Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:39

Қамоқхонадан яна тобут чиқди


Ўзбек қамоқхоналарида қийноқлар қўлланилаётгани, баъзан эса у ердан расмийларга мақбул бўлмаган маҳбуслар ўлиги чиқаётгани Ўзбекистон шароитида янгилик бўлмай қолган.
Ўзбек қамоқхоналарида қийноқлар қўлланилаётгани, баъзан эса у ердан расмийларга мақбул бўлмаган маҳбуслар ўлиги чиқаётгани Ўзбекистон шароитида янгилик бўлмай қолган.

28 июл куни Ҳизбут-Таҳрир партиясига аъзоликда айбланиб жазо муддатини ўтаётган Ғолиб Муллажонов қийноқлар оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақдаги ахборотни Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатди.

Навоийдаги 64/46 қамоқхонасида маҳбус Ғолиб Муллажоновнинг қийноқлар натижасида ҳалок бўлгани ҳақидаги ахборот Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳига қўлдан-қўлга ўтиб етиб келди. Бундай ҳолатларни Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари қаттиқ сир тутишга ҳаракат қилади.

Навоийдаги қамоқхонада ўтирган маҳбуслардан бирининг отаси ўғлининг илтимосига биноан бу ҳақдаги хабарни ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга етказган.

Унга кўра, Ҳизбут-Таҳрир партиясига аъзоликда айбланиб қамалган 37 ёшли андижонлик Ғолиб Муллажоновни қамоқхона маъмурларининг кўрсатмасига биноан унинг камерадошлари қийноққа солиб ўлдирган. Муллажоновнинг калтаклаб ўлдирилишини қамоқхона ходимлари кузатиб турган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларининг айтишича, диний-сиёсий мотивлар билан қамалган маҳбусларни қамоқхона раҳбарияти имкони борича оғир жиноятларни содир этган маҳбуслар билан бир камерага жойлаштиришади.

Муллажоновнинг ўлими Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқларнинг мунтазам қўлланилиши борасида бонг урадиган халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг даъволарини тасдиқлайди. Аммо, Суръат Икромовга кўра, бу хабар ортида бошқа бир ташвишли сигнал ҳам бор. Ғолиб Муллажоновнинг исми Ўзбекистонда диний-сиёсий мотивлар билан қамалган юзлаб маҳбуслар рўйхатида йўқ.

- Бизларнинг архивда бунинг фамилияси йўқ экан. У андижонлик экан. Менимча¸ у суд қилинган пайтда биз мониторинг ўтказа олмаганмиз. Биз бехабар бўлганмиз. Шунинг учун мана шунақалардан бир нечтасининг фамилияси бизларда мавжуд эмас¸ дейди Суръат Икромов.

Жорий йил бошида Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази Ўзбекистонда диний ва сиёсий айбловлар билан 2004–2005 йилда қамалган 1452 маҳбуснинг рўйхатини чоп этди. Муллажонов бу рўйхатда ҳам¸ аввалгиларида ҳам қайд этилмаган. Бундай ҳолат Ғолиб Муллажонов каби қамалиб ҳеч қаерда қайд этилмаган яна қанчадан қанча маҳбуснинг Ўзбекистонда жазо муддатини ўтаётгани юзасидан жиддий хавотирларни уйғотади.

Муллажоновнинг қийноқлар натижасида ҳалок бўлгани ҳам тасодиф тақозоси билан жамоатчиликка маълум қилинмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда Суръат Икромов қийноқлардан ҳалок бўлаётган маҳбусларнинг асл сонини фақатгина тахмин қилиш мумкин¸ деб ҳисоблайди.

- Шу йил бўйича қийноқлардан ўлганлар бўйича олти-еттита ҳолат маълум. Биз бу ўлганларнинг фамилиясини олдинроқ Интернетда эълон қилганмиз. Ўзи аслида қамоқхоналарда 10 баробар кўпроқ одам қийноқларга учратилиб¸ ўлдирилаяпти. 50-60-70 атрофида маҳбус ўлдирилаяпти, деса бўлади¸ дейди Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG