Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:50

Назарбоев Эронга йўл кўрсатди


Келаси йили ЕХҲТ раислигини қабул қилувчи Қозоғистон раҳбари халқаро майдондаги жиддий муаммоларга ечим таклиф этишга ҳаракат қилмоқда.
Келаси йили ЕХҲТ раислигини қабул қилувчи Қозоғистон раҳбари халқаро майдондаги жиддий муаммоларга ечим таклиф этишга ҳаракат қилмоқда.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг Қозоғистонга қилган илк сафари¸ президент Нурсултон Назарбоевнинг ташқи сиëсат борасида мураккаб мувозанатни сақлаб қолишга уринаëтганининг навбатдаги ифодаси бўлди.

Эрон ва Қозоғистонда улкан нефт заҳиралари бор. Шунинг учун Аҳмадийнажод ва Назарбоев сўзлашувларининг диққат марказида Қозоғистон нефтини Эрон орқали экспорт қилиш масаласининг устувор бўлиши кутилаётган эди.

Аммо учрашувлар ядровий энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласи¸ айниқса¸ кўп шов-шувларга сабаб бўлди.

Остонада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўз давлатининг Эрон ядровий дастурлари борасидаги позициясини яна бир бор такрорлади.

- Биз дунёнинг барча давлатлари каби Эрон ҳам тинч мақсадларга қаратилган ядровий ёнилғига эга бўлишга ҳақли деб ҳисоблаймиз¸ деди президент Назарбоев.

Унинг таъкидича, Теҳроннинг ядровий қурол яратишга уринаётганидан хавотирда бўлган давлатларни тинчлантириш учун Эрон ядровий дастурлари шаффоф бўлиши лозим.

Ана шу йўлда олға ташланган қадам Назарбоев фикрича, Эрон ва Қозоғистон ўртасида ягона ядровий ёнилғи омборини барпо этиш бўлади.

- Агар бундай омбор ташкил этиладиган бўлса, ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага қўшилган ва ўз ихтиёри билан ядровий қуролдан воз кечган давлат сифатида Қозоғистон бу омборни ўз ҳудудида жойлаштиришга тайёр¸ деди президент Назарбоев.

Ядровий электростанцияларга эга давлатларни тўйинтирилган уран билан таъминловчи бундай ядровий ёнилғи омбори Эрон каби давлатларнинг мустақил равишда уранни тўйинтиришига ҳожат қолдирмайди. Бугунги кунда айнан Эроннинг уранни тўйинтириш дастурлари бу давлатнинг ядровий қурол яратиш устида ишлаётгани борасидаги хавотирларни келтириб чиқармоқда.

Ўз давлатининг уранни тўйинтириш ҳуқуқини ҳимоя қиладиган президент Аҳмадийнажод Назарбоев таклифини қўллаб-қувватлади.

- Бизнинг фикримизча, Қозоғистон ўтмиши инобатга олинса, Нурсултон Назарбоевнинг ядровий ёнилғи омборини ташкил этиш ғояси жуда ҳам яхши¸ деди Маҳмуд Аҳмадийнажод.

Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг, катталиги жиҳатдан жаҳонда тўртинчи ўринда турадиган улкан ядровий арсенал Қозоғистонга мерос бўлиб қолди.

Ўшанда расмий Теҳрон Қозоғистонга мактуб йўллаб, уни Ислом дунёсидаги илк ядровий давлатга айлангани билан қутлаган эди.

АҚШ ва Россия ёрдами билан Қозоғистон ўз ядровий арсеналидан буткул воз кечди.

Остона сўзлашувлари давомида Назарбоев ва Аҳмадийнажод янги глобал молиявий тизимни яратиш ва ягона дунё валютасини ташкил этиш ғояси борасида ҳам якдиллик билдирди.

Каспий денгизининг қонуний статусини ўрнатиш масаласига келганда эса икки давлат қарашлари яна бир-биридан узоқлашди.

Эрон Каспий денгизидаги нефт ва газни Каспийбўйи давлатлари ўртасида тенг тақсимлаш тарафдори бўлса¸ Қозоғистон ҳар бир давлат қирғоқдан 22-25 миля узоқликдаги суверен ҳудудларга эга бўлиши лозим¸ демоқда. Эрон томони бу таклифга кўнмаяпти, зотан бундай ҳолда Эронга Каспий денгизидаги заҳираларнинг энг кам улуши тегади.

Ўз давлатининг ташқи алоқаларини эҳтиёткорлик билан мувозанатда сақлаб келаётган Назарбоев президент Аҳмадийнажод билан елкама-елка туриб, АҚШ президенти Барак Обаманинг ядровий арсенални қисқартириш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

7 апрел куни Қозоғистон парламенти матбуот маркази президент Назарбоев Барак Обамани Қозоғистонга таклиф қилганини эълон қилди.

Назарбоев таклифномасининг Истанбулда ўтказилган Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданий мулоқотни рағбатлантиришга бағишланган конференцияда иштирок этган Қозоғистон парламенти раиси Қосимжормат Токаев томонидан шахсан Барак Обамага топширгани айтилди.
XS
SM
MD
LG