Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:52

Тошкент Москвани асабийлашишга мажбур қилмоқда


Расмий Тошкент¸ КХШТ нинг Марказий Осиëда ўз мавқеини кучайтириш иддаоларига ўзига таҳдид сифатида қарамоқда.
Расмий Тошкент¸ КХШТ нинг Марказий Осиëда ўз мавқеини кучайтириш иддаоларига ўзига таҳдид сифатида қарамоқда.

Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг ҳарбий машқларида иштирок этмаяпти¸ айни пайтда Қирғизистон билан чегара ҳудудидаги ҳарбий ҳозирлигини кучайтирмоқда.

Россия ташаббусларини бойкот қилиш, президент Каримовнинг Москвадан ўз норозилигини ифода этишдаги энг синалган усулидир. 26 август куни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг Москвада бошланган ҳарбий машқлари ўзбек ҳарбийларисиз ўтмоқда.

“Коммерсант” газетасининг ёзишича, Каримовнинг навбатдаги демарши Кремлни хавотирга солган. Аммо КХШТ расмий вакили Виталий Стругавец Ўзбекистоннинг ҳарбий машқларда иштирок этишдан бош тортишини расмий Тошкент сиёсатининг мантиқий давоми¸ деб таърифлади.

- Тошкент билан ҳамкорлик қилиш ҳеч қачон осон бўлмаган. Тошкентнинг жуда кўп масалалар бўйича ўзининг алоҳида қараши бор ва биз унинг позицияси билан ҳисоблашамиз. Тошкентнинг сўнгги қадамида мантиқий давомийлик бор. Тезкор коллектив кучларни ташкил этиш келишувини президент Каримов алоҳида шартларни қўйиб имзолаган эди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Стругавец.

Тезкор коллектив кучларнинг КХШТ га аъзо давлатлар ички зиддиятларига аралашув эҳтимолидан ташвишга тушаëтган президент Каримов Россиянинг КХШТ ни НАТО муқобилига айлантириш режасини издан чиқармоқда. Тезкор коллектив кучларни ташкил этиш режаси оқсаётган бир пайтда¸ Россия Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарасига яқин ҳудудда мазкур кучлар учун янги ҳарбий база очиш режаси ҳақида эълон қилди. Бу борада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига норозилик билдириш, Мудофаа вазирлигига эса Қирғизистон билан чегарани мустаҳкамлаш вазифаси юклатилди.

Айни кунларда Қирғизистон билан чегарадош Хонобод шаҳарчасида чегарани қўриқлаш вазифасини бажарадиган янги ҳарбий шаҳарча барпо этилаëтгани ҳақда гапирилмоқда. Ушбу хабарни маҳаллий бошқарув идораси ходими ва чегарачилардан бири Озодлик билан суҳбатда тасдиқлади.

Маҳаллий фаоллардан бири Абдуқодир Сатторов бир муддат аввал чегара ҳудудини уйлардан тозалаш бошлангани ва шаҳарга қўшимча ҳарбийлар жойлаштирилишини қўшиб ўтди.

- Кўчган одамларга уйининг пулидан ташқари яна цемент¸ ëғоч¸ арматура¸ темир бераяпти экан. Хонобод деган совхоз бўлган. Хонобод совхозининг ўрнига солдатлар кўчиб келиб жойлашадиган¸ ўзбекистонлик ҳарбий чегарачилар турадиган ҳарбий шаҳарча қурилар экан¸ дейди Абдуқодир Сатторов.

25-26 май кунлари номаълум жангари гуруҳ Хонобод ва Андижон шаҳарларида ҳужум уюштирган эди. Мазкур воқеадан сўнг, чегаранинг бир қисмида хандақлар қазилди.

“Регнум” ахборот агентлигининг Ўзбекистон хавфсизлик хизмати ходимига таяниб хабар қилишича, уйлари Қирғизистон билан чегарада жойлашган 200 га яқин оила бошқа жойларга кўчирилади.

Таҳлилчилар фикрича, Қирғизистон чегарасига яқин ҳудудда Ўзбекистон ҳарбий ҳозирлигининг кучайиши расмий Тошкентнинг Ўш ёки Боткенда Россия аскарларини жойлаштириш режасига жавоби бўлиши мумкин. Россия ҳарбийларининг Қирғизистон жанубида жойлаштириш режасига қарши баёнот эълон қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг ушбу лойиҳаси Марказий Осиёнинг уч давлати туташган жойда милитаризация жараёнини кучайтириши ва миллатларо зиддиятга сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг Россиядан сиёсий таянч сўраган президент Каримов Россияни ўз хавфсизлик гарови сифатида таърифлаган эди. Россиянинг ўтган ëзда Грузияга қилган ҳарбий босқинидан сўнг Кремлнинг ҳарбий амбицияларидан хавотирга тушаëтган расмий Тошкент ¸ ҳозирча Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти таркибида қолмоқда.

“Коммерсант” газетасининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Владимир Соловьев КХШТ га аъзолик Ўзбекистонга катта имтиёз бераётганини таъкидлайди.

- Умуман олганда бу ташкилот доирасида амалга оширилаётган ҳамкорлик Ўзбекистон учун фойдалидир. Гап имтиёзли равишда аскарларни ўқитиш ва дунё бозоридагидан анча арзон нархларда қурол-яроғ сотиб олиш ҳақида кетмоқда. Ўзбекистон бу имтиёзлардан фойдаланишни¸ аммо бу ташкилотнинг кучаймасдан бугунги аҳволда қолишини истайди¸ дейди Владимир Соловьев.

Россия расмийларига кўра, КХШТ нинг кенг кўламли ҳарбий машқларини бойкот қилиш Ўзбекистон учун ҳеч қандай оқибатсиз кечиши мумкин.

Ташкилот расмийси Стругавецнинг айтишича, расмий Тошкент ташкилотга аъзолик бадалларини тўлиқ ва ўз вақтида тўлаб бормоқда. КХШТ низомига кўра, аъзолик бадалини тўлашдан бош тортаётган давлатларгина КХШТ дан чиқариб юборилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG