Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:20

"Ўзбеклашган " Интерпол


Жаҳон ҳукуматларининг халқаро жиноятчиликка қарши курашини мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган Интерпол¸ айрим авторитар ҳукуматлар қўлида¸ улар мухолифларини жазолаш механизмига айланиб бормоқда.
Жаҳон ҳукуматларининг халқаро жиноятчиликка қарши курашини мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган Интерпол¸ айрим авторитар ҳукуматлар қўлида¸ улар мухолифларини жазолаш механизмига айланиб бормоқда.

Дунëдаги 187 давлат аъзо бўлган энг йирик полиция уюшмаси - Интерпол Марказий Осиë¸ хусусан Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришга киришди. Мустақил кузатувчилар ва ўтмиш тажрибаси¸ бунинг яхшилик аломати эканини савол остига олмоқда.

Жиноятчиликка қарши курашувчи халқаро ташкилот - Интерпол Марказий Осиёда ўз ахборот базасига кириш имкониятларини кенгайтирди.

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган ушбу лойиҳа доирасида Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг энг олис минтақалардаги хавфсизлик ходимлари ҳам бевосита Интерпол ахборот манбаидан фойдаланиши мумкин бўлади.

Тожикистондаги Европа Иттифоқи вакили Жан Бернард Делимита, лойиҳа ижросига 18 март куни киришилганини маълум қилди.

Унинг умумий қиймати эса, 3 миллион еврони ташкил этади. Кўрилаётган чоралар Интерпол рўйхатидаги жиноятчиларни тезроқ аниқлаш имконини бериши айтилаётган эсада, Ўзбекистон мисолида маҳаллий Интерпол идораси фаолияти билан боғлиқ шубҳа ва саволлар янада кучайди.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Интерпол идораси Оқ сарой қаршисидаги думалоқ бинода жойлашган.

2001 йилда бу идоранинг президент Каримов мухолифи Муҳаммад Солиҳга қарши режалаштирилган суиқасдга алоқадорлиги бутун дунёга овоза бўлган эди.

Буюртма қотилликка воситачилик қилган ўзбек тадбиркори Баҳром Мўминохунов бу ҳақда дастлаб Озодлик радиосига факс орқали хабар қилган эди.

Кейинроқ Россиянинг ТВ-Центр телеканалида намойиш этилган журналист Михаил Маркеловнинг махсус кўрсатувида Интерпол томонидан режалаштирилган қотиллик тафсилотлари тўлиқ акс эттирилди.

Ўшанда қотиллик буюртмачиси Ўзбекистондаги Интерпол бўлимининг ўша пайтдаги директори Маҳмуд Ҳайитов ва воситачи рoлини бажарган Баҳром Мўминохунов ўртасидаги телефон суҳбат ҳам эфирга узатилган эди.

Суҳбат аввалида Мўминохунов бир миллион долларга келишилган қотилликнинг 350 минг долларини нақд тўлаш ҳақида сўрайди.

Ўзбекистон Интерполи директори Ҳайитов эса¸ аввалига қотиллик учун пул тўлаш муаммо бўлмаслигини айтган бўлса, суҳбат давомида Солиҳнинг ўлдирилгани ҳақидаги далилларни талаб қилади. Мана ўша суҳбатдан бир парча:

Мўминохунов: Улар пул бўйича хавотирланаяпти.

Ҳайитов: Так.

Мўминохунов: Улар 350 мингини нақд пулда талаб қилишаяпти.

Ҳайитов: Москвадами?

Мўминохунов: Ҳа Москвада. Қолган пулни банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиш керак.

Ҳайитов: Муаммо йўқ. Мен ҳозир соат 5 да шеф олдига бораман ва унга (жасаднинг - таҳр.) топилганини айтаман. Энг муҳими “ҳужжат” топилдику.(ҳужжат деганда майит назарда тутилмоқда - таҳр.) Мен ҳужжат деганимда, одамни назарда тутяпман… Ҳужжат ётмайдику, уни топиб эгасига берадиларку (иқтибос тугади).

Ўзбекистон Интерполининг суиқасдга алоқадорлиги шу каби ошкор бўлгандан сўнг, президент Каримов Интерпол директори Ҳайитовни дарҳол ишдан олди.

2001 йил ноябр ойида Прагага келган Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон Интерполи сўровига асосан бир муддатга ҳибсга олинди. Тошкентнинг бу уриниши ўзи учун катта шармандалик билан тугагани ва Чехия маҳкамаси Ўзбекистон прокуратураси қўлида Муҳаммад Солиҳнинг террорчилигини исботловчи далил-ҳужжат йўқ¸ деган хулоса билан мухолифат етакчисини озод қилган бўлса-да¸ Муҳаммад Солиҳ исми ҳамон Интерполнинг жиноятчилар рўйхатида қолмоқда.

Ўзбек мухолифати лидери Интерполнинг Каримов режимига хизмат қилувчи бундай тартибларига ҳамон эътироз билан қарайди.

- Эътирозимиз бор. Биз ўша пайтда “Саралаш керак. Одамлар¸ диктатуралар берган рўйхатни ҳеч таҳлил қилмасдан¸ тадқиқ қилмасдан¸ ўрганмасдан ҳаммасини осиб қўйиш бўлмайди” деб эътироз билдирдик. Бу нарсани мен кун тартибига яна келтириш керак¸ деб ўйлайман¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Европа Иттифоқи кўмагида Интерпол маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари учун ўз техник воситалардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ниятида экан, Ўзбекистондаги вазиятга чуқурроқ қараши керак, дейди Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Икром Ёқубов.

- Ҳозирги замонавий Интерполнинг ўзи ҳам қайсидир бир маънода Марказий Осиë давлатлари¸ хусусан Ўзбекистон билан қилаëтган алоқасини озгина ўйлаб кўриши керак ва ўзининг таркибидаги¸ системасининг ичидаги фаолиятини реформа қилиши керак¸ деб ўйлайман.

Бу бюро асосан асл жиноятчиларни қидириб топиш¸ уларни мамлакатга қайтариш¸ экстрадиция қилиш билан шуғулланмайди.

Ўзбекистондаги Интерпол бюроси очилган кунидан бошлаб Каримов ундан ўзининг шахсий душманларини топиш¸ уларни мамлакатга экстрадиция қилдириш йўлида фойдаланиб келди¸ дейди Икром Ëқубов.

Икки ҳафта аввал Санкт-Петербург шаҳрида террорчиликда гумон қилинган Ўринбой Эргашев ҳибсга олинди. Ўринбой Эргашев Интерпол томонидан қидирилаётган жиноятчилар рўйхатида йўқ эди. Аммо айнан шу идоранинг техник воситалари уни зудлик билан ҳибсга олиш имконини берди, дейди Россиядаги Интерпол бўлимининг расмий вакили Татьяна Трунова.

- Бу одам бутун дунё давлатлари бўйлаб Интерпол қидирувида бўлмаган. Унинг Россияда экани маълум бўлганлиги сабабли¸ уни ҳибсга олиш учун лозим ахборот Интерпол каналлари орқали Россияга юборилди¸ дейди Татьяна Трунова.

Ҳибсга олинган 52 ёшли Камаз ҳайдовчиси Ўринбой Эргашевни айбсизлик презумпциясига қарамасдан¸ Россия оммавий ахборот воситалари томонидан “хавфли террорчи” деб таърифланди.

Фотосуратидан кўринишича, соқоли қирилган ва кўзойнак таққан Ўринбой Эргашев¸ хабарларга кўра, гўё Ўзбекистонда “ваҳҳобийлик” оқимига раҳбарлик қилиб, Фарғона водийсида Ислом давлатини барпо этишни режалаштирган.

Россия хавфсизлик идораси мулозимига кўра, конституцион тузумга тажовуз қилиш ҳамда диний экстремистик гуруҳга аъзоликда айбланаётган Ўринбой Эргашев Ўзбекистонга экстрадиция қилинади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи маҳаллий ва халқаро ташкилотлар террорчиликда айбланиб, Ўзбекистон хавфсизлик хизматларига топширилаётган шахсларнинг қийноққа солиниши борасида огоҳлантириб келади.

Аммо Ўринбой Усмоновни қўлга туширишга ёрдам берган Россиянинг Интерпол департаменти қийноқ иддаоларни ўрганиб¸ унинг экстрадициясини ҳал этиш масаласи энди Бош прокуратурага ҳавола эканини айтаётир.

- Интерпол сиёсий баҳо беришга ҳақли эмас. Агар барча тадбирлар жиноят-процессуал меъёрларимизга мос келса¸ Интерпол ўз ишини қилаверади.

Экстрадиция масаласини эса Бош прокуратура ҳал қилади¸ дейди Россия Интерполининг расмий вакили Татьяна Трунова.

Интерпол расмийсига кўра, тузилма ҳар қандай давлат талаби билан жиноятчи сифатида тақдим этиладиган шахсларни кўр-кўрона ўз рўйхатига қўшмайди.

Бунга мисол тариқасида Эрон ҳукуматининг бундай талабномаларининг рад этилгани келтирилади.
XS
SM
MD
LG