Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:54

Арининг ини бузилди


Покистон армиясининг кенг кўламли амалиëтларидан сўнг Сват водийсини ташлаб кетаëтган жангарилар сафида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларининг ҳам кўплиги айтилмоқда.
Покистон армиясининг кенг кўламли амалиëтларидан сўнг Сват водийсини ташлаб кетаëтган жангарилар сафида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларининг ҳам кўплиги айтилмоқда.

“Свaт можароси: Афғонистондан Марказий Осиё ва Шинжонгача чўзилган беқарорлик аркаси.” Jamestown жамғармасининг шу номдаги таҳлилида, Ўзбекистон Исломий ҳаракати учун Марказий Осиёда ҳужум уюштиришнинг янги имкони пайдо бўлиши мумкин¸ деган тахмин илгари сурилди.

Покистондаги толибон жангарилари Тожикистонни Покистондан ажратувчи Вахан коридорига туташ Читрал вилоятида ўз назоратини ўрнатса, Вахан орқали Марказий Осиёга ўтиш йўлаги пайдо бўлади, деб ëзди Сватдаги ҳарбий амалиëтлар қайта кучайган 18 май куни Jamestown жамғармаси таҳлилчиси Садиа Сулайман.

Бироқ аксар таҳлилчилар фикрича, ҳозирча бундай эҳтимол назариядан ўзга нарса эмас.

Вахан коридори орқали Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари Марказий Осиёга ўтиб қуролли ҳужумни уюштириши мумкин-ми?

Бундай эҳтимолни илгари суриш ёки уни рад этиш учун Покистондаги жорий вазият, минтақа жуғрофияси¸ этнография ва энг муҳими Ўзбекистон исломий ҳаракати деб аталаëтган қуролли гуруҳ аҳволидан яхши хабардор бўлиш керак.

Jamestown таҳлилчиси таъбири билан айтганда “беқарорлик аркаси” Покистондаги Сват минтақасидан бошланар экан, кўп нарса бугун жанглар давом этаётган ушбу минтақадаги вазият ривожига боғлиқ. Сватда шарият қонунларининг жорий этилиши минтақани де-факто толибон давлатига айлантиради", дейди Садиа Сулаймон.

Жангарилар нафақат Сват, балки бутун Малоканд минтақасида ўз ҳукмини жорий этиш ниятида ўхшайди¸ деган ишончда бу таҳлилчи ҳам. Бу ҳолда жангарилар учун Сватдан Читралга ва унга туташ Вахан коридорига йўл очилади.

Аммо ҳозирча Покистон армияси бу каби тахминларни¸ асоссиз дея¸ инкор этмоқда. Покистон армияси матбуот котиби Атхар Аббос Сват ва Бунердаги жанглар давомида ҳозирча 23 нафар ўзбек жангариси йўқ қилинганини айтар экан¸ яқин икки ҳафта ичида бу минтақадаги жангари гуруҳларнинг буткул тор-мор этилиши ҳақда комил ишонч билан гапиради.

- Тўғри¸ Сват ва Бунерда ҳамон жангарилар қолмоқда¸ аммо ҳарбийлар уларга қарши муваффақият билан курашмоқда. Ҳарбийлар жанггариларни тор-мор этиб¸ қириб ташлаяпти¸ дейди Озодлик билан суҳбатда генерал Атхар Аббос.

Покистон генерали амалда жуда қийин бўлса-да, жангариларнинг Читрал минтақасигача етиб бориш эҳтимолини бутунлай инкор қилгани йўқ.

Аммо тожикистонлик ҳарбий таҳлилчи Раҳматулло Абдуллоев уларни Вахан коридори орқали Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон ҳудудига ўтишдан Покистон армияси тўхтатиб қололмаса¸ бу ишни баландлиги 4 километргача етадиган тоғлар қилади, деган фикрда.

-Вахан коридори орқали Читрал зонасидан Тожикистоннинг Бадахшон минтақасига ўтиш жуда қийин. Бундай довонлардан қандайдир жиддийроқ қурол-аслаҳаларни олиб ўтиш¸ айниқса¸ имконсиздир¸ дейди тожикистонлик таҳлилчи.

Шундай бўлса-да¸ Раҳматулло Абдуллоев ҳам майда қуролли гуруҳлар ўзларига мақсад қилиб қўйса¸ бу довонлардан ўтиши мумкинлигини мутлақо инкор қилмайди. Аммо бу йўлдаги энг жиддий тўсиқ¸ бир томондан Читралнинг сунний жангариларни қўллаб қувватламайдиган шиалар назоратида экани бўлса, довоннинг бошқа томони - Бадахшоннинг исмоилийлар назоратида эканлигидир¸ дейди Раҳматулло Абдуллоев.

Москвалик ҳарбий эксперт Владимир Мухин фикрича¸ Ўзбекистон исломий ҳаракати учун айнан ана шу мазҳабий ва этнографик омил белгиловчи аҳамият касб этади.

- Бадахшондан ўтишга умуман имконият йўқ. Исмоилийлар ўз этник ва диний қарашлари боис Ўзбекистон исломий ҳаракатига қаршилик кўрсатадилар. Ўзбек жангариларига чегарадан ўтиш жуда ҳам зарур бўлган тақдирда, улар одам яшамайдиган ёки маҳаллий аҳолиси сунний бўлган жойларни танлайдилар¸ дейди Владимир Мухин.

АҚШ ҳарбийлари 2001 йили Афғонистондаги толибон ва Ал-Қоидага қарши бошлаган амалиётлар давомида Ўзбекистон исломий ҳаракатига ҳам қаҳшатқич зарба берилган эди.

Бу зарбадан сўнг Покистоннинг қабилалар назоратидаги ҳудудларидан паноҳ топган Ўзбекистон исломий ҳаракати Марказий Осиёдан янадаузоқлашди ва ўз ичида бир неча майда гуруҳларга ажралиб кетди. Покистон армиясининг бу ҳудудларга уюштириб келган амалиëтлари оқибатида ҳам Тоҳир Йўлдош маслакдошлари сафининг анча сийраклашгани тахмин этилади.

Шулардан келиб чиқиб Озодлик таҳлилчиси Аёз Хон бугунги кунда Марказий Осиёдан чиққан жангари гуруҳлар ўз ватанларига ҳамла қилиш қудратини йўқотиб бўлдилар, деган фикрда.

- Бу жангарилар бугун қандайдир сиëсий ëки диний мафкура учун эмас¸ балки тирик қолиш учун жанг қилмоқда. Биз бу гуруҳларнинг Марказий Осиёнинг бирор давлатига қарши жиддий ҳужум уюштириш имкониятига эгалигини кўрмадик. Аммо 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг, бу гуруҳларга оз сонли ўзбек жангариларининг келиб қўшилганини биламиз¸ дейди Аёз Хон.

Таҳлилчилар фикрича, Марказий Осиёда экстремистик гуруҳларнинг пайдо бўлишига¸ авваламбор ҳукуматларнинг репрессивив сиёсати замин яратган.

Бу гуруҳларнинг кучайиши ёки заифлашуви, ҳукуматга қарши ҳужум уюштириш аҳдида қолиши ёки ундан воз кечиши ана шу сиёсатнинг қандай давом этиши билан боғлиқ.

Бундай шароитда эса¸ жамоатчилик эътибори жангариларнинг минтақага хориждан қайси йўл билан келишига эмас, балки ҳукуматларнинг сиёсатига қаратилиши керак¸ деб таъкидламоқда билағон таҳлилчилар.
XS
SM
MD
LG