Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:42

Тавилдарада отишма тинмаяпти


Фуқаролик уруши даврида ўзаро зиддиятлар ўчоғи бўлган Тавилдара бугун яна оловли нуқтага айланди.
Фуқаролик уруши даврида ўзаро зиддиятлар ўчоғи бўлган Тавилдара бугун яна оловли нуқтага айланди.

Тожикистондан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, Тавилдара туманининг Сабзи Хурф қишлоғи яқинида ҳукумат армияси ва Неъмат Азизов бошчилигидаги жангарилар гуруҳи ўртасида жанглар давом этмоқда.

Хабарларга кўра, Тожикистон ҳукумати минтақага қўшимча аскарларни жойлаштирган ва уларнинг умумий сони фуқаролик уруши давридагидан кўра ортиқроқдир. Тавилдарага борган мухбиримиз Гулнора Равшан минтақадаги вазият ҳақида қуйидагиларни маълум қилади.

Гулнора Равшан: Мен ҳозир Тавилдарадаман. Ҳозир Тавилдарада Душанбе вақти билан кечки соат 18.00. Шуни таъкидлаш лозимки¸ Тавилдарадаги вазият ҳукумат айтаëтганидай тинч ва осойишта эмас.

Душанбедан Тавилдарага етиб келгунча 11 та назорат пунктидан ўтдик. Бу пунктларда махсус хизмат ходимлари¸ ички ишлар ходимлари¸ ҳукумат армияси аскарлари туради. Назорат ўта кучайтирилган. Паспорт режими экан. Роса тергов қилиндик.

Мана шу ҳудудда яшайдиган аҳолининг гапларига қараганда¸ сўнгги икки кун ичида¸ яъни Мирзо Зиëев ўлдирилганидан кейин постлар яна ҳам кучайтирилган.

Ëзғон қишлоғидан ўтдик. Ўша Ëзғон қишлоғидаги мактабда ҳукумат куч ишлатар тизими ходимларининг штаби ташкил қилинганини ўз кўзимиз билан кўрдик. У ерда иккита БТР ҳам кўрдик.

Маълум бўлишича¸ Мирзо Зиëев ўлдирилганидан бери унинг тарафдорлари Тавилдарадаги Лабижар¸ Чилдара¸ Сабжеҳар қишлоқларига қатор ҳужумлар қилишибди.

Бир неча қишлоқ аҳолиси ўз яшайдиган жойларидан қочиб¸ Душанбега кетишган. Бу ерда фақат қариялар қолган.

Биз улар билан суҳбатлашдик. Ўзаро суҳбат чоғида улар тунлари отишма бўлаëтганини¸ ўқ овозларини эшитиб турганларини¸ ундан қўрқишаëтганини айтишди. Лекин улар микрофонга гапиришдан қўрқишади. Чунки бу ерда ҳукумат томонидан маълумотлар берилмаслиги таъкидланган экан.

Озодлик: Вазиятнинг таранг экани сезилиб турадими? Сизларга отишма овозлари эшитилдими?

Гулнора Равшан: Таранг эканлиги маълум. Ҳозир айни пайтда Сабзи Хурф қишлоғида ҳукумат кучлари билан Шайх Неъмат лақаби билан танилган Неъмат Азизов ўртасида отишма бўлаëтган экан. Бу Тавилдара туман марказидан 20 километр нарида. Албатта 20 километр наридаги отишма эшитилмаслиги табиий.

Озодлик: Жангариларнинг сони ҳақида¸ уларнинг ҳукумат армиясига қарши тура олиш-олмаслиги ҳақида бирор нарса гапирилаяптими?

Гулнора Равшан: Отишмалардан бирига гувоҳ бўлган бир киши билан суҳбатлашдик. Лабигар постига ҳужум қилинган пайтда Неъмат Азизовнинг аскарлари тахминан 70 нафар эканлиги айтилди.

Неъмат Азизовнинг аскарлари Лабигар постига Мирзо Зиëев ўлдирилган куни тушдан кейин ҳужум қилишган. Улар кам бўлишига қарамасдан, анча тайëргарликка эга бўлганлиги учун ҳукуматга таҳлика бор, дейилаяпти. Барибир улар тажрибали.

Озодлик: Ҳукумат баëнотларида айтилишича¸ бутун операция наркотиклар савдосига қарши қаратилган. Бу борада бирор нарса маълум бўлдими?

Гулнора Равшан: Биз ҳам мана шу билан қизиқдик. Чунки бизнинг кузатувларимизда бу нарса акс этмади. Наркотиклар савдосининг олдини олиш учун амалиëтлар ўтказилаëтгани сезилмади. Бу ерда иккита қарама-қарши кучнинг ўртасида отишма кетаяпти.

Биз Тавилдаранинг ўзида битта зиëли киши билан суҳбатлашдик. У кишининг айтишича, бу халқни тинчлантириш учун бир баҳона. Бу ҳақиқатга яқин нарса эмас. Кучларнинг бу ëққа олиб келиб ташланиши¸ назорат пунктларининг кучайтирилиши Мулло Абдуллонинг Покистондан келиши билан боғлиқ.

Озодлик: Мулло Абдулло деяпсиз¸ яна "малиш" лақабли қўмондон. Мана шу жангариларнинг Ўзбекистон Исломий ҳаракатига алоқадорлиги борми? Расмийларнинг даъво қилишича¸ бутун операция Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг наркотикларни ноқонуний олиб ўтиш каналига зарба баришга қаратилгани айтилади.

Гулнора Равшан: Оддий одамлар билан суҳбатлашган пайтимизда маълум бўлишича¸ одамларнинг Ўзбекистон Исломий ҳаракати деган ташкилотдан умуман хабари йўқ. Уларни "мужоҳидлар" деб айтади. Тоғдан соқоллилар келишди¸ ҳужум қилишди, деб бошлашади гапни. Расмийлар билан гаплашсак¸ “Ўзбекистон исломий ҳаракатининг фаол аъзоларидан бўлган Мулло Абдулло ва унинг гуруҳи” деб айтишаяпти.
XS
SM
MD
LG