Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:54

Қозоғистонда “НУР”ланиш кучаймоқда


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўз номини турли шаҳар ва жойларга қўйиш таклифига расман ҳеч қачон рўйхушлик берган эмас.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўз номини турли шаҳар ва жойларга қўйиш таклифига расман ҳеч қачон рўйхушлик берган эмас.

Жорий ҳафта бошида иқтидордаги “Нур Ўтан” партияси аъзолари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳридаги халқаро аэропортни президент Нурсултон Назарбоев номи билан аташ таклифини киритдилар.

Партия раиси бўлмиш Нурсултон Назарбоевнинг биринчи ўринбосари Дархан Қалетаев бу таклиф дунёнинг кўп мамлакатларида қўлланиладиган тажриба асосида киритилганини таъкидлайди:

- Буни бизнинг депутатлар ўйлаб топгани йўқ. Бу бутун дунёда қўлланиладиган тажриба. Масалан, АҚШда Кеннеди, Рейган, катта Жорж Буш номидаги аэропортлар бор, шунинг учун Остонадаги аэропортни ҳам президент номи билан аташ ўринли, дея ҳисоблайман, дейди Дархан Қалетаев.

“Нур Ўтан” партияси аъзоларининг бу таклифини парламентдаги аксар депутатлар ҳам қўллаб-қувватламоқдалар.

Аввалроқ қозоқ парламенти депутатлари Остона шаҳри, шунингдек, Олмаота ва Остонадаги шоҳкўчалар номларини ҳам президент номи билан аташ таклифини илгари сургандилар. Бу таклиф қозоғистонлик айрим таҳлилчиларга ҳам жўяли кўринмоқда.

- Қозоғистон мустақилликни қўлга киритгач, президент йирик ислоҳотлар ўтказди, мамлакат иқтисодига катта ижобий ўзгаришлар киритди. Шунинг учун расмийларнинг президент номини абадийлаштириш мақсадида илгари сураётган таклифлари ўринли, дейди қозоқ сиёсатшуноси Нурлан Сейдин.

Аммо Назарбоев номини Остона аэропортига бериш таклифига эътироз билдираётган таҳлилчилар ҳам йўқ эмас. Чунончи қозоғистонлик сиёсатшунос Эдуард Полетаев АҚШдаги аэропортларга вафот этган ёки собиқ президентлар номи берилганини эслатади.

Айни пайтда маҳаллий кузатувчиларнинг айримлари Қозоғистонда ҳам худди Туркманистонда бўлгани каби шахсга сиғиниш иллати кун сайин илдиз отиб бораётганини таъкидламоқдалар.

Бунга улар, жумладан, 15 май куни “Нур Ўтан” партиясининг 10 йиллик юбилейида Нурсултон Назарбоевга “менинг президентим” дея мурожаат қилганлари ёки “Назарбоев Қозоғистон президентидан ҳам улуғроқ мақомга эга” дея ялтоқланишларини мисол ўлароқ келтирадилар.

Шунингдек, кузатувчилар Қозоғистонда турли муассаса, фирма, ресторан ва ҳатто озиқ-овқат маҳсулотларига президент исмининг биринчи учта ҳарфи, яъни “нур” префиксини қўшиш урчиётгани, туғилаётган ўғил болаларга Нурсултон дея исм қўйиш урфга айланиб бораётгани мамлакатда шахсга сиғиниш ҳолати бошланганининг белгиси эканини айтмоқдалар.

Қозоқ сиёсатшуноси Айдос Саримов эса мамлакатда президент шахсига сиғиниш тенденцияси аллақачон шаклланиб улгурган, деган фикрда.

- Қозоғистонда шахсга сиғиниш ҳолати анчадан буён бор ва у аллақачон шаклланиб бўлган. Бу экстремал кўринишга ўтиб кетмасайди, деган хавотирдаман. Бунақа ҳолатни ўз вақтида туркманистонликлар бошдан кечирган эдилар, дейди Айдос Саримов.

XS
SM
MD
LG