Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:54

Инсон ҳақлари муҳим, лекин...


НАТОга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувида Афғонистон муаммоси, хусусан, бу мамлакатга ноҳарбий юклар етказиш масаласи ҳам анжуман иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.
НАТОга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувида Афғонистон муаммоси, хусусан, бу мамлакатга ноҳарбий юклар етказиш масаласи ҳам анжуман иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

АҚШ ва Ўзбекистоннинг Афғонистонга ноҳарбий юк ташиш учун Ўзбекистон ҳудудидан фойдаланишга имкон берувчи келишув имзолаши НАТОга аъзо давлатлар лидерларининг Страсбург ва Келн учрашувига тўғри келди.

Афғонистонга Ўзбекистон ҳудуди орқали АҚШнинг ноҳарбий юкларни ташиш бўйича келишувнинг имзолангани ҳақида жума куни Пентагон матбуот вакили Брайн Витман маълум қилди.

АҚШ давлат департаментининг расмий вакили Роберт Вуд АҚШ ва Ўзбекистон манфаатларига хизмат қилувчи ушбу келишув Афғонистонда Толибон ва Ал-Қоидага қарши курашда ёрдам бўлишини айтди.

Бироқ¸ Роберт Вуд айни пайтда икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида имзоланган ҳужжат АҚШнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласини эътиборсиз қолдирилишини англатмаслигини таъкидлади.

- Биз Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқларига риоя қилишига оид айрим хавотирларимиз борлигини айтиб келганмиз. Лекин, менимча, Афғонистонда Ал-Қоида ва Толибонга қарши амалиётлар имкониятларини кенгайтирувчи ушбу келишувни маъқуллаганимиз муҳим эканини тушунасиз.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволидан хавотирларимиз билан бир қаторда, Ўзбекистон билан муштарак манфаатларимиз ҳам бор. Инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришда эса давом этаверамиз¸ деди Роберт Вуд.

Ўзбекистон мудофаа вазирлиги ва Пентагон ўртасида мактублар алмашинуви орқали имзоланган транзит келишуви Афғонистонга ноҳарбий юкларни темир йўл, автомобил ва ҳаво транспорти орқали етказиб беришни назарда тутади.

Ўтган ойда НАТО Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон орқали ноҳарбий юклар транзитини йўлга қўйди ва АҚШ юкларининг ҳам айни шу йўсинда Афғонистонга етказилиши мумкинлиги тайин. Ҳаво транспорти орқали амалга ошириладиган транзитга келсак, ҳозирча Ўзбекистон томони Қўшма Штатлар ихтиёрига қайси бир аэродромни беришга тайёрлиги маълум эмас.

Айрим таҳлилчилар фикрича, имзоланган келишув америкаликларнинг 2005 йил Андижон воқеалари ортидан чиқариб юборилган Қарши-Хонобод базасига қайтиш имконини беради. Икки ҳафта аввал исми ошкор этилмаган АҚШ Давлат департаментининг юқори мартабали расмийси бу фикрга Ўзбекистон томони ижобий ёндошаётганлигини айтганди.

Давлат департаментининг расмий вакили Роберт Вуд Ўзбекистон орқали амалга ошириладиган транзит пулли асосда амалга оширилишини таъкидлади.

Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистондаги ҳарбий ҳаво базалардан бирининг ижараси ҳам айнан пулга бориб тақалиши мумкин.

Иқтисодий муаммолар қаршисида қолган Қирғизистон ҳукумати айнан ижара ҳақи атрофидаги тортишувлардан сўнг, феврал ойида Манас аэродромидан АҚШ ҳарбийларини чиқариб юборишга қарор қилганини эълон қилганди. Президент Бакиевнинг бундай қарорини Россия беғараз молиявий ёрдам билан тақдирлади.

Бундай ҳаракатлар АҚШ президенти Барак Обаманинг Афғонистонга қўшимча 17 минг аскарни юборишга қарор қилган бир вақтга тўғри келди.

АҚШнинг Афғонистон бўйича янги стратегияси доирасида Афғонистонда АҚШ нинг ноҳарбий иштирокини ҳам салмоқли даражада кенгайтириш назарда тутилган.

Жума куни Страсбург ва Келн шаҳарларида бошланган НАТО саммитида Обаманинг Афғонистон стратегияси иттифоқчилар томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.

Афғонистонга юк ташиш учун энг қулай жойлашув ва ҳарбий иншоотларга эга бўлган Ўзбекистон АҚШ билан транзит келишувини имзолаш учун энг қулай фурсатдан фойдаланди.

Хўш, бу келишувнинг Ўзбекистон ва АҚШ учун қандай аҳамияти бор? Бу Ўзбекистонда АҚШнинг янги ҳарбий базаси очилиши учун қўйилган биринчи қадамларданми ёки бошқа нарса?

Биз бу саволларга жавоб олиш учун ўзбекистонлик сиёсатшуносларга мурожаат қилдик.

Камолиддин Раббимов: Биласизми¸ бу юклар ноҳарбий деб таъкидланаяпти. Бу бекорга эмас. Ноҳарбий юкларнинг Ўзбекистон орқали ўтказилишига рухсат берилиши¸ менимча¸ бу жараëннинг бошланиши. Яъни бу келажакда ҳарбий базага айланиши ëки айлaнмаслиги ҳозирги бошланаëтган жараëнлар давомида маълум бўлади.

Тошкент ва Вашингтон ўртасида бир қадар совуқлик мавжуд. Мана шу совуқлик ҳали кетгани йўқ ва бундан кейин кетиши амримаҳол. Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни жуда ҳам хавотирли, деб тан олади. Шунинг учун Ўзбекистон бу борада ҳамкорлик қилишдан бир қанча дивидендлар олишга интилаяпти.

Биз Ўзбекистонга қандай иқтисодий манфаатлар таклиф қилинганини билмаймиз. Менимча¸ бундай таклифлар албатта бўлган бўлиши керак.

Иккинчи томондан, Ўзбекистон Москвадан мустақил эканини яна бир бор кўрсатмоқчи. Ўзбекистон Андижон воқеаларидан кейин Москвага мажбуран яқинлашган эди. Бу билан Ўзбекистон ўзининг яна бошқа бир манфаатини қондиради. Биз бу билан АҚШ ҳукумати Ўзбекистон ҳукуматининг олдида тили қисиқ ҳолатга келиб қолади, дейишимиз мумкин. Вазиятнинг хавотирли томони айнан мана шу.

АҚШ яна Ўзбекистон ҳукуматининг кайфиятига боғлиқ бўлиб қолар экан¸ инсон ҳуқуқлари ва Ўзбекистондаги сиëсий ислоҳотлар мавзуси ўзининг актуаллигини бошқа оҳангга кўчиради. Расман бу муаммолар кўтарилаверади¸ аммо Ўзбекистон ҳукуматига бўлган ҳақиқий босим даражаси пасаяди дейишимиз мумкин.

Озодлик: Куни кеча Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев АҚШнинг мамлакатдаги ҳарбий базасини олиб чиқиб кетиш ҳақида сўнгги нуқтани қўйди, яъни олти ой ичида Манасдаги АҚШ ҳарбий базаси тамоман Қирғизистондан чиқиб кетади.

Хўш, Россиянинг таъсири билан Қирғизистондан чиқиб кетаётган АҚШ ҳарбий базаси энди Афғонистонга олиб борувчи асосий йўлакни Ўзбекистонда кўраяпти экан, бу ҳолат Россиянинг жиғига тегмайдими? Кремл Ўзбекистонга қарши бирор чоралар қўллаши мумкинми?

Камолиддин Раббимов: Биласизми¸ агар иқтисодий инқироз бўлмаганида¸ Россиянинг Ўзбекистонга қўллаши мумкин бўлган ричаглари¸ яъни босим усуллари мавжуд бўлар эди. Ҳозир глобал иқтисодий инқироз бутун дунëда авжига чиқди ва ҳали анча давом этади. Бу нарса икки йил олдин содир бўлганда эди¸ Россия “биз меҳнат муҳожирларини ҳайдаб юборамиз, уларга жиддий тўсиқлар қўямиз” деб айтар ва бу Ўзбекистонга жиддий таъсир кўрсатар эди.

Умуман олганда, Россиянинг босим ўтказиш имкониятлари мавжуд. Бу келишувнинг Россияга ëқмаслиги тайин. Чунки Россия АҚШга айнан шунга ўхшаган ҳамкорликни таклиф қилаяпти ва Москва Марказий Осиëни ҳалигача ўзининг ҳудуди, деб билади. Москва Марказий Осиë давлатлари билан бўладиган келишувларда ўзидан рухсат олинишини хоҳлайди.

Бу албатта мустақил давлатчиликка тўғри келмайдиган шарт-шароит. Шунинг учун Қирғизистондаги вазиятни Москванинг райи билан бўлган бўлса керак, деб биламан.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ҳам АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган бу келишувнинг иқтисодий жиҳатига эътибор қаратади.

- АҚШ ўз юкларини Ўзбекистоннинг темир йўл¸ ҳаво¸ автомобил йўллари орқали жўнатиши бир томондан Ўзбекистонга катта моддий ëрдам келтиради.

Мана, Ўзбекистонда ҳар хил транспорт компаниялари бор. Улар агар юкларни фақат чегарагача олиб бормасдан¸ ичкарироққа ҳам олиб борса¸ Ўзбекистон иқтисодида жонланиш юз бериши мумкин. Шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олиб, Каримов АҚШ таклиф қилаëтган келишувларнинг ҳаммасига қўл қўяяпти. Бу ҳозирча бошланғич жараён.

Энди Хонобод берилмайди¸ фақат самолëтлар қўниб учиши учун шароит яратиб берилади. Расман ҳарбий база берилмайди¸ аммо бу аэродромлар келажакда ҳарбий база қандай ишлатилса¸ шундай ишлатилиши мумкин¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG