Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:47

База атрофидаги сирли музокаралар


Eurasianet таҳлилчилари фикрича, қирғиз расмийлари Манас аэродромидан АҚШ ҳарбийларини чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилганларидан сўнг Вашингтон ўз ҳарбийлари учун Афғонистонга яқин республикалардан бирида янги жой қидиришга мажбур бўлган.
Eurasianet таҳлилчилари фикрича, қирғиз расмийлари Манас аэродромидан АҚШ ҳарбийларини чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилганларидан сўнг Вашингтон ўз ҳарбийлари учун Афғонистонга яқин республикалардан бирида янги жой қидиришга мажбур бўлган.

АҚШ Давлат департаментидан Хонобод базасини қайта очиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан олиб борилаётган махфий музокаралар ҳақида ахборот сизиб чиқди.

АҚШ расмийларининг Марказий Осиё раҳбарлари билан олиб бораётган сирли музокаралари ҳақида нуфузли Eurasianet таҳлилий портали ошкор қилди. Бу ҳақда ёзган озарбайжонлик журналист ва Очиқ жамият институтининг маҳаллий кенгаши аъзоси Шаҳин Аббосов АҚШ давлат департаментининг Вашингтондаги юқори мартабали дипломати билан суҳбатда бўлганини айтади.

- АҚШ дипломати Ўзбекистон билан анча ижобий руҳда музокаралар олиб борилаётганини ва Ўзбекистоннинг, умуман олганда, базани қайта очиш масаласига қарши эмаслигини айтди. Бу суҳбатдан менга америкаликлар базани қайта очишга ҳаракат қилиши мутлақо аён бўлди, дейди озарбайжонлик журналист.

Аббосовга кўра, Қирғизистон ҳукуматининг Манас аэродромидан АҚШ ҳарбийларини чиқариб юбориш қароридан сўнг, Вашингтон ўз ҳарбийлари учун Афғонистонга яқин республикалардан бирида янги жой қидиришга тушган.

Ўтган йил 16 декабр куни Москвада қилган чиқишида Россия қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Николай Макаров Америка Қўшма штатлари Қозоғистон ва Ўзбекистонда ўз ҳарбий базаларини очишни режалаштираётганини айтганди.

Йил бошидан буён АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Дэвид Петрэус Марказий Осиё давлатларига бирма-бир сафар қилиб, 17 феврал куни президент Обаманинг аниқ муждасини Ислом Каримовга еткизиш учун¸ махсус сафар билан Тошкентга келганди.
Ўшанда АҚШ дипломатлари Петреуснинг Хонобод базасини қайта очиш масаласини ўртага ташлаганини инкор қилишга тушганди.

Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг расмий вакили Керол Фаҳардо, айнан, Хонободдаги ҳарбий база масаласи Петрэус музокаралари кун тартибига киритилмаганини айтганди.

- Биз бу масаланинг Ўзбекистондан кўзлаган бугунги асосий мақсад эмаслигини мунтазам такрорлаб келаëтирмиз. Яна қайтараман - Хонобод базасига қайтиш ҳозир биз муҳокама қилаётган масалалар сирасида эмас¸ деганди АҚШ расмийси.

Сал кейинроқ АҚШнинг Душанбедаги элчиси Трейси Энн Жекобсон ҳам Қўшма Штатлар Манас базасига муқобил тарзда минтақада бошқа ҳарбий иншоотни эгаллаш ниятида эмаслигини баён қилганди.

Шаҳин Аббосовнинг айтишича, АҚШнинг бу борадаги музокараларни нима сабабдан рад этаётганини тахмин қилиш қийин эмас.

- Барча қудратли давлатлар ҳам америкаликларнинг Манас ўрнига бошқа база очишидан манфаатдор эмас. Шунинг учун бу жараён сир тутилаётган бўлиши мумкин¸ дейди Шаҳин Аббосов.

Афғонистонда жорий йил август ойига белгиланган сайловлардан аввал президент Барак Обама бу мамлакатга қўшимча 17 минг аскарни юбориш ҳақида буйруқ берди.

АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсуси вакили Ричард Ҳолбрук Афғонистон муаммосига минтақавий ёндошув зарурлигини таъкидлаганди.

Жорий ҳафтада президент Обама Афғонистон борасидаги АҚШнинг янги стратегиясини эълон қилади.

Таҳлилчилар фикрича, Марказий Осиё раҳбарлари билан ҳарбий базаларни очиш борасидаги музокаралар айни стратегия таркибига киритилган бўлса ажаб эмас.
XS
SM
MD
LG