Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:22

Кремл танлов олдида турибди


Таҳлилчилар Душанбе ва Бишкек билан алоқаларни кучайтираётган Москванинг Тошкент билан бўлган муносабатларни қайта кўриб чиқишига тўғри келиши мумкинлигини қайд этмоқдалар.
Таҳлилчилар Душанбе ва Бишкек билан алоқаларни кучайтираётган Москванинг Тошкент билан бўлган муносабатларни қайта кўриб чиқишига тўғри келиши мумкинлигини қайд этмоқдалар.

Яқин икки ҳафта ичида Москва ва Бишкекда ўтадиган иккита норасмий саммит Кремлнинг Ўзбекистонга нисбатан кейинги сиёсатини белгилаб бериши мумкин.

МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг анъанавий ёзги учрашуви бу гал одатдагидан бошқачароқ бўлиши кутилмоқда. Бу гал Россия президенти Дмитрий Медведев МДҲ бўйича ҳамкасбларини Москва марказий отчопарида 18 июл куни уюштириладиган от пойгасини томоша қилишга таклиф қилди.

Президент Каримов ўтган йилги учрашувга ҳам бормаган, бу йилги учрашувга ҳам бориши амри маҳол. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида президентнинг Москвага сафар режалаштираётганини тасдиқлашмади.

“Ведомости” газетасининг ёзишича, отларга ҳаммадан кўра кўпроқ меҳр қўйган туркман раҳбари Бердимуҳаммедов ҳам Москвага бормайди.

Украина раҳбари от пойгасини кўриш учун Москвага бориб, Кремлга бу қадар илтифот кўрсатиш ниятида эмас.

Ўтган йил август ойида Москва билан қуролли можарода бўлган Грузия умуман МДҲдан чиқиб кетмоқчи.

Хуллас, ҳозирча Медведев билан бир қаторда ўтириб, чавандозларга "ҳа, баракалла" деб далда бериб турувчилар орасида Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва Молдавия президентларининг бўлишигина тайин.

Ўтган ҳафта Москвада ўтказилган давра суҳбати чоғида Россия Давлат Думасининг МДҲ масалалари бўйича мутасаддиси Константин Затулин МДҲ ичида кечаётган бугунги жараёнларни Грузия можароси ва жаҳон молиявий бўҳрони билан боғлади.

- Менимча¸ Россия МДҲга қизиқишини йўқотмаса, бу ташкилот сақланиб қолаверади. Жаҳон молиявий бўҳрони МДҲ ичидаги заиф давлатларни кучлироқ бўлганлардан ёрдам сўрашга мажбур қилмоқда.

Лекин бир вақтнинг ўзида бошқа бир тенденцияни ҳам кузатмоқдамиз. Кавказдаги август воқеаларидан сўнг айрим МДҲ давлатлари Москвадан узоқлашиш ва Ғарб билан яқинлашиш мавриди етгани ҳақида ўйлай бошлади. Бу, айниқса, Беларус ва Ўзбекистонга тааллуқлидир.

Андижон воқеаларидан сўнг Россия қаноти остида халқаро босимлардан қутулган Ўзбекистоннинг яна Ғарб томон талпиниш тендецияси кузатилмоқда. Каримовда "Кавказ воқеалари учун Россия албатта жазоланади" деган тушунча пайдо бўлди. Ва бу вазиятдан у Ғарб билан муносабатларни тиклаш учун фойдаланиб қолди¸ деди Россия Давлат Думасининг депутати.

МДҲ масалаларини ёритувчи москвалик сиёсий шарҳловчи Санобар Шерматованинг фикрича, Кремл Ўзбекистонга нисбатан кейинги сиёсатини ҳозирча тўлиқ белгилаб олган эмас. Аммо Марказий Осиё йўналишида фаоллашган Россия сиёсатчиларининг яқин кунлар ичида қабул қиладиган қарорлари Тошкентга билвосита жиддий таъсир кўрсатади.

Россия Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудида янги ҳарбий базани жойлаштиришга ва Тожикистондаги “Айний” аэродромидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда Тожикистон ва Қирғизистондаги гидроэнергетик иншоотларнинг келажаги Россиянинг ҳам молиявий, ҳам сиёсий таянчига қараб қолган.

- Биринчи ҳолатда, Россия базалар масаласини ҳал этиб, Ўзбекистонга сув-энергетика масаласида ён бериши мумкин. Бу ҳолда Ўзбекистон ўзини ютқазган, деб ҳис қилмайди ва базаларга кўнади.

Иккинчи ҳолатда эса Россия ҳам базаларни жойлаштириши¸ ҳам сув энергетика масаласида Ўзбекистон талабларига қулоқ солмаслиги мумкин. Шунда Ўзбекистон аутсайдер сифатида мутлақо четда қолиб кетади¸ дейди Санобар Шерматова.

31 июл – 1 август кунлари ўтказилиши режалаштирилган КХШТ га аъзо давлат раҳбарларининг Бишкекдаги норасмий учрашувлари давомида Кремлнинг Тошкентга нисбатан янги сиёсати ойдинлашиб қолиши мумкин.

Кузатувчилар фикрича, президент Каримов Бишкек саммитига ҳам боришни ўзига эп кўрмаса, ўзининг Тошкентдан туриб Москва қарорларига таъсир ўтказиш имкониятларини чеклайди.
XS
SM
MD
LG