Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:44

Ўзбек "жиҳодчи"лари бошсиз қолди


Душанба куни Ал-Қоидага алоқадор энг хавфли террор гуруҳлари рўйхатида бўлган “Исломий жиҳод иттифоқи” раҳбари Нажмиддин Жалоловнинг ўлдирилгани ҳақида эълон қилинди.

Хавфсизлик хизматлари мулозимларининг айтишича, Покистоннинг Шимолий Вазиристон минтақасидаги Мир Али шаҳарчасида АҚШ Марказий разведка бошқармасининг учувчисиз учқичи Жалолов кетаётган юк машинасига ракета зарбаси берган.

7 сентябр куни АҚШ нинг жосус учқичлари бошқа бир таниқли жангарилар қўмондони Илёс Кашмирийни нишонга олган. Ўтган ойда эса бундай ҳужумлар натижасида Покистондаги толибон ҳаракати етакчиси Байтуллоҳ Маъсуд йўқ қилинган эди.

Обама президент бўлганидан буён АҚШ Марказий разведка бошқармасига қарашли учувчисиз учқичлар жангари гуруҳлар қўмондонларига қарши ҳужумларни жадаллаштирди, деб ёзади Wall Street Journal.

Террорчилик масалари бўйича етакчи таҳлилчиларга кўра¸ жангари гуруҳлар раҳбарларини йўқ қилиш Ал-Қоида ва толибон ҳаракати ҳамда уларга алоқадор гуруҳларга жиддий зарба бўлмоқда.

Нажмиддин Жалолов АҚШ хавфсизлик кучларининг йўқ қилиш режалаштирилган 20 та ашаддий террорчи рўйхатида бўлиб, Ўзбекистон ҳукумати учун бу шахс Тоҳир Йўлдошдан кейинги иккинчи энг хавфли террорчи саналган.

БМТ ҳужжатларида айтилишича, 1972 йилда Андижонда туғилган Нажмиддин Жалоловнинг 26 ёшли тошкентлик Суҳайл Бўронов исмли ўринбосари бор.

Нажмиддин Жалолов бошчилигидаги ўзбек жанггарилари гуруҳи 2004 йилда Тошкентдаги АҚШ ва Исроил элчихоналари ҳамда Бош прокуратурага қарши уюштирилган ҳужумлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди. Ҳужумлар оқибатида камида уч кишининг ҳалок бўлгани маълум.

2007 йилда “Исломий жиҳод гуруҳи” нинг тўрт нафар германиялик аъзоси АҚШ нинг Рамштайндаги ҳарбий базаси ҳамда АҚШ ва Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихоналарига қарши ҳужум уюштиришни режалаштирганликда айбланиб ҳибсга олинди. Айни пайтда гуруҳ аъзолари маҳкама олдида кўрсатма бермоқдалар.

Кўрсатмалардан маълум бўлишича, Германияда ҳужум уюштириш буйруғини Аҳмад лақабини олган Нажмиддин Жалоловнинг ўзи берган. Унча яхши қуролланмаган ва аъзолари сони 200 нафардан ортмайдиган гуруҳ бўлишига қарамасдан “Исломий жиҳод иттифоқи” алоҳида хавотир уйғотиб келамоқда. Зеро, бу гуруҳ экстремистик кайфиятда бўлган исломчиларни Ғарб давлатларидан ёллашга ҳаракат қилиб келади.

Жорий йил бошида юзлари ниқобланган гуруҳ аъзолари интернет орқали соф немис тилида Германияга қарши ҳужум уюштириш билан дўқ-пўписа қилган эди.

“Исломий жиҳод иттифоқи” бўйича етакчи эксперт ва немис хафвсизлик кучларининг маслаҳатчиси доктор Гюдо Штайнберг фикрича, Нажмиддин Жалоловнинг ўлдирилгани ўз тасдиғини топса, бу ўзбек жанггари гуруҳига жиддий зарба берилганини англатади.

- “Исломий жиҳод иттифоқи” Жалолов ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош ўртасида юзага келган шахсий келишмовчиликлар туфайли 2001 – 2002 йилда пайдо бўлган. Жалолов ўз гуруҳини ёлғиз ва ўзгача бир усулда бошқардики, усиз бу гуруҳ энди узоққа бормайди, деб ўйлайман. Жалолов бўлсама¸ унинг ўрнини боса оладиган у каби тажрибали бўлган одам топилмайди.

Озодлик: Лекин маълумотларга кўра, Жалоловнинг 26 ёшли Суҳайл Бурхонов исмли ёрдамчиси бор эди. Эҳтимол энди гуруҳга у бошчилик қилар?

Гюдо Штайнберг: Буни инкор қилмайман. Лекин Суҳайл нисбатан ёш. У 1983 йилда туғилган ва унинг бошқа дала қўмондонларига гапи ўтмаслиги мумкин. Назаримда¸ гуруҳ раҳбарлиги бошқа қўмондонга ўтади. Унинг тўлиқ исми менга маълум эмас. Аммо уни Равшан ёки Муҳаммад Фотиҳ деб чақаришар экан. У “Исломий жиҳод иттифоқи” томонидан тарқатилган бир неча видеоларда гуруҳ қўмондони сифатида кўриниш берган. У Суҳайлдан кўра тажрибалироқ ва унинг ўзига хос ҳарбий харизмаси бор. Нажмиддин Жалолов ва Муҳаммад Фотиҳ тандемини Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний тандеми билан солиштириш мумкин.

Озодлик: Айтингчи¸ гуруҳ ҳақида шунча маълумотни йиғиш имкони қандай туғилди? Бу нарсаларни Германияда қўлган олинган Иттифоқ аъзолари айтиб беришганми?

Гюдо Штайнберг: Қисман. Лекин менимча, АҚШ махфий хизматлари бу ташкилот ҳақида аввал ҳам жуда кўп нарсани билишган. Чунки бу гуруҳнинг етакчиларидан бири (унинг фамилияси Бўронов) бир неча йил аввал Пешоварда қўлга олинади. Кўп ўтмай у озод қилинади. Аммо назаримда Покистон ва АҚШ махсус хизматлари ундан жуда кўп маълумотни олишади. Ҳозир Германияда қўлга олинган гуруҳ аъзолари ҳам муҳим кўрсатмаларни бермоқда аммо уларнинг тафсилотларини ҳозирча ошкор қилолмайман.

Озодлик: Бир томондан¸“Исломий жиҳод иттифоқи”нинг унчалик яхши қуролланмагани айтилади, бошқа томондан уларнинг жиддий таҳдид солиши таъкидланади. Буни қандай тушуниш мумкин?

Гюдо Штайнберг: Бу тўғри, кичик бир гуруҳдир. Унинг Вазиристондаги аъзоларининг сони ҳеч қачон 200 нафардан ортмаган. Лекин Жалоловнинг омади келиб¸ у айрим немис ва турк миллатига мансуб жангариларни ўз сафига торта олган. Айнан шу боис у ҳатто Европада ҳужум уюштиришни режалаштира олган.

Озодлик: Германия ҳозирда ушбу гуруҳни ўзига жиддий таҳдид деб биладими?

Гюдо Штайнберг: Улардан келаётган таҳдидга Германия ҳукумати¸ албатт¸а жиддий қарамоқда. Айниқса¸ 2007 да уларнинг Зауэрланд фирқаси фош қилинганидан сўнг. Лекин бошқа томондан араб, турк ва немис миллатига мансуб бошқа Германия фуқароларининг ҳамон ушбу гуруҳ таркибида қолаётгани хавотирланишга асос беради. Улар ҳатто видеоларда Германияга таҳдид қилишганди.

Шунинг учун бу гуруҳни кичик¸ деб менсимаслик тўғри эмас. Самарали ҳужум уюштириш учун террорчиларга армия керак бўлмайди. Бунинг учун яхши тайёргарликдан ўтган 3-4 киши кифоя. Аммо бизнинг ишонишимизча,“Исломий жиҳод иттифоқи” бевосита Германияга эмас, кўпроқ Германиянинг Афғонистондаги ҳарбийларига таҳдид солаётир.

Озодлик: Сизнингча Тошкентда ҳам бир қатор портлашни уюштиргани айтиладиган ушбу гуруҳнинг Ўзбекистонга таҳдиди жиддийми?

Гюдо Штайнберг: Бу таҳдидни жуда кучли¸ деб таърифламаган бўлардим. Улар асосан Покистонда ва қисман Германия қўшинлари жойлашган Афғонистон шимолида ўрнашиб олган. Шунинг учун улар Ўзбекистон давлатига жиддий таҳдид солади¸ деб ўйламайман.

Ўзбек жангариларининг узоқ йиллик танаффусдан сўнг 25-26 май кунлари Андижон ва Хонабодда пайдо бўлиши, Ўзбекистон ҳукуматининг шавқатсиз стратегияси таҳдидга номутаносиб бўлаётганини кўрсатади¸ холос. Террорчиларга қарши курашиш керак, аммо уларга хайрироҳ бўлаётганлардан сўрасангиз, ҳатто Европа нуқтаи назардан ҳам бу одамларнинг Ўзбекистон ҳукуматига қарши курашиш учун етарлича сабаблари борлигини кўрасиз.
XS
SM
MD
LG