Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:40

Ўзбекистон иқтисодий сиëсати олқишланди


Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Марказий Осиë сафари давомида глобал иқтисодий бўҳроннинг минтақага таъсирини ўрганмоқда.
Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Марказий Осиë сафари давомида глобал иқтисодий бўҳроннинг минтақага таъсирини ўрганмоқда.

Марказий Осиё давлатлари бўйлаб илк бор сафар қилаётган Халқаро валюта жамғармасининг бошқарувчи директори Доминик Стросс-Кан 18 июн куни Тошкентда президент Каримов билан учрашди.

Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши 7 фоизни ташкил этиши башорат қилинаётганини айтиб, жаҳон молиявий бўҳрони оқибатларини олдини олиш бўйича расмий Тошкент томонидан кўрилаётган чораларни олқишлади.

Ўзбекистонга келишдан аввал Стросс-Кан Бишкекда президент Бакиев, Душанбеда президент Раҳмон билан учрашди.

Жаноб Стросс-Кан ўз чиқишларида жаҳон молиявий бўҳронининг Марказий Осиёга таъсири борасида фақат бир нарсани таъкидлади.

Унга кўра, бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари иқтисоди экспорт ҳажмининг камайгани ва экспорт қилинадиган товарлар нархларининг тушиб кетганидан, шунингдек¸ хориждан валюта жўнатиш кескин камайганидан азият чекмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси раиси¸ иқтисодий бўҳрон шароитида Марказий Осиё давлатлари томонидан ҳозирча кўрилган чораларни тўғри¸ деб айтди ва маълум шартлар асосида Қирғизистон ва Тожикистонга қўшимча молиявий ёрдам берилиши мумкинлигини таъкидлади.

- Умидим шуки, агар биз биргаликда мўлжаллаган марраларга ета олсак, ХВЖ Тожикистонга кўпроқ ёрдам беришга имкон топиши мумкин¸ деди Стросс-Кан.

Афтидан¸ ХВЖ Қозоғистон ва Ўзбекистонга молиявий ёрдам таклиф этаётгани йўқ.

Тошкентлик иқтисодчи Виктор Ивонин фикрича, Ўзбекистон қулай шартлар асосида бериладиган кредитларга йўқ демаса ҳам, ХЖВ дан кредит олиш масаласига келганда эҳтиёткорлик қилишни афзал кўради.

- Биз узоқ муддатли ва имтиёзли фоизлар асосида бериладиган кредитлар оламиз. Биз иқтисодиётимизни барбод қиладиган спекулятив кредитлар олиб¸ қарзга ботмаймиз.

ХЖВ нинг стандарт шартлари асосида кредит олган Қирғизистон ва ўз вақтида Россиянинг ҳам иқтисоди таназзулга юз тутганини инобатга оламиз¸ дейди Ивонин.

Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари¸ Иқтисодиёт вазири Рустам Азимов 2003 йилда Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда¸ асосан¸ ХЖВ тавсияларига таянишини айтган эди.

Ўша йилда жамғарманинг молиявий кафолатлари ва мутахассислари ёрдамида Ўзбекистон ХЖВ нинг эркин конвертацияни назарда тутувчи саккиз бандига қўшилган эди.

Ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш учун Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон ҳукуматини иқтисодиётни янада эркинлаштиришга чақирганди.

Аммо¸ кейинги йилларда¸ Ўзбекистонда конвертация билан боғлиқ муаммолар чуқурлашиб борди, яқиндан бошлаб долларнинг расмий ва қора бозордаги қийматлари ўртасидаги фарқ янада ортди.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон ҳукумати ХВЖ тавсияларини ҳалол бажармаётганидан даракдир, дейди Ўзбекистон банклар ассоциациясининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев.

Унга кўра, айнан шу омил жаҳон молиявий бўҳрони оқибатларини самарали бартараф этиш йўлида Ўзбекистонга жиддий тўсқинлик қилмоқда.

- Бутун жаҳонда иқтисодий инқироз бошланди. Жаҳоннинг бошқа давлатларидаги аҳоли нархларнинг қимматлашидан қийналиши мумкин¸ аммо Ўзбекистон халқида шунга қўшимча тарзда эркин конвертацияга етишмаслик қийинчилиги қўшилиб турибди.
Шунинг учун биз уч баробар қийналаяпмиз. Эркин савдо қила олмаëтгандан кейин¸ эркин конвертациядан фойдалана олмагандан кейин¸ ўзингнинг экспорт қилиб олган валютангни эркин ишлата олмагандан кейин Ўзбекистонда қийинчилик юқори даражаларга кўтарилиб кетаяпти. Буни ҳамма билади¸ дейди Ўзбекистон банклар ассоциациясининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев.

Ўзбекистон 1992 йилда ХВЖга аъзо бўлиб кирган эди.

Ўзбекистон расмийларини ХВЖ нинг кўмагида Ўзбекистоннинг банк қонунчилиги, статистика тизими ва бюджетни тақсимлаш усуллари такомиллаштирилганини эътироф этишади.

Тошкентда журналистлар билан учрашган Доминик Стросс-Кан Ўзбекистон иқтисодиётининг ёпиқ қолаётганига ишора қилиб
“Ўзбекистон иқтисодиётининг ўзига хослиги инобатга олинса, ҳукуматнинг иқтисодни рағбатлантиришга қаратилган тадбирлари тўғри бўлган” деб айтди.

Унга кўра, жаҳон иқтисодий бўҳрони шароитида глобал иқтисодий пасайиш 1.3 фоизни ташкил этганига қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодий ўсиш суръатларини 7 фоизга етказишни режалаштирмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, ХВЖ билан ҳамкорлик қилишдан расмий Тошкентнинг манфаатдорлиги айнан шундай олқишлар билан чекланаётир.

Сўнгги йилларда жамғарманинг иқтисодий ўсиш борасида Ўзбекистон томонидан тақдим этилаётган рақамларни кўркўрона тасдиқлаб келаётгани айтилади.

Доминик Стросс-Кан келаси йилдан бошлаб жаҳон иқтисодиёти яна изига туша бошлашини айтар экан, бу жараёнлар Марказий Осиё иқтисодиётларига ҳам ижобий таъсир этишини башорат қилаётганини айтди.
XS
SM
MD
LG