Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:27

Ташвиқот кампанияси янада кучайди


Ўзбекистон ҳукумати¸ ўз тўлиқ назоратидан ташқарида бўлаëтган ҳар қандай фаолият¸ айниқса диний фаолиятни ўз борлиғи учун жиддий таҳдид манбаи сифатида кўради.
Ўзбекистон ҳукумати¸ ўз тўлиқ назоратидан ташқарида бўлаëтган ҳар қандай фаолият¸ айниқса диний фаолиятни ўз борлиғи учун жиддий таҳдид манбаи сифатида кўради.

Ўзбекистон ҳукумати¸ хабарларга кўра¸ барча оммавий ахборот воситаларига мустақил диний фаолиятни қораловчи материалларни кўпайтиришни тавсия қилган. Ҳуқуқ фаоллари¸ бунинг диндорларни таъқиб этишнинг янада кучайишидан сигнал эканидан чўчимоқдалар.

Вазирлар маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган концепцияда Ўзбекистон оммавий ахборот воситaларига мустақил диний фаолиятга қарши ташвиқот олиб бориш тавсия этилади.

Инсон ҳуқуқлари фаоли ва мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов навбатдаги кампания моҳиятан ҳукумат назоратида бўлмаган диний тарғиботни бостиришга қаратилган сиёсатнинг давоми эканини айтади.

- Бир қанча матбуот нашрлари¸ телеканаллари ва турли жамоат ташкилотларига Вазирлар маҳкамаси томонидан тузилган концепция тақдим қилинган. Мазкур концепцияга кўра¸ ҳар хил диний фирқаларга бўлинган¸ ўзларини шайх деб эълон қилган шахслар фаолиятини таҳлил қилиш¸ унинг динга нақадар алоқадор эканлигини аниқлаш нуқтаи-назаридан материалларни ëритиш дастури тақдим қилинган.

Ўша дастурга кўра¸ бундан кейин оммавий ахборот воситалари жойларда давлат томонидан ëки диний идоралар томонидан тан олинмаган¸ лекин маълум даражада ўзининг тарафдорларига эга бўлган турли оқим ва мазҳаб эгаларининг фаолиятини таҳлил қилиш кўзда тутилган.

Бу ишга Вазирлар маҳкамасидаги диний ишлар қўмитаси¸ мусулмонлар идораси¸ республика прокуратураси¸ ИИВ жалб қилинган¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳукумат тавсияларини кўрсатма ёки буйруқ сифатида қабул қилиш урф бўлган давлатда, яқин келажакда айни мазмундаги мақолаларнинг ва кўрсатувларнинг пайдо бўлишини тахмин қилиш қийин эмас.

Ноқонуний диний тарғиботга қарши материаллар сериясини президент Каримовнинг диний ишлар бўйича собиқ маслаҳатчиси Убайдулла Уватов бошлаб бергани айтилмоқда.

Тарих фанлари доктори Уватовнинг 22 май куни чоп этилган “Бидъат ортига яширинган ибодат” мақоласида Фарғона вилоятидаги ноанъанавий диний оқим фош этилади.

Расмийларга кўра, Ўзбекистонда ўз атрофида мусулмон жамоаларини тузган норасмий имомлар, халқ тилида пир, шайх ёки эшон деб аталадиган одамлар фаолиятини аниқлаш ва фаолиятини тафтиш этиш нуқтаи-назаридан янги концепция жуда ҳам аҳамиятлидир.

Тошкент Ислом университети ўқитувчиси Бурҳониддин Аҳмедовнинг айтишича, норасмий диний фаолиятга нуқта қўйишга қаратилган чоралар ўз вақтида кўрилмоқда.

- Биринчидан¸ бу мамлакат аҳолисининг Ислом динига бўлган қаттиқ ҳурматини суиистеъмол қилиш бўлаяпти. Бу оддий¸ авом халққа¸ ëшларга даъватлар қилиниб¸ уларнинг тўртта-бештасини атрофига йиғиб¸ шахсий ғаразларга қараб кетаяпти.

Буларнинг кўпайиб кетаëтганлигининг сабаби халқнинг Ислом динига ҳурмати. Шу билан бирга халқда етарли диний билим йўқ.

Битта-иккита оятни айтса¸ “Булар мусулмон экан. Булар диндор экан” деб ишониб¸ алданиб қолишлар бўлаяпти. Шунинг учун буларни вақтида тўхтатиш яхши нарса.

Оммавий ахборот воситалари мутахассислар айтаëтган гапни халққа етказиб бераяпти¸ дейди Тошкент Ислом университети ўқитувчиси Бурҳониддин Аҳмедов.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг Ислом динининг асл моҳиятини етаказиб бериш ва бидъат билан тенглаштирилаётган норасмий таълимотларга қарши ташвиқоти нақадар самарали бўлиши мумкин?

Таниқли диний уламо Обидхон қори Назаров фикрича, ҳукуматдан кўрсатма олиб ишлайдиган оммавий ахборот воситаларидан вазиятнинг холис ёритилишини кутиб бўлмайди. Обидхон қорининг айтишича, муаммони холис ёритиш, ўзи бундай турли оқимлар нима боис пайдо бўлаяпти, деган саволга жавоб излашдан бошланиши керак.

- Ҳукумат Исломга бўлган чекловларни кучайтиргандан кейин¸ оддий халқ давлат рухсат берган муассасалардан ўзининг эҳтиëжларини қондира олмагандан кейин¸ муқобил йўлларни қидиради. Одамлар мустақил равишда ўз ҳожатини битиришга ҳаракат қилади.

Шундан кейин ўз ўзидан норасмий намоëндалар¸ ҳар хил йўлдаги инсонлар¸ Исломнинг ақидасига ва йўлига мувофиқ келмайдиган оқимларнинг пайдо бўлиши турган гап. Бу ҳукумат учун баҳона. Янги кураш бошлайди ва давлат учун иш топилади¸ дейди Обид қори Назаров.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, оммавий ахборот воситаларидаги тарғибот-ташвиқот билан параллел равишда яқин кунларда норасмий дин пешволарини ва уларнинг издошларини кенг кўламда ҳибсга олиш амалиёти бошланишини кутиш мумкин.

Хабарларга кўра, вилоятларда турли важлар билан масжидлар сони қисқартирилмоқда.

Обидхон қори Назаровнинг айтишича, бугунги шароитда ҳукумат диндорларга қарши кенг кўламли амалиёт бошлаш ўрнига, расмий тарғиботларга кенг йўл очиши керак.

- Агар давлат оқилона сиëсат юрғизганда эди¸ ўша норасмий оқимларга жавоб бўладиган йўл бор эди. Диний идора вакиллари¸ диний олий ëқув юртларнинг ўқитувчилари¸ масжид имомларининг ҳаммаси махсус органлар томонидан текширувдан ўтган шахслар.

Ҳеч бўлмаса¸ мана шу муассасаларнинг эркинлигини кенгайтириш керак. Буларга кенгроқ имконият берилганда¸ буларнинг халқ олдида обрўси бўларди. Одамлар уларга ишониб¸ эргашган бўлишарди. Шундай қилиб¸ норасмий йўллар оқими анча қирқилган бўларди¸ дейди Обид қори Назаров.

Ўзбекистон ҳукуматининг турли дин вакиллари ва уларнинг тарғиботчиларига нисбатан сиёсати халқаро жамоатчилик томонидан қоралаб келинади. АҚШ давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликларни чекловчи алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар қаторига қўшган.

Миллатнинг маънавий тозалиги учун курашиб келаётганини даъво қиладиган ҳукумат сиёсати натижасида минглаб диндорлар қамоқларга ташланган.

АҚШ давлат департаментининг террорчиликка оид йиллик ҳисоботида бундай агрессив кураш экстремистик кайфиятнинг кучайишига сабаб бўлаётгани айтилган.

Аммо бу ҳақда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари сукут сақлаганча қоладиган кўринади. Бугун уларга берилган топшириқ ҳукумат сиёсатини фош этишни назарда тутмайди.
XS
SM
MD
LG