Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:59

Посейдон қасоси


Орол денгизини сақлаб қолиш борасида қилинаётган амалий ишларнинг самараси ҳозирча сезилгани йўқ.
Орол денгизини сақлаб қолиш борасида қилинаётган амалий ишларнинг самараси ҳозирча сезилгани йўқ.

Орол денгизини сақлаб қолиш халқаро жамғармаси Олмаота саммитида минтақа раҳбарларининг муаммога турлича ёндашувлари, қуриётган Орол масаласи яқин йилларда ҳал этилмаслигига яна бир исбот бўлди.

Оролни қутқариш ҳаракатлaри тарихига бир назар

Бугун Оролни қутқариш ҳаракатлари тарихига сайр қилар эканмиз¸ ëнимизга таниқли сиëсат арбоби Дилором Исҳоқовани ҳамроҳ қилиб олдик.

Озодлик: Дилоромхон¸ сиз илк бор “Орол қуримоқда”, деган гапни қачон эшитган эдингиз?

Дилором Исҳоқова: Мени отам Москвага олиб борган эдилар. Мен у пайтда 3 синфда ўқир эдим. Самолëтда менга пастни кўрсатганлар.

“Мана шу ерда катта денгиз бўлган. Қара¸ ҳозир мана шунақа кичрайиб кетган”, деб отам бир нарсаларни гапириб берганлар.

Озодлик: Нечанчи йилда бўлган бу?

Дилором Исҳоқова: Менимча¸ 1965 йилда бўлса керак. Ўшанда сувнинг устидан ўтганимиз ëдимда.

Орадан бир неча йиллар ўтиб¸ яна шу томонга учганимизда¸ яна Оролни кўрсатганлар ва бу сафар янада кичкинароқ жойни кўрганим эсимда.

Отамнинг менга Орол ҳақида гапириб бераëтганини эшитган орқамизда ўтирган одам бирдан суҳбатга аралашиб “Ҳозир мана шунчага қисқариб бўлди. Яна шунча йилдан кейин шунчага қисқаради. Орол денгизи қуриб кетади ва уни умуман қутқариб бўлмайди”, деб у конкрет рақамларни айта бошлади.

Бу гап отамга жуда ëқмади. Отам унга сал қаттиқ гапирдилар. Шу нарса менинг хотирамда сақланиб қолган.

Орадан йиллар ўтди ва 1984-1985 йилларда Орол масаласи яна кўтарила бошланди. Назаримда қайта қуриш даврида бирданига Орол масаласи кўтарилди.

Озодлик: Шу ҳақда биринчилардан бўлиб ким гапирди?

Дилором Исҳоқова: Биринчилардан бир нечтасини айтишим мумкин¸ лекин биринчисини айта олмайман. Биринчилардан бўлиб қорақалпоғистонлик ëзувчи Тўлепберген Қайипбергенов гапирди.

Ундан кейин Ўзбекистонда¸ ëзувчилар уюшмасида Орол қўмитасини тузган Шермуҳаммедов¸ кейин Муҳиддинов¸ кейин Эркин Юсупов ëзди. Мен шов-шувга сабаб бўлган биринчи чиқишлар ҳақида гапираяпман.

Ўзи рус¸ лекин Ўзбекистоннинг табиатига¸ айниқса Оролга ҳар қандай ўзбекдан кўра кўпроқ куюнган Галина Ҳожибоева деган олима аëл бор эди.

Ўша олима аëл бир гуруҳ билан Орол бўйига бориб¸ ўша ерларни суратга тушириб¸ ўша ерда туғилаëтган болаларнинг аҳволи¸ касалликларнинг даражаси¸ сувнинг ифлосланиш даражаси¸ ичимлик сувининг аҳволи каби масалаларни ўрганди.

Бу шу даражада шов-шув бўлиб кетдики¸ бу аëлни КГБ (ҳозирги пайтда МХХ) ва бошқа жойларга чақира бошлашди.

Озодлик: Олимларнинг гапи илмий ва хавотирли бўлади. Аммо эмоционал тарзда кун тартибига ëзувчилар қўйди, бу масалани деган фикрлар бор. Бу қандай бўлди?

- Ҳа¸ тўғри. Менимча¸ Миразиз Аъзамнинг ҳам Оролга бағишланган жуда яхши бир мақоласи чиққан эди. Кетма-кет Жамол Камолники чиқди¸ Саъдулла Сиëев ëзди. Муҳокамалар бўларди.

Ëзувчилар уюшмасида шу нарсалар муҳокама қилинганда ҳамма жиҳатга эътибор бериларди. Ҳатто бир куни қоровул келиб бир неча марта ëзувчилар уюшмасининг катта залидаги чироқни ўчиришга мажбур бўлган. Чунки соат 11 дан ошиб кетган экан.

Ëдгор Обид ҳам радиодаги бир эшиттиришда Орол масаласида жуда яхши гапларни гапирган эди. Ҳалима опа Худойбердиева ҳам гапирган эдилар.

Энг куюнчакларидан бири экология учун жон куйдириб юрган¸ олимларга югурган¸ мансабнинг кучи билан қўлидан иш келиши мумкин бўлган одамларга югурган Дадахон Нурий эди¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Дилоромхон айтган фаол ëзувчи Дадахон Нурийга телефон қиламиз.

- Экология ҳақида мен анча нарса ëзганман. Экологияни Оролсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Орол ҳозирги замоннинг энг катта фожеаси¸ дейди Дадахон Нурий.

Яшил ҳаракат

"Ўзбекистонда Орол муаммоси ўтган асрнинг саксонинчи йилларида бошланган мамлакат табиатини ҳимоя қилиш ҳаракатининг бир қисми эди"¸ деб эслайди ëзувчи Дадахон Нурий.

Дадахон Нурий: Бу муаммони биринчи бўлиб 1960-1965 йилларда бир рус ëзувчиси "Комсомолская правда" газетасида кўтарган. У олдиндан Оролнинг шудай ҳолга келишини билган.

Бунга ўша пайтда Ўзбекистондаги раҳбарлар қарши бўлишган. У 30 йил олдин "сувни бошқа ерга оқизиш Оролни фожеага олиб келади", деб айтган. Бу газетанинг мухбирини лекин мен билмайман.

“Сувлар олиб қўйилаяпти. Оролга сув келмаяпти. Мирзачўлни ўзлаштириш¸ пахтани кўпайтириш баҳонасида сувлар олиб қўйилаяпти”, деган маънода мақола чиқарган.

Ўша пайтда мелиорация институтининг ëнимизда туриб жон куйдирган иккита-учта жонкуяр ходимлари бор эди. Ëзувчилар бу масалани биринчи марта кўтариши эди. Биласизку¸ ëзувчилар эркинроқ¸ ҳеч нарса йўқотмаган бўлади. Олимлар маълум даражада ўша "қалпоқ"нинг ичида туришади.

Олдин қишлоқ хўжалик вазири бўлга академик Муҳаммаджонов деган бор эди. Билсангиз керак, у киши қазо қилди. Бу киши Орол масаласида жуда кўп гапирганлар. Бизнинг ëзувчилар уюшмасига келиб “Кўзларингизни очинглар”, деган одам шу бўлади. Эътибор беринг¸ қишлоқ хўжалигининг вазири келиб айтаяпти бу гапни.

Энди яна бир гап борда. Шуни қўшиб қўйишингизни сўрардим. Орол қуриëтган пайтида биз ҳам Орол бўйига борганмиз.

Озарбайжоннинг Зиë Бунëдов (Ziya Musa oğlu Bünyadov, 24.12.1921 — 21.02.1997) деган жуда катта бир академик олими бор. У киши Орол масаласини бир вақтлар ўрганиб¸ докторлик ишини ëқлаган.

У орадан 20 йил ўтгандан кейин Оролнинг хароб бўлиб ëтганини¸ талофотларини кўриб ҳайрон қолган.

У ўзини тута олмасдан “Оролни мана шу аҳволга келтирганларни мана шу параходларга осиш керак. Ҳаммага кўринадиган қилиб осиш керак”, деб юборган. Мен шунинг гувоҳи бўлганман. Мен ҳалигача эслайман¸ дея ўз хотираларини баëн қилади Дадахон Нурий.

Хлопкораб

Оролни ҳимоя қилиш ҳаракати тарихи ҳақида Дилором Исҳоқова билан суҳбатлашмоқдамиз.

Дилором Исҳоқовага кўра¸ Орол муаммосини кўтаришда москвалик журналистлар ўзбек ëзувчилари билан елкама елка туришган . Ана шундай журналистлардан бири "Огонëк" журнали мухбири Александр Минкинга қўнғироқ қиламиз.

Озодлик: Александр Минкин жаноблари¸ "Хлопкараб" мақоласи билан боғлиқ тафсилотлар эсингиздами?

- Ҳа албатта. Бу 1988 йил ëзилган эди. Бу ўзбек пахта қуллари ҳақидаги тўртинчи мақола эди. Ўшанда ўзбек расмийлари “Бу ëлғон. Ҳеч қандай дефоляция йўқ. Ҳамма ëқда олам гулистон”, дейишди.

Мен "Огонëк" журнали мухбири сифатида Ўзбекистонга учиб бориб пахта далаларига ҳайдалган ўзбек болаларини суратга олдим.

Мен суратга туширган ориққина боладан нима еганлигини сўрадим. У менга "Эрталаб нон билан чой¸ кечқурун ҳам нон билан чой. Шакар ҳам¸ гўшт ҳам йўқ", дея жавоб қайтарди. Бу боланинг бор озиғи фақат нон - чойгина экан¸ холос.

Мен бу ғариб ўзбек болакайнинг фотосуратини чоп қилдим. Бу боланинг исми Дамир эди¸ дея эслайди Александр Минкин.

Ўзбекистонда кўрган кечирганлари асосида Александр Минкин "Пахта қули"(Хлопкараб) деган мақола ëзади. Бу мақола ўша пайтда сокин кабинетларида оромкурсиларга чўкиб ўтирган раҳбарларни саросимага солди.

- Мен ўша пайтдаги шиорлардан ўрин олган калимадаги битта ҳарфни ўзгартирдим холос. Хлопкороб хлопкораб бўлди. (пахта терувчи пахта қули бўлди).

Мақола сарлавҳаси катта жанжалга сабаб бўлди. Ўша пайтда Москвада катта раҳбар бўлган Рафиқ Нишоновнинг фиғони фалакка чиқди.

""Огонëк" мовий алангага айланиб¸ кули кўкка совурилиши керак", деб стол муштлади. "Огонëк" тепасида қора булутлар тўплана бошлади.

Ўша пайтда мўъжиза юз берди. Бир ўзбек колхоз идораси деворига ëпиштирилган пахтани бутифос (таъқиқланган кимëвий дори) билан дефоляция қилиш ҳақидаги буйруқни ўғирлаб олиб менга етказди.

Раис имзоси, гербли муҳри бор ҳужжат Москвада менинг қўлимга келиб тегди. Бу ҳужжат билан Коротич ("Огонëк" бош муҳаррири)Горбачев олдига кирди.

Биз Ўзбекистон далалари заҳарланаëтгани¸ оч-наҳор болалар пахта далаларида ўлаëтганлигини исбот қила олдик.

Пахта учун қурбонликларнинг даҳшатини Горбачевга билдира олдик, дейди Александр Минкин.

Кейинчалик Минкин қуриëтган Орол денгизи бўйларидаги қишлоқларни айланди.

- Мен Орол денгизи қуриши оқибатида Ўзбекистонда юзага келган даҳшатли манзара гувоҳи бўлган эдим. Оролни қайта тиклаш мумкинмикан? Менимча¸ йўқ¸ дейди Орол муаммоси билан боғлиқ хотираларини эслаган Александр Минкин.

- Александр Минкиннинг “Хлопкараб” мақоласи Ўзбекистонда жуда шов-шув бўлган эди. Мақола бир миллатнинг қандай қилиб пахта қулига айлантирилгани¸ Оролнинг қуриши¸ сариқ касалнинг хуружи¸ болаларнинг устидан самолëтларда сепилаëтган гербицидлар ҳақида эди.

Бу ўз-ўзидан бизнинг экологик муаммоларимизга бориб тақалган эди. Мақола Ўзбекистон аҳолиси ичида жуда катта резонансга эга бўлган эди. Бу мақолани қўлма-қўл қилиб, талашиб ўқиганмиз. Орадан озгина ўтгандан кейин Минкин Ўзбекистонга келган.

У Ўзбекистонга келганда бизникида меҳмон бўлди. Ўтирдик¸ гаплашдик. Одатда бир жойдан меҳмон келганда кўпроқ адабиëт ҳақида¸ тарих ҳақида суҳбатлар бўларди. Бу сафарги суҳбат эса Ўзбекистоннинг энг оғриқли жойлари ҳақида савол-жавоб бўлган. Мен ўша ўтиришимизни кўпроқ матбуот конференциясига ўхшатаман.

Мақола чиққанидан кейин шу ердаги шоирлар Ўзбекистонни кўрсатиш учун Минкинни у ер¸ бу ерга олиб боришган. У анча материал тўплаган ва яна бир мақола ëзган. Бу мақола ҳам айнан "Огонëк" журналида чиқди.

Минкин келиб кетгандан кейин Худо раҳмат қилсин Шавкат Раҳмон¸ Усмон Азим¸ Муҳаммад Солиҳ¸ Рауф Парфиларни чақириб “сал узоқроқ бўлинглар”, деб огоҳлантиришгани ëдимда.

Ўша пайтда мана шу тўртталаси кўп бирга юришди. Минкин кўришни¸ билишни истаган нарсаларни кўрсатишга¸ топишга ҳаракат қилишди. Шу нарсалар ëдимда¸ дея эслайди Дилором Исҳоқова.

"Тунлар шеър қаламин оҳиста йўниб, эртанги мажлисга нутқлар ëзамиз"

Александр Минкиннинг Пахта қули мақоласи 1988 йилда Огонëк журналида чоп қилинди. Бунинг баробарида Ўзбекистон ëзувчилар уюшмаси котиби Муҳаммад Солиҳ "Нью Йорк Таймс" газетаси мухбирига “ўзбек халқи Орол фожеаси қурбони бўлмоқда” деган маънода интервью берган ва бу интервью ҳам ўша давр раҳбарлари асабини қақшатган эди¸ деб эслайди суҳбатдошимиз Дилором Исҳоқова.

-Менимча¸ "Нью Йорк Таймс"газетасида Муҳаммад Солиҳ билан интервью чиққанини кимдир махсус юқоридагиларга етказган. Ўша интервюдан кейин Муҳаммад Солиҳга қарши ëзилган мақолаларни эслаб, ҳозир кулгим келаяпти.

Ўшанда, энг қизиғи, мен одамларнинг муносабатини эслайман: эрталаб ëзувчилар уюшмасига ТошДУ нинг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика¸ филология факультетининг бир қанча талабалари гул кўтариб келишди. Улар Муҳаммад Солиҳни кутиб туришипти. Биз ҳайрон бўлиб турдик.

Муҳаммад Солиҳ келгандан кейин унинг қўлига қарсаклар билан олиб келган гулларини тутқазишди ва “табриклаймиз” дейишди. Нима учун табрик? Чунки анчадан бери Ўзбекистон расмий ҳукумати бир инсонга бунақа қаттиқ ташланмаган эди.

“Биз бунинг жуда катта ютуқ эканлигини билганимиз учун сизни табриклагани келдик”, дейишган эди келган йигит-қизлар.

Муҳаммад Солиҳга қарши ëзилган ўша пайтдаги мақолалардан жуда кўнглимиз қолган эди. Чунки улар жуда ҳам жирканч мақолалар эди. Ўша куни ҳамманинг кайфияти жуда яхши бўлган эди¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Шу ўринда Дилором опа билан суҳбатимизни тўхтатиб Муҳаммад Солиҳга қўнғироқ қиламиз.

- Орол муаммоси Совет Иттифоқида 1980 йилларнинг бошида бошланган экологик ҳаракатнинг Ўзбекистондаги кўриниши эди.

Илк маротаба, янглишмасам, 1985 йилда¸ балки 1986 йилда¸ Ёзувчилар уюшмасида Орол қўмитаси ташкил топди. Бу қўмитага филология фанлари номзоди Пирмат Шермуҳаммедов бошчилик қилди.

Аслида бу қўмита ташаббускорларининг ҳаммаси экологлар ëки олимлар эмас¸ балки ëзувчилар эди. Ўша пайтда экологик мавзуларни жуда фаол қаламга олаëтган Дадахон Нурий, Эмин Усмон каби ëзувчилар бу мавзуни машҳур қилган эди¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Кейинчалик мухолифат етакчисига айланган шоир Муҳаммад Солиҳ ҳам шеър қаламин оҳиста йўниб¸ экология мавсусидаги мақолалар ëза бошлади.

Муҳаммад Солиҳ: Шу ҳаракатнинг ичида мен ҳам бор эдим. Биз агар Ўзбекистонда босилмаса¸ Москвадаги газета ва журналларда экологик масалаларни кўтариб, мақолалар ëза бошлаган эдик.

Экологик масала бора-бора 1980 йилларнинг охирига келиб миллий масаланинг бир парчасига айланди. Мен 1988 йил май ойида Ëзувчилар уюшмаси котиблигига сайландим. Шундан кейин имконларимиз анча кенгайди.

Эсингизда бўлса¸ Бўстонлиқ масаласини ëзувчилар уюшмаси ўлароқ ҳукумат даражасига олиб чиққан эдик. Бу масалалар ўшанда жуда актуал позицияга келди¸ лекин мустақилликдан кейин афсуски бу масала иккинчи планга чекинди¸ тўғрироғи чекинтирилди.

Ҳукумат ўз тахтини мустаҳкамлаш учун бу масалани умуман кун тартибидан чиқариб ташлади. Бугун бу масалалар конюктура талаби бўлгани учун ўртага ташланаяпти.

Бунинг ечимини бугунги ҳукумат ҳеч қандай бир шаклда топа олмайди. Чунки ҳукуматда бундай дарднинг ўзи йўқ.

Озодлик: 1988 йил ноябр ойида "Нью Йорк Таймс" газетасига интервю берганингизда Орол масаласи кўтарилганмиди?

- Мен "Ню-Йорк Таймс"¸ "Вашингтон Пост" газеталарида сиëсий масалалар билан бирга экология масалалари¸ Орол денгизи масаласини доим айтганман.

Ҳатто 1990 йил Индиана университетида Оролга¸ умуман экологик масалаларга бағишланган катта халқаро конференцияга мени таклиф қилишган.

Ўша пайтдаги Зинатулин деган бир министр биз билан бирга борган эди. Биз жамоатчилик номидан¸ Зинатулин эса ҳукумат номидан гапириб, анча жанг қилган эдик¸ дея эслайди Муҳаммад Солиҳ.

Ари инига айланган Ëзувчилар уюшмаси

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларидаги расмий газеталарда “ëзувчилар эҳтиросга берилиб, вазиятни бўрттирмоқда”, деган айбномалар пайдо бўлди. 1988 йилда Ўзбекистон ëзувчилар уюшмаси раиси бўлган Одил Ëқубов гапиради.

- Нега кўтармайди ëзувчи? Ëзувчи агар виждони бўлса¸ албатта кўтариши керак¸ дейди Одил Ëқубов.

"Одил Ëқубов СССР халқ депутатлар кенгашида ўзбек пахтакор аëллари ҳақида халқнинг дилидаги гапларни сўзлади"¸ деб хотирлайди Ўзбекистон халқ ëзувчиси Шукрулло.

- Бу масалани Олий Совет мажлисида кўтарган эди. “Пахта экаман, деб ўзбек хотинларининг кўкраги ҳам қолмади¸ думбаси ҳам қолмади. Африкадаги одамлардан ҳам хароб”, деган гапни ўша пайтда Одил айтган¸ дейди шоир Шукрулло.

Айни пайтда Одил Ëқубов ўша пайтда айтилган гаплар эътиборсиз қолгани учун ҳам Орол денгизнинг қуриши оқибатлари бугунги кўламни касб қилганини айтади.

- Кўтарилди бу масала. Анча резонанс берган ўша пайтда. Бироз майда-чуйда гап бўлди. Шу билан қолиб кетди¸ дейди Одил Ëқубов.

Суҳбатдошим Дилором Исҳоқова Одил Ëқубовни миннатдорлик билан эслади.

-Ўша сессияда Одил ака чиқиб “Ўзбек аëлларининг кўкраклари қолмади. Эгилавериб¸ эгилавериб фигураси бузилиб кетди”, деган маънода гапирган гапи, менимча¸ ўзбек аëлларини кулгига қолдириш эмас¸ балки уларнинг нақадар ачинарли аҳволда эканлигини билдирган. Мен бунга аминман.

Одил аканинг ўзбек халқини кулги қилиш учун гапириши мумкин эмас. Одил ака Қозоғистон томонлик. Менинг ота-онам туркистонлик. У ерда менинг қариндош-уруғларим кўп. Мен биламанки¸ Одил акада нозик қочиримлар¸ нозик ўхшатишлар йўқ.

Улар, яъни ўша туркисонликлар аслида даштликлар. Улар жуда қўпол гапиришади. Қўполроқ гапиришади¸ тўғрисини айтиб қўя қолишади ва “Нима учун тўғри гапдан инсон хафа бўлади”, деб жуда ҳайратланишади.

Биз жуда тагдор қилиб¸ чиройли-чиройли кўйлакларни кийдириб гапиришга ўрганиб қолганмиз. Ўша кўйлакни ечиб ташласангиз тагидан ўша Одил аканинг гапи чиқади.

Ўзбек хотинида пахтадан фигура қолганми? Тиришиб¸ буришиб эрларининг кўнгли айнийдиган даражага тушиб кетганку. Бу ëлғон эмаску. Ўша пайтда 18 яшар қизларни кўрсангиз 30-40 яшар кампирларга ўхшарди.

Ҳаммасини қуëш еб қўярдику. Дорининг ўзи сарғайтириб нима балолар қилиб ташлаган.

Мен ўйлайманки¸ Одил ака бу ерда кулги қилиш учун айтган эмас. У бор ҳақиқатни қўполроқ айтган холос.

Мен бундан ҳам қўполроқ қилиб айтган бўлардим. Мен Одил аканинг олдида нуқул ўзимни шу одамнинг қадрига етмаганимиз учун¸ шу одамни тушуна олмаганимиз учун айбдор ҳис қиламан.

Ëзувчилар уюшмасида шу одам раис бўлган пайтда Бирлик дедик¸ Эрк дедик¸ Орол қўмитаси дедик¸ Қорабоғ дедик¸ Оқтош дедик¸ Кўктош дедик – нима десак ҳаммаси ëзувчилар уюшмасининг биносининг ичида бўлди. Нимаки ижтимоий-сиëсий ҳаракат бўлса¸ ҳаммаси ўша ерда қайнади.

Одил акани жуда кўп юқорига чақиришарди. Қайтиб келганда унинг қон босими ошиб қайтиб келарди. Келиб дори ичарди ëки ҳамшира келиб укол қилиб кетарди¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Билганинг кўрганинг пахта бўлибдур,
Ақлинг, тафаккуринг ахта бўлибдур,
Юз сариқ, жигаринг сўхта бўлибдур,
Наслинг шажараси бутрашга тушди.

Шунча сабоқ етар! Ўзингга ишон!
Ўз ақлинг, хулосанг, кўзингга ишон!
Сўнгги бор ўз ўғлинг, қизингга ишон!
Бугун шулар сени ўйлашга тушди! (Омон Матжон)

Орол ўлаëтир биз қилдик нидо

Орол мавзусида Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев “Оролни қўшиқ билан тўлдирамиз” деган эди.

- Азиз дўстлар. Шу Орол деган сўз айтилгандан кейин Орол тўғрисида бир қўшиқ айтмасак яхши бўлмас. Энди Оролни фақат қўшиқ айтиб тўлдирамиз шекилли-да¸ деган эди 1990 йиллардаги ўз концертларидан бирида Шерали Жўраев.

Ўша пайтда бутунитифоқ "Учителская газета"сининг Тошкентдаги мухбири бўлиб ишлаган Анвар Усмонов ҳам бундан 20 йил олдин Оролни қутқариш масаласида бирор бир самарага эришиш мумкин бўлганини афсус билан хотирлайди.

- Ўша пайтлар Орол ўлаëтган пайт эди. Лекин Орол у пайтда иккига бўлинмаган эди. Ҳозир катастрофа бўлиб қолди. Ўша пайтда Амударëда ҳам¸ Сирдарëда ҳам оз-моз сув бор эди. Ҳозир Орол жуда ҳам катта катастрофа¸ дейди Анвар Усмонов.

Денгизнинг атрофида ҳамиша ҳаëт гуллаб-яшнайди. Денгиз инсон ўшандан баҳра олиши учун¸ ўшандан озиқланиши учун яратилган. Денгизни Оллоҳ инсонга фақат наф учун яратган.

Дилором Исҳоқова билан суҳбатимизни бир оз тўхтатиб ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Оролни қутқариш ҳақида бонг урганлардан бири шоира Гулчеҳра Нуруллаевага боғланамиз.

- Орадан 20 йилдан ортиқ вақт ўтдики¸ Орол муаммоси борган сари муаммоли томонига кириб бораяпти. Озгина бўлса ҳам ўз ечимини кўргани йўқ. Шу маънода ўша пайтда ëзилган шеър шу бугуннинг ҳам шеъри бўлса керак, деб ўйлайман.

Орол ўлаëтир, биз чекдик нидо,
Нидо чекишлардан сира толмадик¸
Аччиқ оҳимиздан уйғонди дунë¸
Фақат раҳбарларни уйғотолмадик.

Босиб келаëтир чексиз ерларни,
Орол атрофида яйрайди ўлим,
У томон йўлатмай муҳожирларни,
Беркитмоқ бўламиз муаммо йўлин.

Бизни босган ғафлат саройи баланд,
Намойиш қиламиз ҳамон кўрликни,
Қуруқ қарорларга имзо чекиш билан
Тўлдирмоқ бўламиз Орол шўрликни.

Кўзни очмоқ душвор¸ танқид қилмоқ жўн¸
Гарчи гиналарни кўрмасам-да эп¸
Ўйлайман бугунги шеърхонликдан сўнг
Яна битта қарор туғилмасми деб.

Қайтармоқ истасак босган изига¸
Орол бошидаги бор балоларни¸
Кўрсатиб қўяйлик дунë кўзига¸
Қуруқ қарорларга мубталоларни.

Денгизсиз мамлакат

Дилором Исҳоқова билан суҳбатлашмоқдамиз. Менимча¸ Озарбайжон ëзувчиси Анор “денгизи йўқ мамлакат фуқароларига ачинаман” деб ëзган эди.

- Наҳотки денгизи йўқ битта Ўзбекистон бўлса? Бошқалар яхши яшаяптику. Биздан яхшику.

Озодлик: Оролни қутқариш ҳаракатига ҳам 20 йилдан ошди. Давр сабоқлари нимадан иборат?

- 20 йил ўтириб чиқарга хулосам шу бўлдики¸ Орол барибир қурияпти¸ дея ўз гапига якун ясади Дилором Исҳоқова.
XS
SM
MD
LG