Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:39

Зеромакс Шарқни олмоқчи?


"Шарқ" матбаа концерни Ўзбекистондаги нашриëт соҳасини қарийб тўлиқ назоратга олган монополиячи сифатида кўрилади.
"Шарқ" матбаа концерни Ўзбекистондаги нашриëт соҳасини қарийб тўлиқ назоратга олган монополиячи сифатида кўрилади.

Норасмий манбаларга кўра¸ каримовлар оиласига қарашли экани айтиладиган "Зеромакс" ширкати эндиликда Ўзбекистондаги энг йирик "Шарқ"нашриёт-матбаа компанияси акцияларига кўз тиккан.

“Шарқ”компаниясининг қимматбаҳо қоғозлар бўлими раҳбари Баҳодир Ҳамидов чет эл сармоядорларига мўлжалланган компания акциялари сотилмасдан қолаётганини айта туриб¸ уларнинг "Зеромакс" га сотилиш эҳтимолини инкор қилмади.

Баҳодир Ҳамидов: Акциядорлик жамиятида акциялар бўлинган - 51 фоизи давлатники¸ 44 фоизи эса чет эл инвесторларига мўлжалланган¸ 5 фоизи эса ишчи жамоа учун. Чет эл инвестори бўлса¸ марҳамат. Давлат тендер комиссиясининг қарори билан сотилади.

Озодлик: Бу акциялар бемалолми ëки сотиб олиш ниятида бўлган компаниялар борми?

Баҳодир Ҳамидов: Энди кўпчилигининг шартлари тўғри келмаяпти. Марҳамат¸ хоҳласангизлар¸ 44 фоиз акция биржада турипти.

Озодлик: Бу акцияларни "Зеромакс" сотиб олмоқчи¸ деган хабар бор. Шунақа таклиф "Зеромакс"дан бўлдими?

- "Зеромакс" бўлиши мумкин. Оладиган бўлса¸ марҳамат савдода турипти. Лекин бизда Вазирлар маҳкамаси қошида давлат тендер комиссияси бор. Буни ўшалар ҳал қилади¸ деди “Шарқ”компаниясининг қимматбаҳо қоғозлар бўлими раҳбари Баҳодир Ҳамидов.

Ўзбекистондаги энг йирик “Шарқ” нашриётининг акциялари эркин савдода бўлганига ишончсизлик билдирар экан, мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов, бу компанияни "Зеромакс"дан бошқасининг сотиб олишига қурби етмаслигини айтади.

- Демоқчи бўлганим¸ ҳеч қачон 44 фоизлик акция савдода ëтмайди. У шунақа кўрсатаëтган бўлиши мумкин. Чунки бу катта фойдага ўтирадиган компания. Матбаачилик соҳасида “Шарқ”дан катта компания йўқ.

Шу нуқтаи назардан¸ унинг акциялари эркин савдода узоқ қолиб кетиши мумкин эмас. Агар уни эркин савдога чиқарса¸ оламан деган одамлар кўп.

"Зеромакс"га ўхшаган ўзига хос авторитетга¸ ўзига хос мавқега эга бўлган компаниялар бу нарсани олиши мумкин¸ дейди мустқаил журналист Абдураҳмон Ташанов.

Ўз исми ошкор этилишини истамаган нашриёт-матбаа соҳаси ходимига кўра, “Шарқ” компаниясида ўғирлик ва халқ тилида “откат” деб аталадиган порахўрлик авж олган ва шу сабабли унга хориж инвесторларини жалб этиш мушкул бўлиб қолаётир.

- Мана¸ ўтган ҳафта “Шарқ” нашриëт-матбаа концернидан 70 тонна қоғозни ўғирлаб чиққан одамнинг қўлга тушганлиги ҳақида ахборот тарқалди. Тасаввур қилинг, 70 тонна. Агар 100 та ходимдан ҳар бири 100 килодан ўғирлаб чиқса ҳам 10 тонна қоғоз ўғирлаб чиқилди, деган гап бу.

Редакциялар “Шарқ”қа қоғоз етказиб беради. “Шарқ”фақат матбаа хизмати учун ҳақ олади.

Бир редакция билан қизиқ гап бўлиб қолди. “Мана шунақа. Шунча тираж босилган¸ қоғоз кетар экан. Яна техник чиқит¸ брак деб фалонча тонна минус қилиб¸ ҳеч нарса ëзмасдан 16 тонна расход деб ëзиб қўйипти” дейди. Бунинг нимага ишлатилганини ҳеч ким изоҳлаб бера олмаяпти.

Бу нимадан далолат беради? Бу ўғирликдан далолат беради. Мана шунақа бўлгандан кейин¸ акционер ўзининг ҳуқуқини¸ даромадининг ҳуқуқини ҳимояланган деб тасаввур қила олмайди.

Ўзига ишонч ҳосил қила олмагандан кейин унинг акцияси билан қизиқувчи¸ унга пул тикувчи сармоядорни жалб қилиши жуда қийин нарса¸ дейди ўз исми ошкор этилишини истамаган нашриёт-матбаа соҳаси ходими.

Суҳбатдошнинг айтишича, “Шарқ” компаниясидаги талон-тарожнинг олдини олиш учун уни аллақачон хусусийлаштириш керак эди. “Шарқ” компаниясига "Зеромакс" нинг қизиқишини у бугунги шароитда табиий ҳолат деб баҳолайди.

- "Зеромакс" ҳозир жуда кўп соҳаларга қизиқаяпти. Ўша соҳалар Ўзбекистоннинг ривожланишига озми-кўпми таъсир кўрсатаяпти. Ҳақиқатан¸ ижобий тарафлари жуда кўп. Бундан кўз юмиб бўлмайди.

Монополия бўлиб кетиши мумкин деган¸ хавотир бўлиши мумкин. Лекин хусусийлаштириш бор жойда ривожланиш бўлади. "Зеромакс"нинг қизиқишига келсак¸ уларда маблағ бор.

Агар "Зеромакс" “Шарқ”ни олиб уни ривожлантирадиган бўлса¸ бу “Шарқ”учун ҳам фойдали¸ матбаа соҳаси учун ҳам фойдали¸ иқтисод учун ҳам фойдали¸ дейди ўз исми ошкор этилишини истамаган нашриёт-матбаа соҳаси ходими.

Аммо "Зеромакс"нинг ўз исми айтилишини истамаган вакили Озодлик билан телефон суҳбатида¸ ширкатнинг “Шарқ” нашриëт-матбаа концернига қарашли каттагина акцияларни сотиб олиш режаси ҳам¸ бунга қизиқиши ҳам йўқлигини билдирди

Сўз ва матбуот эркинлиги чекланган Ўзбекистонда ҳар қандай адабиёт ҳукумат тасдиғидан ўтибгина, нашр қилиниши маълум.

Нашриёт-матбаа соҳасини, ҳукумат мафкураси доирасида монополия тарзда сақлаш совет давридан қолган сарқитлардан бири сифатида кўрилади.

Кузатувчилар фикрича, “Шарқ” компаниясига қўшиладиган ҳар қандай хусусий сармоядор жорий тартибни ўзгартиришга ожизлик қилади.

Ҳар қалай “Шарқ” компаниясида узоқ йиллар давомида ўтказилган ислоҳотлардан сўнг ҳам, компания акциялари бошқарув пакетининг ҳукумат қўлида қолаëтгани шундан берилган кучли огоҳлантирувдек кўринади.
XS
SM
MD
LG