Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:31

Затулин: "Бунақаси кетмайди!"


Тошкент¸ Россия ва Қирғизистоннинг ўз бурни тагида янги база қуриш режасининг ўзига таҳдид эканидан хавотирда.
Тошкент¸ Россия ва Қирғизистоннинг ўз бурни тагида янги база қуриш режасининг ўзига таҳдид эканидан хавотирда.

Тошкентнинг ўзбек-қирғиз чегарасида янги Россия ҳарбий базаси очилиши режасига нисбатан қаршилигини шарҳлаган НАТО расмийси¸ Ўзбекистон хавотирларида жон борлигини айтса¸ Россия сиëсатчиси Каримов учун Россия ë Ғарбдан бирини танлаш фурсати келди¸ деган фикрда.

Жорий ой бошида Қирғизистон ҳудудида иккинчи Россия базасининг очилиш эҳтимоли ҳақда сўралганда президент Қурмонбек Бакиев унинг аҳамиятини пасайтиришга ҳаракат қилган эди.

- Бу база эмас, балки халқаро террорчиликка қарши курашувчи аксил террорчилик маркази бўлади. Бу марказда халқаро террорчиликка қарши кураш бўйича машқлар ўтказилади. Бундай таҳдид бугунги кунда Қирғизистон жанубида мавжуддир¸ деган эди президент Бакиев.

Қирғизистон жануби - Ўзбекистон сарҳадига туташ ҳудудда Россия ҳарбий базасининг очилиши ҳақида илк хабар пайдо бўлган заҳотиёқ, исми ошкор этилмаган Тошкент расмийси Ўзбекистоннинг бу режага эканини баëн қилди.

Кўп ўтмай¸ Ўзбекистон Сенатининг ташқи сиёсат масалалари бўйича мутасаддиси сенатор Сурайё Одилхўжаева Озодлик радиосига янги базанинг минтақа хавфсизлигига ҳисса қўшмаслигини таъкидлади.

- Мен шахсан сенатор сифатида Марказий Осиёда ҳарбий базалар қанча кам бўлса¸ шунча яхши деб ҳисоблайман. Хусусан¸ бу масалани муҳокама этмаганмиз ва менинг фикрим расмий позицияни акс эттирмаслиги мумкин.

Аммо бир нарсани айтмоқчиманки, Ўзбекистон ва минтақа хавфсизлиги кўплаб омилларга боғлиқ масаладир. Янги базанинг очилиши эса хавфсизликни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшмайди¸ деган эди жорий ой бошида Ўзбекистон сенатори.

НАТО расмийлари Россия етакчилигидаги ҳарбий-сиёсий блок режалари борасида муносабат билдиришни хуш кўрмаса ҳам, ҳарбий алъянс бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Роберт Симмонс расмий Тошкент Россия ҳарбий базасининг очилиши юзасидан ўз хавотирларини билдиришга ҳақли¸ деб ҳисоблайди.

- Бу борада Ўзбекистон томони билан гаплашганмиз. Уларнинг айтишича, ҳозирги кунда мавжуда базаларнинг Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ ўзига хос вазифалари бор. Аммо Тезкор коллектив кучларга қарашли база бу алоҳида масаладир. Ўзбекистонни бу база кимга қарши йўналтирилгани ва бу кучлар Қирғизистонда нима қилади¸ қабилидаги саволлар қизиқтираяпти¸ дейди НАТО расмийси.

Россия сиёсатчилари КХШТ доирасида Ўзбекистон ҳукуматининг позициясига очиқчасига эътироз билдирмоқда. Россия Давлат Думаси қошидаги МДҲ бўйича қўмита мутасаддиси Константин Затулин Қирғизистон жанубида янги база барпо этилишидан расмий Тошкент кўраëтган таҳдидларнинг асоссиз эканини билдирди.

- Ўзбекистоннинг ўзи айрим қўшни давлатларига таҳдид солаётганини инобатга олмасак, шахсан мен бу базанинг Ўзбекистонга қандайдир таҳдид қилишини кўрмаяпман. Каримов ҳатти-ҳаракатлари остидаги мантиқ ҳарбий-мудофаа соҳасидаги интергацион жараёнлар оёғига болта уришдир.

Россия Марказий Осиё давлатларининг КХШТ даги ўз аъзолигига жиддий танлов сифатида ёндошишини хоҳлайди. Аммо айримлар бир вақтнинг ўзида бир неча стулга ўтириш мумкин¸ деб ҳисоблайди. Лекин бунақаси кетмайди¸ дейди Ўзбекистон эътирозига жавоб бера туриб Россия сиёсатчиси.

Константин Затулин¸ жорий кескинлик ортидан Ўзбекистоннинг КХШТ дан яна чиқишини эҳтимолдан соқит қилмайди ва ҳатто ўзининг Ўзбекистонни бу ташкилотдан чиқариб юбориш тарафдори эканини айтди.

- Агар Ўзбекистонни иттифоқчилар таркибида номига қолдириш лозимми ёки қолган иттифоқчилар билан олдинга қараб ҳаракатланишми¸ деган танлов олдида қолсак, шахсан мен иттифоқ тузишга тайёр давлатлар билан иттифоқчилик қилиш тарафдориман. Агар Каримов Шарқдан Ғарбга чопиш билан овора бўлиб қолган бўлса¸ бу унинг шахсий ишидир. Лекин кейинги сафар у биздан ёрдам сўраб ёлворса¸ биз уни эшитмасликка маънан ҳақли бўламиз¸ дейди кескин тарзда Константин Затулин.

НАТО мулозими Роберт Симмонс таъкидича, Россиянинг КХШТ даги ўз ҳарбий иттифоқчиларини жиддий танлов олдида қолдиришга ҳаракат қилаётгани Марказий Осиё давлатлари бўйича НАТО сиёсатига зиддир.

Қирғизистонда Россиянинг Тезкор коллектив кучлар таркибидаги янги ҳарбий иншоотни жойлаштириш режаси ҳамон Қирғизистон ҳукуматининг расмий розилигини талаб этади.

“Коммерсант” газетасининг ёзишича, Қирғизистон томони янги ҳарбий базанинг мавжуд ҳарбий иншоот ўрнида жойлаштирилмасдан, янгидан қурилишини истамоқда.
XS
SM
MD
LG