Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:30

Тоҳир Йўлдош тожик расмийларини айблади


Тоҳир Йўлдош ўз аудиомурожаатида собиқ дала қўмондони Мирзо (Жага) Зиёевнинг амалдаги тожик расмийлари ҳийласи қурбони бўлганини айтади.
Тоҳир Йўлдош ўз аудиомурожаатида собиқ дала қўмондони Мирзо (Жага) Зиёевнинг амалдаги тожик расмийлари ҳийласи қурбони бўлганини айтади.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг раҳбари Тоҳир Йўлдош тожик мухолифатининг собиқ лидерларидан бири Мирзо Зиёевнинг Тожикистон хавфсизлик хизматлари томонидан ўлдирилганини даъво қилмоқда.

Тоҳир Йўлдошнинг илк бор тожик тилида қилинган аудиомурожаатида унинг ўзбек акценти яққол сезилиб туради.

Озодлик радиосининг тожик хизмати почтасига келиб тушган 17 минутлик аудиоёзувда Тоҳир Йўлдош Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Тавилдарада содир бўлаётган воқеаларга масъул экани юзасидан Тожикистон ҳукумати томонидан қилинган даъволарга муносабат билдирган.

- Бир неча кун аввал Тавилдара минтақасида Ислом уйғониш партиясининг собиқ қўмондонларидан бири ҳукумат томонидан аввал ҳибсга олиниб, кейин қатл этилган, дейди Тоҳир Йўлдош.

12 июл куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда айтилишича, Мирзо Зиёев Афғонистон наркотик моддалари ноқонуний савдосидан тушган маблағ билан Ўзбекистон исломий ҳаракатини молиялаштириб турган.

Ҳозирда Тавилдара минтақасида кетаётган жанглар Ўзбекистон Исломий ҳаракатини молия билан таъминлаш учун ишлатилаётган гиёҳванд моддалар савдоси каналини барбод қилишга қаратилгани даъво қилинади.

Тожикистон хавфсизлик хизматлари ҳақиқатан ҳам Мирзо Зиёевни 11 июл куни Тавилдарада ҳибсга олган. Бироқ уни ким ўлдиргани борасидаги расмийлар изоҳи “Ҳолливуд” жангари филми сценарийсини эслатади.

Расмийларга кўра, Мирзо Зиёев ўз хоҳиши билан ноқонуний қурол-аслаҳа сақланаётган жойларни кўрсатишини айтган. Шу билан бирга, Мирзо Зиёев Ўзбекистон исломий ҳаракатининг фаолларидан бири, “Шайх Неъмат” лақаби билан танилган Неъмат Азизовни таслим қилдириш учун музокарага тайёрлигини билдирган.

“Аммо Тавилдаранинг Ағба қишлоғида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан биргаликда амалга оширилган амалиёт чоғида ноқонуний қуролланган гуруҳ тўсатдан ҳужумга ўтган. Натижада Мирзо Зиёев воқеа жойида ҳалок бўлган ва Миллий хавфсизлик ҳамда Ички ишлар вазирлигининг бир неча ходими яраланган”, дейилади Ички ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.

Ўзининг овозли номасида Тоҳир Йўлдош ҳеч қачон Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг аъзоси бўлмаган Мирзо Зиёев ҳукумат ҳийласининг қурбони бўлганини ва бу ҳийла 1997 йилда “Миллий ярашув битими”нинг имзоланишидан бошланганини айтади.

“1992 йилда жиҳод бошланганидан буён биз Тожикистон мужоҳидлари билан бир сафда бўлдик, аммо 5 йиллик жиҳод ҳеч қандай натижасиз якун топди. Тожикистонда бугун кузатаётганимиз ана шу ҳийланинг ҳосиласидир”¸ дейди Тоҳир Йўлдош аудиомурожаатда.

Тоҳир Йўлдош Ўзбекистондан сиқиб чиқарилганидан сўнг 1992 йилда Тожикистон исломий мухолифати раҳбари Саид Абдулло Нурийга ўз ёрдамини таклиф этгани ва кейинчалик беш йил давомида Тожикистонда минглаб одамларнинг қонини тўкишда иштирок этгани рост.

Тоҳир Йўлдош “жиҳод” деб айтаётган амалиётлар Тожикистонни дунёдаги энг қашшоқ давлатга айлантирди. Уруш давомида 100-150 минг одамнинг нобуд бўлгани, 100 минглаб одамнинг мамлакатни ташлаб чиққани маълум.

1997 йилда “Миллий ярашув битими” имзолангач, Тоҳир Йўлдош ва унинг сафдоши Жума Намангоний ўзларининг юзлаб жангарилари билан Афғонистонга ўтишга мажбур бўлди ва Толибон ҳаракати аъзоларининг паноҳида қўним топди.

2001 йилда Афғонистонда АҚШ бошчилигида ўтказилган аксилтеррорчилик амалиётлари давомида Жума Намангоний ўлдирилди, Тоҳир Йўлдош ўз тарафдорлари билан Покистоннинг Вазиристон ҳудудига қочиб ўтди.

Навбатдаги мурожаатида Тоҳир Йўлдош бир кун келиб ўз жангарилари билан бирга Марказий Осиё режимларига зарба беражаги ҳақида огоҳлантиради.

Аммо Покистондан келаётган хабарларга кўра, мунтазам равишда нишонга олинадиган Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоларининг кўпчилиги йўқ қилинган.

Ўтган ойда Покистон армиясининг расмий вакили Атхар Аббос Жанубий Вазиристонда амалга оширилган ҳаво ҳужумлари чоғида ўнлаб ўзбек жангариларининг ўлдирилгани¸ Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчиси Тоҳир Йўлдошнинг эса жароҳатлангани ҳақида маълум қилганди. Тоҳир Йўлдошнинг сўнгги овозли номаси эса ушбу хабарни инкор этади.
XS
SM
MD
LG