Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:32

Бой берилган ўйин


Каримов ҳукуматининг ўзи ҳозирлаган статистикага таянилган тақдирда ҳам¸ Назарбоев замонида қозоқларнинг ўзбеклардан кўра камида беш баробар фаровонроқ ҳаëтга эришганини кўриш мумкин.
Каримов ҳукуматининг ўзи ҳозирлаган статистикага таянилган тақдирда ҳам¸ Назарбоев замонида қозоқларнинг ўзбеклардан кўра камида беш баробар фаровонроқ ҳаëтга эришганини кўриш мумкин.

Мустақиликка эришганидан сўнг Марказий Осиëдаги лидерлик учун ўзаро рақобатга киришган Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев сиëсатига¸ улар ҳаëтлигидаëқ вақт ва мустақил жамоатчилик баҳо бериб бўлгандек.

Жаҳон иқтисодий бўҳронига пост совет давлатларининг бардошлилиги рейтингини тузган Евроосиё экспертлари бирлашган тармоғи президент Каримовни ранжитиб, унинг минтақавий лидерлик учун курашдаги рақиби президент Назарбоевни хурсанд қилса ажаб эмас.

Сиёсатшунос, журналист ва давлат идоралари вакиллари баҳосига кўра, собиқ совет ҳудудида Қозоғистон бошқалардан кўра кўпроқ ҳимояланган ва инқирозга бардошлилик бўйича 8 ўринни эгаллаган Ўзбекистонни доғда қолдирган.

2008 йил апрел ойида Назарбоев Остонасига борган президент Каримов мезбонни жамоатчилик кўз ўнгида ноқулай аҳволга солиб қўйган ва ўз ҳамкасбининг Марказий Осиё иттифоқини тузиш ташаббусини кескин ва қатъий бир оҳангда рад этган эди.

- Бу борада ортиқча гап-сўз бўлмаслиги учун, бирдан шуни баён қилмоқчиманки, биз учун бу ташаббус номақбулдир, деган эди президент Каримов.

Бу баёнотдан сўнг ўтган бир йил давомида Назарбоев ва Каримов орасида сукунат пайдо бўлгандай.

Иккала президент фаолиятини кузатиб борадиган журналист Аркадий Дубновнинг айтишича, ўтган бир йил давомида Каримов ва Назарбоев халқаро анжуманларда бир-бириларидан айри масалаларни кўтаришга ҳаракат қилган.

- Бири доимо Афғонистон масаласини тиқиштириб келди. Каримов учун ҳозир Афғонистон масаласи яқин бўлиш муҳим.

Бошқаси эса кўпроқ глобал масалаларни кўтарди. Назарбоев Қозоғистоннинг бўлажак ЕХҲТ раиси сифатида нақадар юксак ўрин тутишини уқтириб келмоқда¸ дейди Аркадий Дубнов.

Марказий Осиёнинг сув тақчиллиги муаммосини ҳал этишда, Ўзбекистон каби сувдан қишлоқ ҳўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланадиган Қозоғистон позицияси расмий Тошкентга яқин бўлиши табиий. Аммо бундай баёнотларни Каримовдан ҳам¸ Назарбоевдан ҳам эшитганимиз йўқ.

Чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун 27 нафар қозоғистонлик тадбиркорнинг қўлга олингани ва кейинчалик озод қилинганини айтмасангиз, йил давомида давлат ўртасида бошқа жиддий нохуш ҳолатлар кузатилмади ҳам.

Кузатувчилар фикрича, ҳатто бу вазият Назарбоев ва Каримовнинг бир-бирига қизиқиши йўқолгани билан боғлиқ. Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсум Сатбаев икки давлат президентини ҳозир минтақавий лидерлик учун кураш масаласидан кўра кўпроқ ички муаммолар ташвишга сола бошлаганини айтади.

- Президентлар орасида ҳеч нарса бўлаётгани йўқ. Қандайдир статус-кво ўрнатилди.

Биласизми, ҳозир вақтнинг уларга қарши ўйнаётганини инобатга олсак, ёш омили уларни кўпроқ ички муаммолар билан шуғулланишга мажбур қилмоқда. Ҳозир Назарбоев ва Каримов олдида турган энг муҳим масала ўзларига ворис танлашдир¸ дейди Дўсум Сатбаев.

Қозоғистондан қочиб чиққан президент Назарбоевнинг собиқ куёви ва Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Роҳат Алиев¸ Каримов ва Назарбоевларнинг бутун фикру-зикрини банд қилган ўзаро рақобат охир-оқибат абсурд даражагача борганини эслайди.

- 2001 йилдан бошлаб Каримовнинг гўё касал бўлгани ҳақида ахборот ола бошладик. Разведка маълумотларини олиш масаласига келсак, Қозоғистон хавфсизлик хизматлари Ўзбекистон давлат идораларининг телефонларини эшитади¸ички мактубларини мониторинг қилиб боради. Бу каби бемаъни ишлар фақатгина президент Назарбоевнинг шахсий амбицияларини қондириш мақсадида қилинган эди¸ деди Роҳат Алиев Озодлик радиосига берган интервьюсида.

Президент Каримов ва Назарбоевнинг рақобати узоқ йиллик тарих ҳамда ажабтовур баёнот ва ҳаракатларга лиммолим бўлишига қарамасдан, кўпчилик экспертлар бу курашда Назарбоевнинг устун келганини таъкидлашади.

“Ушбу рақиблик бутун Марказий Осиё давлатларига намуна сифатида хизмат қилиши лозим бўлган икки турдаги иқтисодий моделни яратишдан бошланганди”¸ деб ёзади Қозоғистондаги Central Asia Monitor нашрининг таҳлилчиси Мади Алимов.

“Қозоғистон очиқ бозор иқтисодиётини барпо этган бўлса, Ўзбекистон иқтисодиётнинг рационал изоляция моделига содиқ қолди”¸ дейди у.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажмини таққослаб кўрган иқтисодчи Сапарбай Жубаев¸ икки давлат иқтисоди жаҳон молиявий бўҳрони зарбасидан сўнг ҳам бир-бирига солиштириб бўлмас даражага етиб қолганини айтади.

- 35 миллиард қаердаю¸ 132 миллиард қаерда. Қозоғистоннинг аҳолиси 15¸5 миллион бўлса¸ Ўзбекистонники 27 миллион. Ҳозир биз ҳар бир одам бошига бўладиган бўлсак¸ Қозоғистонда ялпи ички маҳсулот одам бошига 8000-9000 доллардан тўғри келган бўлса¸ Ўзбекистонда бу 1200-1300 долларни ташкил этади.

Қозоғистонда экономика сиëсати очиқроқ бўлди. Чет элдан инвестиция келишига кўпроқ имконият берилди ва шу натижа берди. Афсуски¸ Ўзбекистон чет эл инвестицияларига кўпроқ йўл очиб бермасдан¸ улардан қарз олиб¸ қарздан қутулиш¸ ўзимиз иқтисодиëтни ривожлантирамиз деб йўл олган эдик. Минг афсуски¸ бу натижа бермади¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Президент Назарбоев ва Каримов ўртасидаги рақиблик йўли яна қаерда ўз поёнига етиши маълум эмас. Сапарбой Жубаевнинг айтишича, Каримов ўз рақиби иқтисодий тажрибасига таянса¸ келаси 10-15 йил ичида унинг Ўзбекистон иқтисодини жилла қурса бугунги Қозоғистон даражасига олиб чиқишига умид бор.
XS
SM
MD
LG