Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:59

"Жазо машинаси тўхтамай ишлаяпти"


Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти вакили Виталий Понамарёв Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўнглаш учун туб ислоҳотлар ўтказиш зарурлигини таъкидлайди.
Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти вакили Виталий Понамарёв Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўнглаш учун туб ислоҳотлар ўтказиш зарурлигини таъкидлайди.

Москвадаги “Мемориал” ташкилоти “Ўзбекистондаги диний ва сиёсий айбловлар билан қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этилган тутқунлар рўйхати” китобини нашрдан чиқарди.

Бу китобда сўнгги беш йил давомида Ўзбекистонда сиёсий ва диний айбловлар билан қамоққа олинган 1452 кишининг тақдири ҳақида гап боради.

Куни кеча “Мемориал” ташкилоти раҳбари, москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Понамарёв Озодлик радиосининг меҳмони бўлди.

Биз билан бўлган суҳбат чоғида Виталий Понамарёв Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид бугунги вазият ҳақида ҳам гапирди.

Виталий Понамарëв: Албатта, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти бугун фожеавий аҳволда. Мамлакатда сиёсий қатағонлар ҳамон давом этмоқда.

Мисол учун, Ўзбекистон бошқа ҳамдўстлик мамлакатларига нисбатан ўз қамоқхоналарида энг кўп сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган маҳбусларни сақлаётган давлатдир.

Мана шунинг ўзиёқ инсон ҳуқуқларига оид вазиятнинг ташвишли эканлигидан далолат беради.

Озодлик: Сизнинг ташкилотингиз нашр этилган китобда сўнгги беш йилда қамалган сиёсий ва диний маҳбусларнинг сони 1452 нафар қилиб кўрсатилган.

Ўзбекистон ҳукумати эса бу ҳақда ҳеч қачон аниқ маълумот айтган эмас. Сиз Ўзбекистондаги бундай тутқунларнинг сони аслида қанча эканлигини, тахминан бўлса-да, айта оласизми?

Виталий Понамарëв: Ҳақиқатан ҳам буни аниқ айтиш жуда қийин. Илгари АҚШ Давлат департаменти бу ҳақда ҳисобот чиқариб турарди.

Чунки Ўзбекистон ҳукумати 2001 йилдан бошлаб ҳар йили амнистиядан кейин озодликка чиқарилган сиёсий маҳбуслар ҳақида АҚШ Давлат департаментига бу ҳақда ҳисобот бериб турарди.

Андижон воқеаларидан кейин бу тўхтади. Тутқунлар сони эса анча кўпайди.

2005 йилга келиб норасмий маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги виждон тутқунлари сони 5000 дан 6000 гача, деб айтиларди.

Масалан, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мулозими бўлган Алишер Шарофиддинов 2003 йилда Ўзбекистон ЖКнинг 145-, 156-, 159-, 244-моддалари билан 3244 киши жиноий жавобгарликка тортилганини айтган эди.

Афсуски¸ бу рақамлардан қанча киши сиёсий айблов билан ёки қанча одам диний айбловлар билан қамалганини ажратиб олиш қийин.

Ҳозирча эса Ўзбекистонда аниқ 5000 дан ортиқ сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган маҳбуслар бор, деб айтиш мумкин.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукумати эса бизда сиёсий маҳбуслар йўқ, деб айтиб келади-ку?

Виталий Понамарëв: Агар Ўзбекистон ҳукумати биз айтган мана шу 5000 рақамига эътироз билдирса, бу рақам ошириб кўрсатилган, деб айтса, бу муаммога нуқта қўйишга расмий Тошкентда имконият бор.

Улар ўзларига маъқул бўлган ҳар қандай давлатга: “бизда мана шунча сиёсий ёки виждон тутқуни бор” деган бирор рўйхатни берсин, биз уни ўзимиздаги рўйхат билан солиштириб кўрайлик ва низоли нуқталарга барҳам берайлик. Бу жуда оддий нарса-ку!

Озодлик: Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишларича, Ўзбекистон қамоқхонларида сиёсий ва диний эътиқоди учун қамалган тутқунлар жазо муддати тугаса ҳам раскрутка қилиниб, озодликка чиқарилмаяпти. Марҳамат қилиб айтингчи, Ўзбекистон ҳукумати нега уларни қамоқдан озод қилишдан чўчийди?

- Қамоқда ўтирган сиёсий шахслар бор, улар узоқ йиллардан бери ҳибсда. Уларни озод қилиш ёки қилмасликни президентнинг ўзи ҳал қилади. Лекин диний айбловлар билан қамалган маҳбусларда бошқа муаммони кўришимиз мумкин.

Масалан, амнистияга тушган тутқун: “мен милиция билан ҳамкорлик қиламан” ёки “Президентдан кечирим сўрайман” деган тилхат ёзиб бериши керак.

Аммо аксарият эътиқод маҳбуслари бундай тилхатни ёзишдан бош тортадилар.

Иккинчи ҳолат эса жазо машинасининг ўзи билан боғлиқ. Бу машина тўхтамай ишлаяпти ва у ҳар йили ўз домига тортиш учун юзлаб қурбонлар талаб қилади.

Демак¸ фармонни бажарувчилар ҳеч қачон “биз бу йил эътиқод маҳбусларини топа олмадик”, деб айта олмайди.

Улар “бу йил шунча қамадик” деб, юқорига ҳисобот бериб туришлари керак¸ дейди Мемориал ташкилоти раҳбари Виталий Понамарёв.

Унинг айтишича, токи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида ички ислоҳотлар ўтказилмас экан, бу соҳадаги вазиятнинг яхшиланишига умид қилиб бўлмайди.
XS
SM
MD
LG