Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:58

Тошкент Брюсселни танқид қилмасликка чақирди


Кузатувчилар¸ ўзаро мулоқотларда Тошкентнинг Брюссел эмас¸ балки Брюсселнинг Тошкент шартларига кўпроқ ëн бераëтганини қайд этмоқдалар.
Кузатувчилар¸ ўзаро мулоқотларда Тошкентнинг Брюссел эмас¸ балки Брюсселнинг Тошкент шартларига кўпроқ ëн бераëтганини қайд этмоқдалар.

14 сентябр куни Брюсселда Ўзбекистон - Европа Иттифоқи ҳамкорлик кенгаши доирасида бўлиб ўтган сўзлашувлар давомида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов иттифоқни шарт ва танқидларсиз мулоқотга чорлади.

Европа иттифоқи мутасаддилари билан ўтказилган сўзлашувлардан сўнг Тошкент дипломатлари раҳбари матбуот анжумани ўтказди.

Матбуот анжуманида айтилган баёнотларга ишонадиган бўлсак, иккала томон ҳам Брюссел ва Тошкент ўртасида бораётган бугунги очиқ мулоқот даражасидан хурсанд. Европа Иттифоқига раислик қилаётган Швеция Ташқи ишлар вазирлиги Давлат котиби Франк Белфраге сўзлашувлар давомида муҳокама этилган асосий масалаларга тўхталди.

- Биз кўтарган масалалар Ўзбекистонни ислоҳотлар ўтказишга рағбатлантириш нуқтаи-назаридан муҳим¸ деб ўйлайман. БМТ махсус маърузачиларининг ташрифлари, Халқаро Қизил хоч ташкилотининг фаолияти, мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш масаласини муҳокама этдик. Бу масалада Ўзбекистоннинг халқаро хужжатлардан бирига қўшилгани ҳақида ахборот берилди. Лекин бошқа томондан¸ умумиятла йиғилишлар ўтказиш эркинлиги, фуқаролик жамиятининг роли, сиёсий мухолифатнинг аҳволи, оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги каби масалаларга ҳам тўхталдик. Биз Ўзбекистонда эркин ва адолатли сайлов ўтказиш заруратини ҳам таъкидладик. Хуллас¸ биз фикримизча муаммоли саналган жуда кўп масалаларга тўхталдик¸ деди Швеция Давлат котиби Франк Белфраге.

Ўз чиқишида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел Ўзбекистоннинг мураккаб ҳамкор эканини эътироф этгандай бўлса-да¸ Европа иттифоқи дипломати Ўзбекистон билан ҳамкорликни мураккаблаштираëтган жиҳатларга аниқлик киритмади.

Матбуот анжуманида энг кўп гапирган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов бўлди. Озодлик радиосининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг қамалаётгани, мамлакатда қийноқларнинг давом этаётгани тўғрисидаги саволига жавобан жаноб Норов 10 минутга чўзилган маъруза бошлади.

Қийноқлар муаммосини мутлақо инкор этишгача бориб етмаган бўлса-да¸ жаноб Норов бу муаммонинг кўплаб ривожланган давлатларга ҳам хослигини таъкидлаб ўтди.

- Агар сиз давом этаяпти¸ дея даъво қилаётган қийноқлар масаласига тўхталадиган бўлсак¸ бу муаммо Европада ҳам¸ дунёнинг барча ривожланган давлатларида ҳам бор¸ деди Владимир Норов Озодлик мухбирига қарата.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг таъқиб этилишини эса Норов қонун устуворлиги билан оқлашга ҳаракат қилди.

- Бу одамлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даъвоси билан айрим ҳолларда жиноий жавобгарликни четлаб ўтишга уринадилар¸ дея муаммога расмий изоҳ берди Тошкетн дипломатлари раҳбари.

Владимир Норовга кўра, Ўзбекистонда 100 минг аҳолига атиги 142 та маҳбус тўғри келади. Бу эса¸ унинг фикрича¸ дунёдаги энг паст кўрсаткичдир.

Умуман ўзининг ўзаро танқидларга асосланмаган мулоқот тарафдори эканини таъкидлаган Норов Европада ҳам инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганини тилга олди ва тўрт йил аввалги карикатура жанжалига тўхталди.

- Биз Ғарбдаги исломофобия ҳақида гапираётганимизда пайғамбар Муҳаммадга чизилган ҳажвий суратларни назарда тутамиз. Биз учун бу номақбулдир. Бу сўз эркинлиги билан оқланаётган бўлса ҳам биз бунга шунчаки қараб туролмаймиз. Биз Исломнинг террорчилик билан қориштирилаётганига ҳам норозимиз¸ деди Ташқи ишлар вазири Норов.

Ўзбекистон-Европа иттифоқи ҳамкорлик кенгаши доирасидаги анъанавий сўзлашувлар келаси октябр ойининг ўрталарида бўладиган Европа иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан жорий этган санкциялари муҳокамасига таъсир қилади.

Санкциялар тақдири¸ балки узил-кесил бир ëқли қилиниши арафасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири 6000 километр масофадан туриб жорий этилган санкцияларнинг Ўзбекистонга ҳеч қандай таъсир қилмаганини яна бир бор тантанали оҳангда такрор қилди.
XS
SM
MD
LG