Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:40

"Оязимхон Хидирова озод этилиши керак"


Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар жиззахлик фермер ва ҳуқуқ ҳимоячиси Оязимхон Хидированинг ҳибсда сақланаётганидан ташвиш билдирмоқдалар.

“Ўзбекистон маъмурлари Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг Арнасой туман бўлими раиси Оязимхон Хидировага қарши ҳар қандай жиноий айбловларни зудлик билан тўхтатиши ва уни судлов бошлангунига қадар ҳибсдан озод қилиши керак”. Ҳюман Райтс Вотч халқаро ташкилоти ўзининг бу талабини кеча эълон қилди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва фермер Оязимхон Хидирова жорий йилнинг 28 июл куни безориликда, товламачиликда ва солиқ тўламаганликда гумон қилиниб ҳибсга олинган эди.

Халқаро Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти Хидированинг тақдири юзасидан ташвиш билдирар экан, унинг қамоққа олиниши Арнасой туманида қишлоқ хўжалиги соҳасига мутасадди давлат амалдорлари ўртасидаги коррупцияни фош этиш йўлида қилган ҳаракатларига жавоб бўлаётган бўлиши мумкин, деган фикрда.

Ташкилот баёнотида билдирилган бу фикрни Ҳюман Райтс Вотчнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўлими раҳбари Ҳолли Картнер Озодлик радиоси саволларига жавоб берар экан, айтиб ўтди.

Ҳолли Картнер: Биз Ўзбекистонда коррупцияни фош этаётган ва фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилаётган инсон ҳуқуқлари фаолларининг кўпроқ таъқиб этилаётганини кузатмоқдамиз. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг таъқиб этилиши бу мамлакатга хос одатий ҳолатдир.

Аммо сўнгги пайтларда¸ айниқса¸ фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган ва ўз фаолиятини қишлоқ хўжалигидаги болалар меҳнати ва пахтачилик соҳасидаги қоидабузарликларга қаратган фаолларнинг таъқиб этила бошланганини қайд этмоқдамиз.

Озодлик: Ана шу муносабат билан сизлар қандай талабларни илгари сурмоқдасизлар?

Ҳолли Картнер: Авваламбор Ўзбекистон ҳукумати унга нисбатан илгари сурилаётган айбловлар юзасидан далил тақдим этишини истар эдик. Шундан сўнг далиллар билан мустаҳкамланмаган айбловларнинг олиб ташланишини ва унинг ҳибсдан озод этилишини талаб этамиз. Бизни янада хавотирга солаётган нарса шуки, ҳозир уни ҳибсда қолдириш учун унга нисбатан яна қўшимча айбловлар ҳам илгари сурилиши мумкин.

Озодлик: Сўнгги бор биз журналист Дилмурод Саййиднинг қамалишига ва бир неча аёлнинг ноқонуний диний фаолиятда айбланиб қамалганига гувоҳ бўлдик. Шуларни назарга олган ҳолда, Ўзбекистондаги бугунги вазиятга қандай баҳо берган бўлардингиз?

Ҳолли Картнер: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мухолифат фаолларига нисбатан муносабат жуда узоқ вақтдан буён аянчли бўлиб қолмоқда. Аммо ўтган 8-10 ой ичида вазият янада оғирлашди. Биз Ўзбекистонда одамларнинг асоссиз қамалиб кетаётгани, уларга нисбатан қамоқда қўлланилаётган зўравонликлар борасида ҳар куни хабар олмоқдамиз.

Бошқа томондан сиз Хидированинг ҳибсга олиниши ва Дилмурод Саййиднинг қамалиши ўртасидаги боғлиқликка ишора қилганингиз жуда ҳам тўғри. Иккала ҳолатда ҳам бу одамларнинг қамалиши уларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида адолат ўрнатиш ҳаракатлари билан боғлиқ. Менимча¸ бу Ўзбекистондаги "қама-қама"ларнинг янги бир тенденциясидир.

Озодлик: Сизнинг ташкилотингиз ҳамон Ўзбекистонга киритилмаяпти. Шу боис сизлар Ўзбекистондаги вазиятни яқиндан кузатиш ва маҳкамаларда иштирок этиш имкониятидан маҳрумсизлар. Европа Иттифоқи расмийлари бу масалани Ўзбекистон билан олиб борилаётган мулоқот давомида кўтариб келаётганини айтишади. Бу мулоқотлар натижа беришига ишонасизми?

Ҳолли Картнер: Биз жорий вазиятдан мутлақо қониқиш ҳосил қилаётганимиз йўқ. Ҳюман Райтс Вотч Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган халқаро ташкилот бўла туриб, бизнинг вакилларимизга Ўзбекистонда ишлаш имкони берилмаяпти. Бугунги кунда, Туркманистон ва Ўзбекистондан ташқари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо қолган барча давлатлар бизнинг фаолиятимизга рухсат беради. Бу масалани ҳал этишга кўмак беришларини сўраб, биз Европа Иттифоқи ва АҚШ ҳукуматига мурожаат қилмоқдамиз. Шунда ҳам биз айниқса маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларининг ишлашларига имкон берилсин, деймиз.

Озодлик: Европа Иттифоқи кузга бориб Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган сакцияларнинг қолган қисми юзасидан қарор беради. Ўзбекистон ҳукумати бу нарсаларни деярли инобатга олмасдан ҳаракат қилаётганини қандай изоҳлаган бўлардингиз?

- Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматига ижобий таъсир этиш учун ўз таъсир воситасининг бир қисмидан воз кечди. Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш учун ҳеч нарса қилмаган бир вазиятда Европа Иттифоқининг ўтган йили санкцияларни юмшатгани Ўзбекистон ҳукуматига ёмон сигнал бўлди. Ўзбекистон ҳукумати ўзининг бугунги ҳатти-ҳаракатлари ҳеч қандай оқибатларни келтириб чиқармаслигига ишонади. Афсуски, Европа Иттифоқи санкцияларининг юмшатилиши ортидан Ўзбекистондаги вазиятнинг ёмонлашуви оддий тасодиф эмас¸ дейди Ҳолли Картнер.

Ҳюман Райтс Вотч маълумотларига кўра, фақатгина 2005 йилги Андижон қирғинидан кейин 10 дан зиёд ҳуқуқ ҳимоячиси қамалган. Булар Аъзам Фармонов, Алишер Кароматов, Жамшид Каримов, Норбой Холжигитов, Ҳабибулла Оқпўлатов, Насим Исоқов, Расул Худойназаров, Йўлдош Расулов, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид ва бошқалар.
XS
SM
MD
LG