Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:20

Коррупция ҳақда ëзишга рухсат берилди


Бундан буëн Ўзбекистон матбуоти мамлакатдаги коррупция ва порахўрлик ҳақда Бош прокуратура ҳомийлиги ва бевосита йўл-йўриғи остида фаол ëзадиган бўлди.
Бундан буëн Ўзбекистон матбуоти мамлакатдаги коррупция ва порахўрлик ҳақда Бош прокуратура ҳомийлиги ва бевосита йўл-йўриғи остида фаол ëзадиган бўлди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси коррупцияга оид жиноятларни оммавий ахборот воситалари орқали фош этиш кампаниясини бошлайди.Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот вакили Светлана Ортиқова маълум қилди.



Ҳозирнинг ўзида ўзбек матбуотида мансабдорлар томонидан содир этилаётган жиноятлар ҳақида мақолаларнинг кўпайганини кузатиш мумкин.

7 май куни Бош прокуратурага қарашли “Ҳуқуқ” газетаси “Лангар гранит атрофидаги ўйинлар” мақоласида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар ва инвестициялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий банки мутасаддилари аралашган иқтисодий жиноятларни фош этди.

Шунингдек¸ журналистларга, қарийб 100 минг доллар миқдорда нафақахўрлар пулини ўзлаштирган “Ўзбекистон почтаси” мутасаддиларининг жиноий жавобгарликка тортилгани маълум қилинди.

Ҳозирча ошкоралик берилаётган ҳолатлар дарёдан бир томчи бўлиб кўриниши мумкин, аммо Светлана Ортиқованинг таъкидича, коррупцияга оид жиноятларни фош этиш яқин кунларда кенг кўламда амалга оширилади.

Светлана Ортиқова: Хабарингиз бор¸ Алишержон¸ Ўзбекистон ўтган йил коррупцияга оид конвенцияни ратификация қилди. Бу иш¸ албатта¸ давомий бўлади. Мана ҳозир миллий режанинг устида қатор ҳаракатлар қилинаяпти. Коррупцияга қарши курашиш фаолияти оммавий ахборот воситаларида албатта ëритилади.

Озодлик: Бир сўз билан айтганда¸ яқин кунларда Ўзбекистон матбуотида коррупцияга қарши алоҳида мақолалар кўпайишини кутишимиз мумкинми?

- Албатта¸ деди Светлана Ортиқова.

Одам савдоси муаммосининг матбуот орқали нишонга олинганини мисол сифатида келтирган Светлана Ортиқова оммавий ахборот воситаларида коррупцияга қарши самарали кампанияни амалга ошириш учун ҳам прокуратура етарли тажрибага эга эканини айтади.

- Бизда жуда яхши тажриба бор. Мана одам савдосига қарши курашиш жараëнида оммавий ахборот воситалари орқали халқнинг¸ жамиятнинг юзини шу муаммога қаратдик ва шу муаммо борлигини овоза қилдик.

Қандай чора-тадбирларни кўриш кераклигини ҳам айтаяпмиз.

Шунақа тажрибага эга бўлган жамият коррупцияга қарши курашда ҳам шу йўналишдан фойдаланса¸ шу натижаларга эришади деган умиддаман. Оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан ҳам жамият¸ ҳам давлат кенг фойдаланади¸ дейди Светлана Ортиқова.

Дунё бўйлаб коррупцияга қарши курашувчи “Transparency International” ташкилоти Ўзбекистонни дунёдаги энг коррупциялашган давлатлар қаторига киритади.

Аммо Ортиқованинг гапига муносабат билдирган ташкилот вакиласи Андреа Фигори коррупция ҳолатлари бўйича матбуотни доимий равишда хабардор қилиш бу иллатга қарши курашиш йўлидаги муҳим қадам бўлишини айтади.

- Ўзбекистон ратификация қилган халқаро конвенция ҳукумат зиммасига бир қатор мажбуриятларни юклайди. Улар коррупция ҳолатларини жамоатчиликка кўпроқ ошкор этишлари, бу муаммога қарши курашда қилинаётган ишлар борасида одамларни бохабар қилишлари керак.

Агар прокуратуранинг эълони ушбу конвенциянинг ижроси билан боғлиқ бўлса¸ у ҳолда буни олқишлаш керак¸ дейди Андреа Фигори.

Ўзбекистондаги коррупция ҳақида кўплаб мақолалар муаллифи журналист Сергей Ежков маҳаллий матбуотда пайдо бўлаётган чиқишлар ҳозирча коррупциянинг олдини олишга ҳисса қўшмаётганини айтади.

Қолаверса, коррупцияга қарши курашиш учун жиноий жавобгарликка тортилган мулозимлар ҳақида эмас, жиноий жавобгарликни четлаб ўтаётган расмийлар ҳақида ёзиш керак¸ дейди у.

- Мана яхши мисол тариқасида журналистлар¸ дейлик¸ Тошкент ҳокимининг уйини топиб, суратга олишлари мумкин. Кейин мутахассислар ёрдамида бу уйнинг баҳосини аниқлаш, ундан кейин ҳокимиятдан ҳокимнинг ойлик маошини сўраб-суриштириш мумкин.

Ниҳоят¸ хулоса ўрнида ҳоким бундай уйни қуриш учун неча йил ишлаши кераклиги ҳақида ёзиб чиқиш керак.

Бундай мақолани коррупцияга қарши кураш дейиш мумкин. Аммо бунга ҳеч кимга рухсат бермайди¸ дейди Сергей Ежков.
XS
SM
MD
LG