Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:36

Moody’s: бўҳрон ўзбек банкларини ҳам оқсатади


Moody’s агентлиги мутахассисларига кўра, Ўзбекистон банклари томонидан берилган қарзларнинг 10-15 фоизи 2009 йилнинг охирига бориб қайтмас қарзга айланиб қолиши мумкин.
Moody’s агентлиги мутахассисларига кўра, Ўзбекистон банклари томонидан берилган қарзларнинг 10-15 фоизи 2009 йилнинг охирига бориб қайтмас қарзга айланиб қолиши мумкин.

Moody’s халқаро рейтинг агентлиги экспертлари Ўзбекистонда фундаментал кредит кўрсаткичлари яқин истиқболда салбий томонга оғишини тахмин қилмоқдалар.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистондаги банк тизими фаолияти, хусусан, кредит тизими барқарорлиги ва банклар рентабеллигини ижобий баҳолаб келган Moody’s халқаро рейтинг агентлигининг Ўзбекистонга оид тахминлари бу гал салбий бўлди.

Агентлик экспертлари фикрича, Ўзбекистондаги фундаментал кредит кўрсаткичлари 2009 йилнинг якунига қадар салбий томонга ўзгариши мумкин. Бу эса, биринчи галда, мамлакатда банк тизимининг ботинан ожиз экани ва айни пайтда глобал иқтисодий шарт-шароитларнинг ёмонлашаётгани билан боғлиқ.

Глобал иқтисодий бўҳрон туфайли Ўзбекистон хорижга чиқараётган асосий хом ашё ва тайёр маҳсулотларга сўров камайган. Шу боис келгуси қисқа давр ичида бу соҳада ишлаётган давлат тасарруфидаги ва хусусий корхоналар даромади кескин камайиб бориши ҳамда уларнинг банклардан олган кредитларни тўлаш қобилияти қисқариши агентлик экспертлари томонидан тахмин қилинмоқда.

"Moody’s халқаро рейтинг агентлигининг бу тахлит башорати Ўзбекистон иқтисоди учун нимани англатади?" деган савол билан узоқ йиллар Ўзбекистон молия вазирлигида ишлаган собиқ амалдор ва ҳозир Олмаотадаги Евроосиё институти иқтисодиёт факултетининг декани бўлган Сапарбой Жубаевга мурожаат қилдик.

Иқтисодчи фикрича, авваламбор, Moody’s халқаро рейтинг агентлиги тахминидаги хавотирга асос бор ва бу глобал иқтисодий бўҳроннинг Ўзбекистон иқтисодига таъсири энди-энди юзага чиқаётгани билан боғлиқ.

- Бизга ҳам таъсир қилди. Қайси йўлда таъсир қилди? Бизнинг жуда кўп хом-ашëларимиз – пахта бўлсин¸ газ бўлсин¸ Асакадан чиқаëтган машиналар бўлсин¸ мис бўлсин¸ уран бўлсин¸ олтин бўлсин – буларнинг ҳаммасини биз экспорт қиламиз. Ҳозир олтиннинг баҳоси қимматлади¸ аммо қолганлариники пастга тушиб кетди. Унга эҳтиëж камайди. Эҳтиëж камайгандан кейин ишлаб чиқариш камаяди. Ишлаб чиқариш камайгандан кейин иш жойлари камаяди. Бўҳроннинг бизга таъсири шу¸ - дейди Сапарбой Жубаев.

Иқтисодчи Сапарбой Жубаев фикрича, айни пайтда мамлакат ичкарисида аҳолининг харид қобилияти сезиларли равишда камайгани ҳам тўғри.

Яъни мамлакатни тарк этган ва ой сайин юртига пул юбораётган миллионлаб меҳнат муҳожирларининг тушуми қарийб тўрт баробарга камайгани аҳоли харид қобилиятини кескин қисқартирган.

- Сотиб олиш қобилияти камайгандан кейин кичик магазиндагилар¸ ҳунарчилар¸ қишлоқ хўжалигида ишлайдиганларнинг маҳсулотига талаб камаяди. Шунинг учун ҳам бизнинг иқтисодимиз сал бўлса ҳам пастга тушади. Бу объектив қонун. Буни ҳеч ким ўзгартира олмайди.

Америка ëки Хитойникига ўхшаган триллион-триллион экономика ўзини эплай олади. Бизга ўхшаган 30-35 миллиардлик экономика буни эплай олмайди. Бу албатта банк системасига таъсир қилади. Одамлар банкка пул олиб бормагандан кейин банкнинг эртага берадиган кредити камаяди¸ - дейди Сапарбой Жубаев.

Ўзбекистон даромадининг асосини ташкил қилган экспорт маҳсулотларига ташқи сўровнинг камайгани ва айни пайтда аҳолининг харид қобилияти қисқаргани Ўзбекистондаги банкларнинг рентабеллиги ва кредит кўрсаткичларига тўғридан-тўғри таъсир қилади.

Сапарбой Жубаевга кўра, Ўзбекистонда бундай таъсирнинг кескин бўлишига яна бир сабаб мамлакатда кредит тизимининг мутлақо ўзига хослиги билан боғлиқ.: Ўзбекистонда кредит олувчи ва кредит берувчи субъектларнинг деярли ҳаммаси давлат назорати остида.

- Катта корхоналарга катта кредитлар берилади. Уларнинг ярим хусусийлаштирилгани ва ярим хусусийлаштирилмагани алоҳида гап. Масалан¸ Олмалиқдаги тоғ-кон металлургия комбинатининг мисини ҳеч ким олмай қўйса¸ у пулини қайтариб бера олмайди. Навоийдаги корхоналаримиз ҳам худди шунақа. Катта-катта корхоналарга кредитлар берилган бўлса ва уларнинг қайтариши қийин бўлса¸ бу банк системамизни ҳам қийинчиликка олиб келиши мумкин¸ - дейди Сапарбой Жубаев.

Сапарбой Жубаевга кўра, Ўзбекистонда аҳоли ва хусусий юридик шахсларнинг кредит тизимидаги иштироки жудаям кам.

- Масалан¸ ривожланган давлатларнинг 100 фоизлик кредитининг 50-60 фоизи катта корхоналарга бўлса¸ қолган қисми кичик корхоналар ва аҳолига берилган бўларди. Бу кўрсаткич Ўзбекистонда 95 га бешни ташкил қилади. 95 фоизи катта корхоналарга¸ қолган қисми эса кичик корхоналар ва аҳолига берилади.

Бунинг яхши томони катта корхона яхши ишласа¸ банк ўз пулининг 95 фоизини йўқотмайди. Европада талаб камайса¸ бу дарров кўзга ташланади. Бизда эса бу кейинроқ кўринади, - дейди Сапарбой Жубаев.

Узоқ йиллар Ўзбекистон молия вазирлигида ишлаган собиқ амалдор ва ҳозир Олмаотадаги Евроосиё институти иқтисодиёт факультетининг декани бўлган Сапарбой Жубаев Moody’s халқаро рейтинг агентлигининг Ўзбекистон банкларининг фундаментал кредит кўрсаткичлари бўйича эълон қилган тахминий ҳисоботига ўз муносабатини билдирди.

Агентлик тахминича, Ўзбекистондаги банкларнинг кредит кўсаткичлари яқин истиқболда салбий томонга оғиши ва 2009 йил охирига бориб, мамлакат банклари тақдим этилган жами кредитларнинг 10-15 фоизи муаммоли кредитлар, содда айтганда, қайтиши гумон кредитларга айланиши мумкин.
XS
SM
MD
LG