Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:31

Каримовни энди “Яшил беретлар” ҳам ҳимоя қилади


Дунëнинг энг қайноқ нуқталарида тажриба орттирган АҚШ махсус кучлари¸ ўзлари жойлашадиган давлат тили¸ дини ва урфу-одатларидан мукаммал сабоқ оладилар.
Дунëнинг энг қайноқ нуқталарида тажриба орттирган АҚШ махсус кучлари¸ ўзлари жойлашадиган давлат тили¸ дини ва урфу-одатларидан мукаммал сабоқ оладилар.

Ўзбекистон ўз хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этишда бундан буён АҚШ кучларига таяниши мумкин. Ҳозирда Пентагон энг сара қуролли кучларининг бир қисмини Марказий Осиёда ҳам жойлаштириш режасини кўриб чиқмоқда.

АҚШ махсус амалиётлар қўмондонлиги томонидан тарқатилган хабарномада айтилишича, АҚШ беш махсус кучлар гуруҳининг тўрттаси қайта ташкиллаштирилади ва олдин Африкага масъул бўлган Учинчи махсус кучлар гуруҳи Марказий Осиёга йўналтирилади.

“Яшил беретлар” Марказий Осиё давлатларига ўз ички мудофаасини таъминлашга ёрдам беради.

Тажриба шуни кўрсатадики, аксар ҳолларда маҳаллий қуролли кучлар ўз имкониятларидан келиб чиқиб, жанггари гуруҳларга қарши курашиш учун энг илғор тажриба, транспорт воситалари ва сунъий йўлдош воситаларига эга бўлмайди.

Эндиликда¸ дейлик, Ўзбекистонга бундай кўмак зарур бўлса, у АҚШ махсус кучлар гуруҳига мурожаат қилиши мумкин.

Учинчи махсус кучлар гуруҳи тўрт батальондан иборат бўлиб, улар Шимолий Каролина штатининг Форт Браг базасида жойлашган. Маълумотларга қараганда, бу гуруҳнинг камида бир батальони Марказий Осиё давлатларидан бирига жойлаштирилиши мумкин. АҚШ армиясининг Махсус амалиётлар қўмондонлиги расмийси Фред Кублер бундай режаларни инкор қилмади.

- Махсус кучлар вазифасига мазкур минтақа ҳарбийлари билан ишлаш киради ва улар ¸албатта¸ маълум бир муддатда мазкур минтақада жойлаштирилиши мумкин. Ҳозирча улар Афғонистонда жойлаштирилганича қолади. Лекин айни пайтда минтақа давлатлари ҳарбийлари билан ҳарбий машқлар ўтказишга имконият пайдо бўлмоқда¸ дейди қўмондон ўринбосари лейтенант Фред Кублер.

АҚШ махсус кучлари риоя этадиган хориж давлатлар ички мудофаасини таъминлаш доктринаси уруш бўлаётган ҳудуд атрофида хавфсизликни таъминлашга қаратилган. Марказий Осиё ҳудудида тинчликни сақлаш эса, АҚШ нинг Афғонистондаги амалиётлари муваффақияти учун зарурдир, дейди Марказий Осиёдаги ҳарбий масалаларни ёритувчи журналист Дейрдре Тайнан.

- Мақсад¸ бу давлатлар АҚШ нинг ҳарбий амалиётлари учун муаммога айланиб қолмаслиги учун уларга ўз ўзларини ҳарбий соҳада ҳимоя қилишга кўмаклашиш ва уларни ҳатто сиёсий таҳдидлардан холи сақлашдир. Хориж давлатлар ички мудофаасини таъминлаш доктринасининг танқидчилари унинг жамоатчилик таянчини қозонмаган ҳукуматларни қўллаб-қувватлаш воситасига айланганини доимо таъкидлашади. Чунки бу ҳолда бундай ҳукуматларни сақлаб қолиш АҚШ манфаатларига хизмат қилади¸ дейди Дейрдре Тайнан.

Ҳарбий таҳлилчилар фикрича, Пентагоннинг Марказий Осиё хавфсизлигига кўпроқ аҳамият қарата бошлагани ушбу минтақа орқали АҚШ нинг Афғонистондаги ҳарбийларини зарур маҳсулотлар билан таъминловчи темир йўл ва автотранспорт коридорининг ишга тушгани билан боғлиқдир.

Айни пайтда Афғонистоннинг Марказий Осиё билан чегарадош шимолий вилоятларида жанггарилар фаоллигининг ҳам ортгани хабар қилинмоқда. Ўтган ҳафтада толибон ҳаракати раҳнамоси Мулла Умар¸ агар америкаликларга ёрдам қўлини чўзмасалар¸ Марказий Осиё давлатларига ҳужум қилиш унинг режасига кирмаслигини эълон қилди. Аммо таҳлилчилар фикрича, минтақа давлатлари террорчиликка қарши кураш халқаро коалициясидаги иштирокини бундай таҳдидлар туфайли тўхтатмайди.

Ҳозирча Марказий Осиё давлатлари қуролли кучлари учун ҳарбий машқларни ўтказиб бериш учун АҚШ махсус кучлар гуруҳини Марказий Осиёда жойлаштириш масаласи Пентагоннинг бир томонлама режасига ўхшаб қолмоқда. Бу гуруҳни жалб этиш тартибига биноан АҚШ миллий стратегик манфаатларига зид бўлган ҳолатда таҳдид ҳис этаётган давлатдан фақатгина АҚШ дан кўмак сўраш талаб этилади. Фред Кублернинг таъкидича, қўшма ҳарбий машқлар фақатгина давлатлар ўртасидаги келишувлар асосида амалга оширилади.

- Бизнинг у ёки бу давлатга бориб маҳаллий ҳарбийларга трейнинг ўтказишимиз икки давлат ўртасидаги келишув асосида амалга оширилади. Агар бундай келишувлар бўлмаса, ҳарбий машқлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас¸ дейди Кублер.

Шу ўринда пайдо бўлаётган энг асосий савол: Марказий Осиё давлатларидан қайси бири АҚШ махсус кучлар гуруҳи билан қўшма ҳарбий машқларни ўтказишга ёки бу гуруҳни ўз ҳудудида жойлаштиришга рози бўлади? Ўзбекистонми?

Сўнгги пайтлар фақатгина Ўзбекистон Россиянинг минтақадаги ҳарбий амбицияларидан очиқчасига норозилик билдириб, Москва етакчилигида ўтказилган ҳарбий машқларни бойкот қилмоқда.

18 август куни президент Каримов АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Дэвид Петреусни қабул қилди. Генерал Петреуснинг Тошкентга ташрифи ниҳоясида Ўзбекистон ва АҚШ Мудофаа вазирликлари ўртасида қўшма ҳарбий трейнинглар ўтказилишини назарда тутувчи ҳарбий соҳадаги алоқалар ва тажриба алмашиш протоколига имзо қўйилди.

Аммо Дейрдре Тайнаннинг ишонишича, АҚШ махсус кучлар гуруҳи имкониятларидан Марказий Осиёнинг барча давлатлари фойдаланишга ҳаракат қилади.

- Бу масаланинг қандай вақтда ўртага чиқаётганига эътибор қаратган бўлардим. АҚШ нинг Афғонистондаги амалиётлари ва Марказий Осиё чегараларида содир бўлаётган воқеаларга қаранг. Бундай вазиятда Марказий Осиё давлатлари АҚШ дан¸ албатта¸ ёрдам сўрайдилар деб ўйлайман¸ дейди Дейрдре Тайнан.

Таҳлилчилар фикрича, АҚШ махсус кучлар гуруҳининг Россия ўз томорқаси деб билган Марказий Осиё давлатларида фаоллашуви Кремлни асаблантирувчи яна бир омил бўлиши мумкин. Аммо АҚШ армияси махсус амалиётлар қўмондонлиги расмийси Марказий Осиё давлатлари билан режалаштирилаётган ҳарбий ҳамкорликнинг учинчи давлатга қарши йўналтирилмаганига ишонтиришга ҳаракат қилади.

- Марказий Осиё минтақасидаги ҳамкор давлатлар билан ўзаро ҳарбий машқларни ўтказиш бўйича келишувга эришилгандан кейин, бундай ҳарбий машқлар бошқа давлатларга қарши йўналтирилмайди¸ дейди Фред Кублер.

“Яшил беретлар” Дарфур, Сиерре Лионе ва Вьетнам можароларидан тортиб Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётларнинг ҳам энг фаол иштирокчилари бўлиб қолмоқда. АҚШ махсус кучлари Афғонистоннинг энг хавфли Покистон билан чегара минтақаларида ҳарбий амалиётларни ўтказиш билан қаторда, Афғонистон армиясининг жангавор тайёргарлигини оширишда ҳам муҳим рол тутмоқда.

АҚШ армиясининг энг сара махсус гуруҳлари ўзлари амал қиладиган минтақа аҳолисининг тилида сўзлашади ва уларнинг маданияти ва урф-одатлари билан яхши таниш бўлади.
XS
SM
MD
LG