Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:26

"Ëлғиз аскар" курашга шай...


Кузатувчилар¸ Ислом Каримовнинг Россия ва Қирғизистоннинг Ўзбекистон этагида янги база очиш режасига томошабин бўлиб турмаслигини айтмоқдалар.
Кузатувчилар¸ Ислом Каримовнинг Россия ва Қирғизистоннинг Ўзбекистон этагида янги база очиш режасига томошабин бўлиб турмаслигини айтмоқдалар.

Россиялик кузатувчи Аркадий Дубнов¸ Россиянинг Боткенда янги ҳарбий база очиш режаси муҳокама этиладиган норасмий Бишкек сўзлашувларида қатнашувчи Ислом Каримов позициясини¸ шу мазмунда таърифлайди.

30 июл куни Душанбеда Тожикистон, Россия, Покистон ва Афғонистон президентлари Тожикистон ва Қирғизистон элект энергиясини Покистонга етказиб бериш ва Тожикистон гидроэнергетикасини ривожлантириш масалаларини муҳокама этди.

31 июл куни эса президент Каримов ҳам иштирок этадиган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Бишкекда ўтказиладиган норасмий сўзлашувларида Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Боткен вилоятида Россия ҳарбий базасини ташкил этиш масаласи кўрилади.

Иккала ҳолатда ҳам расмий Тошкент ўз миллий манфаатларига зид жиҳатларни кўради.

Президентлар учрашувларини кузатаётган журналист Аркадий Дубнов шундан келиб чиқиб Бишкек учрашуви давомида президент Каримовнинг ҳатти-ҳаракатларини аввалдан башорат қилиш мумкин¸ деб ҳисоблайди.

Аракадий Дубнов: Жаноб Каримов бугунги Ўзбекистон раҳбарияти учун Ўзбекистон чегарасига яқин ҳудудда Россиянинг ҳарбий иншоотларини жойлаштириш номақбул эканидан келиб чиқувчи ўз позициясини билдиради. Менимча¸ Каримов бу ҳарбий иншоотлар минтақа барқарорлигига ўз ҳиссасини қўшмаслиги, КХШТ ҳарбий контингентини жойлаштириш қарори консенсус асосда қабул қилиниши лозимлиги ҳақида гапиради.

Озодлик: Аммо Россиянинг КХШТ тезкор кучларини жойлаштириш қарори қатъий қолса, бу борада Каримов амалда нима қилиши мумкин?

Аркадий Дубнов: Менимча¸ у ўзининг бу борадаги фикри алоҳида расман қайд этилишига ҳаракат қилади ва Ўзбекистоннинг бу коллектив кучларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаслигига эришади. Бу КХШТ ичида номутаносибликни юзага чиқариши мумкин, аммо Тошкент ҳозирча КХШТ дан чиқиб кетишга тайёр эмас.

Озодлик: Расмий Тошкент қўшни давлатларда бўлаётган бугунги сўзлашувлар давомида ўз фикри билан ҳисоблашилмаётгани билан дуч келмоқда. Сизнингча¸ буларнинг барчаси Ўзбекистон ҳукуматининг Москва ва қўшнилари билан муносабатларига қандай таъсир қилади?

Аркадий Дубнов: Менимча¸ бу муносабатларда жиддий ўзгаришлар бўлмайди. Ўзбекистон мустақил ривожланиш даврида ўз яқин қўшниларига нисбатан муайян изоляция ҳолатида яшашга кўникиб қолган. Лозим бўлганда у Ғарб ва АҚШ дан ҳам узоқлашишни билади. Каримов Россия ва Ғарб манфаатларини бир-бирига қарши қўйиб сиёсат юргизиш ва ўзининг хос фикрига эга “ёлғиз аскар” бўлишга ўрганган. Ҳатто Каримов бундай изоляция жаҳон иқтисодий инқирози шароитида ўз самарасини бераётганини ҳам айтиши мумкин.

Озодлик: Бугунги шароитда Россиянинг Ўзбекистонга нисбатан ўз сиёсатини ҳали белгилаб олмагани айтилади. Сизнингча¸ бу жараёнлар Россиянинг Ўзбекистон устидан таъсирини йўқотиши билан якун топиши мумкинми?

- Менимча¸ бугунги ноаниқлиқ сақланиб қолади. Худди Тошкент Россия ва Ғарб манфаатларини билиб¸ улар ўртасида ҳаракат қилишни билгандай, Россия ўзининг КХШТ бўйича иттифоқчилари ўртасида ҳаракат қилади. Россия кимгадир молиявий ёрдам берса¸ яна кимнидир халқаро майдонда қўллаб-қувватлайди. Бир сўз билан айтганда, Россия ўз манфаатлари доирасидаги давлатларни ўз жиловида сақлаб қолиш учун қамчин ва ширин кулча сиёсатини давом эттиради¸ дейди Аркадий Дубнов.

Эслатиб ўтамиз, 7 июл куни президент Медведевнинг махсус топшириғи билан Бишкекка борган Россия Бош вазири ўринбосари Игор Сечин ва Мудофаа вазири Анатолий Сердюков президент Қурмонбек Бакиев ва Бош вазир Игор Чудинов билан ёпиқ эшиклар ортида музокара ўтказган эди.

Кўп ўтмай сўзлашувлар давомида Қирғизистон жанубида Россия ҳарбий базасини очиш масаласининг муҳокама этилгани маълум бўлди. Қирғизистоннинг Боткен вилоятида очилиши айтилаётган ҳарбий иншоот Россиянинг Қирғизистондаги иккинчи ҳарбий базаси бўлади.

2003 йил сентябр ойида Россия Қирғизистон билан Бишкекдан 20 километр масофада жойлашган Кант базасида КХШТ нинг Тезкор коллектив кучлари таркибидаги ҳарбий ҳаво бўлинмасини 15 йил муддатга жойлаштириш бўйича келишувга эришган эди.

Янги ҳарбий базанинг ҳам Тезкор коллектив кучларни ўз таркибига олиши хабар қилинмоқда. Расмий Тошкент ўз сарҳадларига яқин ҳудудда Россия базасини жойлаштириш режасига қарши чиқмоқда.
XS
SM
MD
LG