Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:00

Андижон қочқинлари ҳаракатга тушди


“Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти таъсисчилари¸ ўзларининг тўрт йиллик сукутини 2005 йил 13 май куни бошдан кечирилган даҳшат ва қўрқувдан озод бўлиш жараëни дея атамоқда.
“Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти таъсисчилари¸ ўзларининг тўрт йиллик сукутини 2005 йил 13 май куни бошдан кечирилган даҳшат ва қўрқувдан озод бўлиш жараëни дея атамоқда.

Европа, АҚШ ва Австралиядан бошпана топган андижонлик қочқинлар “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилотига бирлашмоқда. Ташкилотнинг таъсис қурултойи 13 май куни Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида бўлиб ўтади.

Ўзини андижонлик қочқинлар лидерларидан бири деб танитган, Андижондаги новвойлик цехлари тармоғининг собиқ раҳбари Нурилло Мақсудов ўзи ва ҳамкасблари учун ҳаракат қилиш мавриди келганини айтади.

- Бизнинг мақсадимиз эзгулик ва қандай қилиб бўлса ҳам юртимиздагиларнинг ҳаëтини яхши томонга ўзгартириш¸ қўлимиздан келадиган қанақа ëрдам бўлса ҳаммасини қилиш¸ дейди Нурилло Мақсудов.

Ташкилот таъсисчилари тарқатган баёнотда "Биз, бронетранспортëрлардан ўққа тутилган ва ўқ ёмғиридан қочиб омон қолган, қариндошлари террорчиликда айбланиб Ўзбекистонда қамалган андижонликлар гапиришни бошлаймиз ва Ўзбекистон келажаги учун курашамиз", деган сўзлар ёзилган.

"Андижон – Адолат ва Тикланиш" ташкилоти таъсисчилари Андижон воқеалари юзасидан адолатга эришиш, Андижон воқеаси бўйича судланганларнинг озод этилиши, ўлганларнинг реабилитация қилиниши ва қирғин айбдорларининг жазога тортилиши, 2005 йил 13 май қирғини юзасидан мустақил тергов ўтказилишига эришишни мақсад қилган.

- Мақсадимиз¸ нуфузли ташкилотларга ҳақиқатни етказиш. Мана мустақил кузатувчиларнинг текширувига ҳукумат ижобий жавоб бергани йўқку. Биз ана шу таклифни яна бир бор кўтармоқчимиз.

Бу воқеалар охир-оқибат хунук фожеа билан тугади. Биз шу нарсани яна бир бор текширувдан ўтказишни¸ дунëдаги нуфузли демократик ташкилотларнинг ана шу воқеага аниқ ва адолатли ҳукм чиқаришларини сўраб чиқамиз¸ дейди Нурилло Мақсудов.

2005 йил 13 май куни ўқ ёмғирлари остида ватанини тарк этган андижонлик қочқинлар, бехатар мамлакатларга чиқиб олгандан сўнг узоқ вақт Андижонда бошдан кечирганлари ҳақда сукут сақлаб келишди.

Нурилло Мақсудов¸ мудҳиш қонли ҳодиса гувоҳлари, яқинларининг тилкаланган жасадларини кўрган ва фалаж холатида бўлган андижонликлар ўзларидаги қўрқувни енгишлари учун вақт керак эди, дейди.

- Биз тўрт йил мобайнида энди сал ўзимизга келиб олдик. Ўзининг юртидан чиқиб кетган одамнинг қандай ҳолатга тушиб қолишини ўзларинг биласизлар. Биз секин ўзимизга келдик ва ўзимизнинг юртимизда ўзгаришлар бўлармикан¸ деб кутдик. Афсуски¸ ҳеч қандай ўзгаришнин кўрмаяпмиз. Шу кунгача яхши ниятлар билан юртимиз учун курашаëтган ҳаракатларни биз ўрганиб¸ уларнинг мақсадида биз ҳам ҳамфикр бўлаяпмиз¸ дейди Нурилло Мақсудов.

Айрим андижонлик қочқинларнинг Ўзбекистонга қайтиб борганлари ҳам бўлди. Нурилло Мақсудовнинг айтишича, андижонликларнинг ватанга қайтиш истаги ҳали ҳам сўнмаган.

- Ўзимизнинг юртимизга қайтиш истагимиз¸ албатта¸ бор. Мана биз бу ерларда яхши яшаяпмиз¸ ҳамма нарса етарли¸ ҳеч бир қийинчилик йўқ. Ҳатто қўшни давлатларга меҳмон бўлиб ҳам бораверамиз. Ҳеч тўсиқ йўқ. Шунақа борди-келдилар билан қариндош-уруғдан ҳам зиëда бўлиб кетдик.

Афсус¸ юртимизда яхшилик сари қадамни кўра олмаяпмиз. Биз ниманики нотўғри қилиб қўйган бўлсак¸ кечиришларини сўраганмиз. Лекин ўша нарса давомли бўлмади. Олдин аëлларга рухсат берамиз дейишган эди. Кейин эса тўхтаб қолди.

Юртимизга қайтишга истак-хоҳиш бор. Чунки ҳамма нарса ўзимизнинг юртимизда экан. Бу ерларда ҳеч нарса йўқ экан. Нима бўлса ҳам юртимизга қайтамиз. Ҳаëтни ўзимизнинг юртимизда ўзгартириш мумкин¸ деган ишонч бўлганлиги учун ҳозир ҳам "қайтамиз" деган нарсадан воз кечганимиз йўқ¸ дейди Нурилло Мақсудов.

Ўзбекистонлик тадқиқотчи, Лондондаги Осиё ва Африка тадқиқоти институти эксперти Алишер Илҳомов фикрича, андижонлик қочқинларнинг ягона ташкилотга бирлашаётгани уларнинг қўрқув исканжасидан чиқаётгани белгисидир.

- Бу қочқинлар ўша воқеалардан кейин руҳий жароҳат билан, ўта тушкун бир ҳолатда эди. Қолаверса¸ улар Андижонда қолган қариндошлари боис қўрқув ҳисси билан яшашди. Энди айрим қочқинлар учун изтироблар ва қўрқув ортда қолган кўринади, дейди Алишер Илҳомов.

Ўзбекистон ҳукумати 2005 йил 13 май куни Андижонда аксари террорчилардан иборат 187 киши ҳалок этилганини айтиб, "акромийлар" деб айтиладиган гуруҳни ушбу воқеаларнинг бош уюштирувчиси сифатида айблаб келади.

Воқеа гувоҳлари ва журналистлар эса аёллар ҳамда болалар дохил 1000га яқин қуролсиз намойишчи Ўзбекистон ҳукумати отган ўқларга учраб, қурбон бўлган деб биладилар.

Ҳукумат тўрт йил аввалги Андижондаги қатлиом юзасидан халқаро ҳамжамиятнинг мустақил тергов ўтказиш чақириқларини рад этиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG