Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:54

Виртуал мужоҳидлар


Халқаро экспертлар¸ жиҳодий ташвиқот интернет орқали куч йиғаëтганини эътироф этмоқдалар.
Халқаро экспертлар¸ жиҳодий ташвиқот интернет орқали куч йиғаëтганини эътироф этмоқдалар.

Ўз етакчиси Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилганини рад этиш учун Ўзбекистон исломий ҳаракати ташвиқотчилари қўлларидаги барча воситалар¸ биринчи галда эса эркин интернет тармоғини усталик билан ишга солмоқда.

Ўзбекистон исломий ҳаракати тарғиботчилари Тоҳир Йўлдошнинг тирик ва соғ-саломат эканини даъво қилар экан, ҳозирча Тоҳирнинг Фидел Кастрога ўхшаб қўлига энг сўнгги газетани олиб тушган сурати ёки сўнгги воқеаларга муносабат билдириб берган аудио ëки видео баёнотини жамоатчиликка тақдим қилганича йўқ.. Ўзбекистон исломий ҳаракатига қарашли интернет сайтида ҳаракатнинг расмий нотиғи Абдулфаттоҳ Аҳмадий Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилгани ҳақида хабарларни “бемаъни” деб атади ва бундай миш-мишларга Тоҳир жавоб бериб ўтирмаслигини таъкидлади.

- Амиримиз тирик ва соғ-саломатлар. У киши ҳар хил миш-мишларга жавоб бериб ўтиришни муносиб деб билмадилар¸ дейди Ўзбекистон исломий ҳаракатининг расмий нотиғи Абдулфаттоҳ Аҳмадий.

Ўзбекистон исломий ҳаракатнинг интернет сайтида Тоҳир Йўлдошнинг қайси пайтда ёзиб олингани номаълум қолаётган маърузаларидан бири ва унинг аллақандай замонда суратга олинган фотоси ҳам эълон қилинди. Тоҳир Йўлдош аввал ҳам ўз ўлими ҳақидаги хабарларни рад этиб баёнот қилганини инобатга олсак, эълон қилинган баёнот аслида эски бўлиши мумкинлигини тахмин қилиш мумкин.

Жанггари гуруҳлар пропагандаси бўйича илмий иш муаллифи¸ Германия Ташқи ва хавфсизлик масалалари маркази эксперти Филип Ҳольтманга кўра, Ал-Қоида тажрибаси жанггари гуруҳларнинг аксар ҳолларда ўз қўмондонлари ўлдирилганини рад этиб келганини кўрсатади.

- Менимча¸ бу жавоб амали бўлиб, улар Тоҳирнинг ўлимини тасдиқлаш ташкилотни заифлаштиради¸ деб ўйлайдилар. Тоҳир мавжуд бўлиб қолар экан, уларнинг сафлари ўзгаришсиз қолади. Бу жиҳодчи гуруҳларнинг дезинформация бўйича аниқ стратегиясидир¸ дейди таҳлилчи.

Ўзбекистон исломий ҳаракати Тоҳир Йўлдошнинг ўлганига оид хабарларга ўз раддиясини интернет орқали билдирди. Экспертлар фикрича, айнан интернет жиҳодий пропаганданинг энг самарали воситаси бўлиб қолмоқда. Ўз тарафдорлари билан мужоҳидлар интернет воситасида сони кундан-кунга кўпайиб¸ бир неча мингни ташкил этган интернет сайтлари орқали боғланадилар ва ўз жиҳодий муждаларини тарқатадилар.

Ўз баёнотида нотиқ Абдулфаттоҳ Аҳмадий ана шу пропаганданинг энг оддий услубига мурожаат қилиб, жанглар давомида асосан Покистон армиясига талофат етиб, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг кучайиб бораётганини таъкидлади.

- Ҳукумат аскарлари шунча муддатда ҳам ҳали бирор қишлоқни ҳам ололмаган. Афғонистон шимолининг тўртта вилоятида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг мужоҳидлари инқилоб қилдилар ва у ердаги мужоҳидлар сафлари кундан кунга кенгайиб бормоқда¸ дейди Ўзбекистон исломий ҳаракатининг расмий нотиғи Абдулфаттоҳ Аҳмадий.

Хавфсизлик масалаларини тадқиқ этувчи Жорж Маршал маркази қошидаги Террорчиликка қарши кураш дастури директори профессор Ник Прат бу каби юзлаб баёнотларни эшитгани ва юзлаб жиҳодий мазмундаги интернет сайтларини ўрганишга ҳаракат қилганини айтади. Бугунги кунда мужоҳидлар пропагандасининг даражаси мени лол қолдиради¸ дейди профессор Прат.

- Бу шахсларнинг медиа воситаларидан фойдаланиш даражаси жуда мукаммалдир. Уларнинг аудиторияси эса оддий одамлардир. Бу одамларни пропагандага маҳлиё қилиш европаликлар ёки америкаликларга нисбатан анча осон. Жанггари гуруҳлар ҳаётда қилганидан кўра, интернетда кўпроқ иш қилишмоқда¸ дейди Ник Прат.

Ал-Қоида ва толибон ҳаракатига алоқадор ўзбек жангариларнинг икки гуруҳи Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Исломий жиҳод иттиҳоди огоҳлантирув мазмунидаги ўз видео мурожаатлари билан маҳаллий ва халқаро хавфсизлик идораларини хавотирга солиб келади. Оммавий ахборот воситалари орқали бу хавотирлар кенг жамоатчиликка ҳам ёйилади.

Террорчилар мақсади жамиятни қўрқувга солиш бўлса, уларнинг “қатл амалиётларини” ёритаётган оммавий ахборот воситалари ана шу мақсадга хизмат қилмаяптими?

Филип Ҳольтман фикрича, бу борада оммавий ахборот воситалари фаолиятини чеклаш бир томондан имконсиз¸ бошқа томондан бундай чеклов тескари натижа бериши мумкин.

- Пропаганданинг ўзи қуролга айланди¸ десак хато бўлмайди. Барча масалалар ва барча гуруҳлар борасида хабар қилишга қодир бўлган эркин матбуотга эга бўлишимиз шарт. Террорчиликнинг ўзи ғояни етказиш воситасидир. Агар улар ўз ғояларини етказиш учун жисмоний ҳаракатга муҳтож бўлмай қолсалар, унда террорчиликка қарши кураш ўз мақсадига эришган бўлади. Одамлар ўзларига минбар топа олмасалар¸ ўз ғояларни ёйиш учун террорчилик амалиётига қўл урадилар¸ дейди жангари гуруҳлар пропагандаси бўйича таҳлилчи Филип Ҳольтман.
XS
SM
MD
LG