толибон жангариларининг ҳужумлари кўпайгани туфайли АҚШ Транспорт қўмондонлиги "Шимолий таъминот тармоғи"га кўпроқ аҳамият қарата бошлади.

“Шимолий таъминот тармоғи” деб номланган йўналиш АҚШ ва истиқболда НАТО ноҳарбий юкларини темир йўл орқали Европадан Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга¸ сўнгра юк машиналарида Афғонистонга етказиб беришни назарда тутади.
Ушбу йўналишдан фойдаланиш бошланганидан бери Афғонистон шимолида толибон жанггариларнинг фаоллашгани кузатилаётган эса-да, "Шимолий таъминот тармоғи" энг хавфсиз таъминот йўли бўлиб қолмоқда.

Бироқ Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучларининг қўмондони генерал Стенли МакКристал 21 сентябр куни эълон қилинган ҳисоботида ушбу йўналишнинг сиёсий таҳдиди борасида огоҳлантирди.

“Афғонистонга шимол томондан чегарадош давлатлар Афғонистон борасида ўз манфаатларига эга. Бу манфаатлар ҳар доим ҳам ISAF миссияси билан ҳамоҳанг эмас. Шимолий таъминот тармоғи Россия ва Марказий Осиё таянчига муҳтождир. Бу эса уларга истасалар бу йўналишни чиппакка чиқариш ëки унга ижобий таъсир кўрсатиш имконини беради”¸ дея қайд этилган генерал МакКристал ҳисоботида.

Бироқ АҚШ стратегларининг янги режаси Марказий Осиёни АҚШ ҳарбийларининг таъминотчисига айлантириб, уларни иқтисодий жиҳатдан манфаатдор қилишдан иборат, дейди мавзуни тадқиқ этган журналист Дейрдре Тайнан.

- Уруш ҳар доим пул қилиш учун энг яхши имконият бўлиб келган. Америкаликлар бу режага қандайдир бизнес дарси ўлароқ қарайдилар. Яъни улар фикрича, АҚШ билан савдо алоқаларини кенгайтириш, АҚШга маҳсулот сотиш бу ердаги коррупциялашган бизнес вакилларини ҳалол бизнес юритишга ўргатади. АҚШ таклиф этаётган контрактларнинг баҳосидан келиб чиқилса, Марказий Осиё Савдо вазирларининг Вашингтондаги учрашуви бежиз эмаслиги англашилади¸ дейди Дейрдре Тайнан.

Мисол тариқасида¸ АҚШ нинг Афғонистондаги бир дона ҳарбий базасини бир йил давомида ёнилғи билан таъминлаш шартномасининг баҳоси 200 миллион АҚШ долларигача етиши мумкин.

Афғонистондаги АҚШ армиясига ёнилғидан тортиб, сочиғу совун, қурилиш материаллари¸ музқаймоғу қовунларгача бўлган барча нарса керак. Маълумотларга кўра, АҚШ армияси ёнилғи материалларини аллақачон Туркманистондан сотиб олишни йўлга қўйган. АҚШ ҳарбийларига озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш борасида Қозоғистон компаниялари кўпроқ имкониятга эга. Ўзбекистон эса ўзининг мева-чева ва қурилиш материалларини экспорт қилиш салоҳиятини ишга солиши мумкин.

Вашингтон режасига кўра, барча Марказий Осиё давлатлари АҚШ ҳарбийларини таъминлашда ўз улушига эга бўлишлари керак. Аммо таҳлилчилар фикрича, қайси бир давлатнинг кўпроқ улушга эга бўлишини унинг иқтисодий имкониятлари ва бозорининг очиқлиги белгилаб беради.

АҚШ Савдо вазирлиги расмийлари Марказий Осиё ҳукуматларини иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш ва ўзаро савдо ва сармоя тўсиқларини олиб ташлашга чақирмоқда. Бундай чақириқларни Ўзбекистон ҳукумати узоқ йиллардан буён назар писанд қилмай келмоқда ва бу гал ҳам уларнинг навбатдаги даъватларни яна эътиборсиз қолдириши тахмин этилмоқда.
XS
SM
MD
LG